Табиат мусаффо бўлсин!

12.10.2022 17:10:38

Халқ депутатлари Поп туман Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига доир қатор масалалар кўриб чиқилди. Сессия иштирокчилари «Адолат» СДП гуруҳи раҳбари Мафтунахон Маматованинг атроф муҳит мусаффолигини таъминлашга оид ахборотини ҳам тингладилар. Музокаралардан сўнг, мазкур масала бўйича қарор қабул қилиниб, корхона, ташкилот ва муассасалар, маҳалла фуқаролар йиғинлари учун қатор вазифалар белгилаб берилди. Уларнинг бажарилишини назорат қилиш юзасидан ишчи гуруҳ ҳам тузилди. Унинг аъзолари ҳар ярим йилда маълумот тайёрлаб, сессия муҳокамасига тақдим этиб борадилар. Ҳеч шубҳа йўқки, бу йўналишдаги ишлар атроф муҳит мусаффолигини, табиатнинг покизалигини таъминлашга, маҳаллаларни ободонлаштириш кўламини кенгайтиришга салмоқли ҳисса бўлиб қўшилади.

Поп – Наманган вилоятининг ҳудуд жиҳатидан энг катта тумани ҳисобланади. Шунинг учунми, табиати ҳам ранг-баранг, чўлдан тортиб тоғларгача, дарё, канал ва сойларни, қир-адирларни, боғу ўрмонларни учратиш мумкин. Албатта, уларни асраб-авайлаш, атроф муҳитнинг тозалигини таъминлаш, ободончилик тадбирларини кенг йўлга қўйиш бугунги кунда муҳим аҳамиятга эга.

– Кейинги вақтда бу борада анча-мунча иш қилинган, бироқ камчиликлар ҳам оз эмас, - дейди халқ депутатлари туман Кенгашидаги «Адолат» СДП гуруҳи раҳбари Мафтунахон Маматова. – Партиямизнинг «Тоза табиат- соф келажак учун» лойиҳасини амалга ошириш жараёнида бунга яна бир бор ишонч ҳосил қилдик. Депутатлик гуруҳимиз аъзоларига фаолларимиз катта кўмак бердилар. Жойларда доимий мониторинг олиб боришни йўлга қўйдик. Якунларни ҳар ҳафта муҳокама қилиб турлик. Ҳар бир ой охирида эса маълумотлар умумлаштирилди.

Дастлаб натижалар депутатлик гуруҳи йиғилишида муҳокама қилинадиган бўлди. Унга масалага дахлдор туман ташкилотларининг раҳбарлари ҳам таклиф этилдилар. Қизғин тус олган мулоқотда камчиликлар рўй-рост айтилди. Масалан, марказий йўллар ободончилигига эътибор қаратилгани ҳолда ички кўчаларнинг ҳолати талабга жавоб бермаслиги танқид қилинди. Бунга МФЙ раҳбарлари ва фаолларининг сусткашлиги сабаб бўлаётгани эътироф этилди.

Туман табиатни муҳофаза қилиш инспекциясига ҳам ҳақли эътирозлар билдирилди. Чунки бу ташкилот мутахассислари чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши, тўпланиши, сақланиши, ташилишини мунтазам таҳлил этмайдилар. Уларнинг қайта ишланиши, кўмилиши ва йўқ қилиниши устидан назорат ўрнатилмаган. Оқибатда юқорида айтилганидай, ахлат уюмларининг жойларда тез-тез тўпланиб қолишига йўл қўйилмоқда.

– Мен ҳам ўша йиғилишда қатнашдим, - дейди «Адолат» СДП Поп туман Кенгаши раиси Зафаржон Ҳасанов. – Мунозарада қатнашган ҳар бир киши ўз фикрини айтди. Бу эса масалани сессия кун тартибига киритишга тайёрлашда катта ёрдам берди. Қарор лойиҳасини ишлаб чиққанда ҳам мазкур муҳокама натижалари жуда асқатди.

Шундай қилиб, партиядошларимиз туман ҳаётидаги долзарб муаммолардан бири ҳал этилишида фаол қатнашдилар. Энди белгиланган вазифаларнинг ижроси қатъий назорат остига олиниши зарур.

Нурбек Абдуллаев,

«Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгаши

матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+