Тадбиркор аёллар кўпаяди Фойдали    мулоқот

18.04.2022 15:04:43

Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш, қишлоқ жойларида яшаётган аёлларнинг  ишсизлигини бартараф этиш,  меҳнатга қобилиятли опа-сингилларимизнинг  ижтимоий фойдали меҳнат билан тўлиқ бандлигини таъминлаш,  ҳудудларда ишлаб чиқариш, ижтимоий ва коммунал инфратузилмаларни ривожлантириш,  камбағалликни енгиш бўйича амалий ишлар қилиняптими? Бу борада масъулларнинг ўрни қандай?

“Адолат” СДП Миришкор туман Кенгаши томонидан “ПомуқМФЙ тадбиргоҳида  бўлиб ўтган “Аёлларни тадбиркорликка жалб этишнинг иқтисодий ҳуқуқий асослари” мавзусидаги тадбирда ҳам шулар хусусида сўз юритилди. юзма-юз мулоқот тарзида ўтказилган учрашувда маҳаллий Кенгаш депутатлари,  партия фаоллари, туманда фаолият олиб бораётган  мутасадди идоралар раҳбарлари ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

-Помуқ қишлоғида истиқомат қилаётган хотин-қизларни юз фоиз ишга жойлаштириш учун энг аввало,  замонавий инфратузилмани, яъни савдо, умумий овқатланиш ва маиший хизмат тармоқларини  ривожлантириш, жорий йилда яна 20 та кичик корхона, 25 та хусусий фирма ва корхоналар ташкил этиш керак,-деди халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши депутати Қўйли Нарзуллаев.-Хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиб, уларга кредитлар олишда кўмаклашиш ҳам муҳим.

 -Айни пайтда “ПомуқМФЙ га қарашли қишлоқларда 1000 нафардан ортиқ  аёллар истиқомат қилади,- деди партия фаоли Тўлқин Хидиров.- Маҳалладаги тадбиркорлик ўчоқларида эса 203 нафар аёллар меҳнат қилаётир. Келгусида жун ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлайдиган кичик корхоналар, цехлар, технологик линиялар очиш, ушбу мақсадлар учун тадбиркор хотин-қизларга имтиёзли кредитлар ажратиш, транспорт  тармоқлари, халқ ҳунармандчилигини рағбатлантириш, ишбилармон аёлларнинг бу йўналишдаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича дастурлар ишлаб чиқамиз.

Шунингдек, тадбирда ҳуқуқшунос, партия фаоли Абдураҳмат Кенгбоев,  вилоят оила ва хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси Гулшан Каримова, партия фаоли Азима Зайнуддиновалар ҳам сўзга чиқиб, уйда ўтириб қолган аёлларни тадбиркорликка жалб этишнинг иқтисодий-ҳуқуқий йўналишлари хусусида ўз таклиф ва маслаҳатларини бердилар.

Дарвоқе, “ПомуқМФЙда вилоят, республика маҳаллаларига ибрат қилиб кўрсатса арзийдиган ишлари ҳам кўп. Маҳалла фуқаролар йиғини қошида ташкил этилган “Беминнат хизмат” , “Хонадон” клуби ўз атрофига  турли йўналишда хизмат қилувчи фуқаролар, шунингдек, санъаткор, сураткаш, видеотасвирчи кабиларни бирлаштирган. Улар маҳалла аҳлининг тўй-маъракаларида хизмат кўрсатишади. “Хотин-қизларни ижтимоий ҳимоялаш гуруҳи” эса боқувчисини йўқотган, кам таъминланган, кўп болали, ногирон  аёлларга  моддий ва маънавий  кўмак беришга ўз фаолиятини йўналтирган. Бу борада  турли жамғармалар билан яхши алоқалар йўлга қўйилган.

                                                          Мавжуда Жумаева,

                            Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши депутати.

                           Уюштирди: Комил Сахатов.

    

    

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+