Тадбиркорлар давлатимиз раҳбари ҳимоясида

20.04.2022 15:04:04

Бугунги кунда мамлакатимизда фуқароларни иш билан таъминлаш, халқимиз турмуш фаровонлигини янада ошириш, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ҳамда хусусий ва оилавий бизнесни ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.  Бу орқали республикамизнинг энг чекка жойларида ҳам ишлаб чиқаришнинг   барқарор ўсишини таъминлаш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлашда уларнинг кредит маблағлари олишларини енгиллаштириш ва улар томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар сони ва сифатини ошириш, хусусий сектор томонидан кўрсатиладиган хизматлар кўламини кенгайтириш, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар борасида имтиёзлар бериш, давлат органларининг тадбиркорлар фаолиятига аралашувларига чек қўйиш борасида сезиларли даражада ижобий ўзгаришларга эришилди. 

Бу албатта Ўзбекистонда қулай ишлаб чиқариш муҳити яратилгани, хусусий ва оилавий тадбиркорликнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланаётгани ҳамда бу борада кўплаб имтиёзлар берилаётгани самарасидир.

Албатта, ишбилармонликнинг дастлабки босқичлари чекка ҳудудлардаги ташкил этилаётган маиший хизмат кўрсатиш пунктлари, қайта ишлашни йўлга қўйиш ва кичик устахона каби йўналишларида аҳолининг фаоллигидан бошланади. Аксарият ҳолларда жойларда тадбиркорлик билан шуғулланишни орзу қилаётган ёшларимиз учун уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган дастлабки туртки, руҳан мадад бериш муҳим омил саналади ва мана шу озгина қўллаб-қувватлаш маҳаллаларда тадбиркорликнинг гуркираб ривожланишида кескин бурилиш ясашга қодирдир. 

Куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан “Ҳудудларда тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш механизмларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарор имзоланди. Мазкур Қарорда тадбиркорларга берилаётган имкониятларни кенгайтириш, бизнес муҳитини турли босимлардан холи қилиш, тадбиркорлик фаолиятининг ҳимоясини янада мукаммаллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Дарҳақиқат, ўз бизнесини ташкил этмоқчи бўлганларни  қўллаб-қувватлаб, келгусида уларнинг  ривожланишига шарт-шароитларни яратиш, янги тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш, тадбиркорларнинг муаммоларини ечиш ва таклифларини амалга ошириш бўйича тизимли ишларни йўлга қўйиш бугун ҳар доимгиданда муҳимдир.

Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбари томонидан тадбиркорлик субъектларига қаратилаётган юксак эътибор иқтисодиётни янада либераллаштириш, тадбиркорларнинг жамият тараққиётидаги ўрнини  янада мустаҳкамлаш, ишбилармонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳамда самарали фаолиятини таъминлаш ва пировардида аҳоли фаровонлигининг таъминланишига хизмат қилади.

Дилдора ЖЎРАЕВА,

“Адолат” СДП Жиззах шаҳар Кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+