Такомиллашиш йўли давом этади

05.07.2024 16:07:23

Ҳар бир раҳбар ўзи бошқараётган ташкилотнинг барча бўғинлари фаолиятидан хабардор бўлиши ҳудудларда иш самарадорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова партия фаолиятини янада такомиллаштириш, ҳудудларда иш жараёнининг қай тартибда амалга ошаётганини яқиндан ўрганиш мақсадида Сирдарё вилоятида бўлди.

Даставвал партия етакчиси «Адолат» СДП Сирдарё вилоят кенгашида бўлиб, у ердаги шарт-шароитлар билан яқиндан танишди ва вилоят кенгаши ходимлари, туман-шаҳар кенгашлари раислари, халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши депутатлари ва туман-шаҳар кенгаши депутатлик гуруҳи раҳбарлари билан «2024 йилда «Адолат» социал-демократик партияси олдида турган устувор вазифалар» муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда Робахон Махмудова ҳудудда партия дастурий вазифаларининг бажарилиши, лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш борасида қилинаётган ишлар ҳолатини таҳлил қилди. Шунингдек, партия аъзолари сафини кенгайтириш, БПТлар фаолиятини кучайтириш, кадрлар захирасини мус­таҳкамлаш, аъзолик бадаллари тушумини тизимли йўлга қўйиш, сирдарёлик партиядошларимизнинг сиёсий билими ҳамда фаоллигини ошириш каби устувор масалаларга алоҳида тўхталди.

Куннинг иккинчи ярмида Сиёсий Кенгаш раиси Гулистон шаҳридаги «Баркамол авлод» болалар марказида ўқиётган иқтидорли, истеъдодли ёшлар билан учрашди. Марказ кутубхонасида китобхон ёшлар билан давра суҳбатида Робахон Махмудова бугунги кунда юртимизда китобхонликнинг давлат сиёсати даражасига кўтарилгани, ёшларда китобхонлик маданиятини юксалтириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар мамлакатда етук, зукко китобхонларни кашф этишда катта самара бераётганини таъкидлади.

Китобхон ёшларнинг айни дамда қайси асарларни мутолаа қилаётганини сўраб, энг яхши китоблардан айримларини ўқиш учун тавсия қилди. Давра суҳбати якунида адабий-бадиий китоблар жамланмаси ҳамда Бош қомусимизнинг партия томонидан яратилган аудиокитобини кутубхона фондига топширди.

Партия етакчиси Сирдарёдаги хизмат сафарининг учинчи манзили – Гулистон шаҳридаги «Doktor Abdumalik» хусусий клиникаси бўлди. Робахон Махмудова клиникада беморларга яратилган шароитлар билан танишиб, беморлар билан суҳбатлашди. Мулоқотларда тиббиёт тизимининг янги босқичда ривожланаётгани, соҳада давлат сектори қаторида хусусий сектор фаолиятининг қўллаб-қувватланаётгани аҳоли саломатлигини асраш, тиббий хизмат кўрсатишнинг сифат кўрсаткичи ошиб боришига хизмат қилаётгани қайд этилди.

Шундан сўнг Робахон Махмудова иштирокида тиббиёт ходимлари билан учрашув бўлиб ўтди. Сиёсий Кенгаш раиси партиямиз электоратининг катта қисмини ташкил этадиган тиббиёт вакилларини ижтимоий муҳофаза қилиш, соҳани халққа янада яқинлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар салмоғи юқорилигини алоҳида эътироф этди. Учрашув сўнггида клиника ходимларидан бир гуруҳи партия сафига қабул қилиниб, янги БПТ ташкил этилди.

Робахон Махмудова Сирдарё вилоятига хизмат сафари давомида Гулис­тон шаҳридаги 4-оилавий поликлиникада ҳам бўлиб, тиббиёт ходимлари билан суҳбатлашди.

Поликлиника фаолияти билан танишиб, тиббиёт масканида яратилган шарт-шароитлар, амалга оширилаётган ишлар ҳамда «Ақлли тиббиёт» тизими фаолияти билан қизиқди. Сиё­сий Кенгаш раиси оилавий поликлиникада кафолатланган пакет доирасида бепул тиббий ёрдам олиш, бепул бериладиган дорилар рўйхатини ўрганди.

Маълумотга кўра, мазкур оилавий поликлиника 4 та МФЙдаги жами 13 682 нафар фуқарога хизмат кўрсатади. Поликлиникада электрон рўйхат ва электрон поликлиника тизими жорий қилинган.

 

Шунингдек, партия етакчиси «ZINNUR» Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси фаолияти билан ҳам танишди. Корхонада мебель жиҳозлари, махсус бўёқлар, пойабзал турлари ишлаб чиқарилади. Қайд этиш ўринлики, корхона қошида «Меҳр водийси» деб номланган унитар корхона фаолият юритмоқда. Бу корхонада 43 нафар ногиронлиги бўлган фуқаролар меҳнат қил­япти. «ZINNUR» фаолияти билан танишиш мобайнида Сиё­сий Кенгаш раиси ходимлар билан ҳам мулоқот қилиб, улар орасидан партия сафига кирмоқчи бўлган фуқаролардан бир гуруҳига аъзолик гувоҳномаларини топширди. «ZINNUR» Ўзбекис­тон-Хитой қўшма корхонасида партиянинг янги БПТси ташкил этилди.

Робахон Махмудова Тошкент кимё- технология институти Янгиер филиалида ҳам бўлиб, филиал директори билан суҳбатлашди. Филиалда ёшларга яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, институт қошидаги Ёшлар технопаркида ёш олимлар билан мулоқот қилди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, мазкур технопарк институт филиалида таҳсил олаётган 1 400 нафарга яқин талабаларга реал ишлаб чиқариш шароитида амалий тажрибага эга бўлиш имконини бермоқда. Назариядаги янгиликлар амалиётга жорий қилинмоқда. Таълим йўналишлари бўйича 20 дан ортиқ ихтисос фанларидан машғулот дарслари ҳам айнан шу ерда ўтказилмоқда. Натижада профессор-ўқитувчиларнинг ўқув юк­ламаси 10-15 фоизга қисқариб, шу ҳисобдан ўқитувчи талаба билан амалиёт жараёнида ишлашига замин яратилмоқда. Бош­қача айтганда, назарий билимлар ишлаб чиқаришда қўлланилмоқда. Зеро, бугунги ҳаёт талаби ҳам шуни тақозо этмоқда.

Шунингдек, технопарк негизида 15 та магистрлик диссертацияси, 8 та PhD ва 1 та DcS илмий тадқиқоти бўйича изланишлар олиб бориляпти. Партия етакчиси Ёшлар технопаркида Хитойнинг «TIANJIN XIANJIN Power suplly Technology« компанияси билан ҳамкорликда 5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестицияси ҳисобига литий ионли батарея ишлаб чиқарувчи фаб­рика фаолиятини кузатиб, корхонада ишлаётган бир гуруҳ талабалар билан гаплашди.

Сиёсий Кенгаш раисининг Сирдарёга хизмат сафарида сўнг­ги манзил – Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Сирдарё вилояти Ховос тумани бўлими бўлди. Партия етакчиси марказдаги БПТ фаолиятини таҳлил қилди ва шарт-шароитларни кўздан кечирди. Марказ ходимлари билан суҳбатлашиб, партия сафига қўшилишга хайрихоҳлик билдирган соҳа вакилларидан бир гуруҳига аъзолик гувоҳномаларини топширди.

"Адолат" СДП
Сирдарё вилоят кенгаши
матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+