Таълим кредитини олиш энди муаммо эмас

05.07.2021 14:07:39

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумида сўзлаган нутқида шу ҳақда маълум қилди. Бу янгиликни эса форумда офлайн ва онлайн иштирок этаётган барча ўзбекитонлик ёшлар катта бир қувонч сифатида қарши олди. Чунки ўз билими билан олий таълим даргоҳига контракт тўлови асосида  ўқишга қабул қилинган талабаларни бир неча йиллардан буён банклардаги фоиз ставкалари ўйлантириб келар эди.

Айниқса энг узоғи билан уч йилга бериладиган кредит маблағига 28 фоиз ставка қилиб белгилангани талабага ҳам ўқиш ҳам ишлаш тақдирини тақозо қиларди. Президент нутқида айнан шу жиҳатлар ҳам тилга олинди ва эндиликда таълим кредитлари 14 фоиз ставкада камида етти йилга берилиши маълум қилинди. Бу контракт тўлови асосида таълим оладиган талаба бор эътиборини пул топиб кредитини қайтаришга эмас, балки билим олишга қаратади дегани. Мамалакатимиз ёшлари учун кутилмаган имконият ва имтиёз сифатида тилга олинган ушбу янгилик талаба бўлмоқчи бўлган ёки талаба сифатида тахсилни давом эттираётган ёшларга умид ҳам берди, дейиш мумкин.

Чунки дунё амалиётида талабага бундай молиявий кўмак ва имтиёзни бера олган давлатни учратиш қийин. Мен ҳам ушбу форумни Сирдарё вилоятидаги студиядан кузата туриб, шу юртнинг фарзанди эканлигимдан фахрланиб кетдим. Зеро Президентимиз “Билимли ёшлар - келажак пойдевори. Бугунги ҳаракатларингиз билан ўз келажагингизга асос соляпсизлар. Мен сизлар билан ғурурланаман”, - дея биз ёшларга ана шундай ишонч билдирди.

 

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА, 

   Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сирдарё вилоят  Кенгаши

                                                                         матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+