Таълим муассасаларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик қандай?

14.11.2022 15:11:57

Кунлар совий бошлаши билан иситиш тизимига катта эҳтиёж туғилади. Электр энергияси ва табиий газга бўлган талаб ҳар доимгидан-да ошади. Баъзида носоз ва қўлбола иситиш мосламаларидан фойдаланиш, хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик ёки эҳтиётсизлик ортидан ёнғин билан боғлиқ турли кўнгилсизликлар келиб чиқиши мумкин. Шу билан бир қаторда жойларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларида эътиборсизликка йўл қўйилганда ҳам шундай ҳолатлар рўй беради.

Хўш, жорий мавсумни беталафот ўтказиш бўйича таълим тизимида қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда? Ушбу саволларга жавоб олиш мақсадида Ўзбекистон «Адолат» СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши вакилларидан таркиб топган ишчи гуруҳлари вилоят мактабларидаги вазиятни ўрганиб чиқишмоқда.

Хусусан, партиянинг Сурхондарё вилоят Кенгаши ходимлари ва Халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутатлари бошчилигидаги ишчи гуруҳ шаҳардаги умумтаълим мактабларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги юзасидан қилинган ишларни ўрганди.

Ўрганишларга кўра, Термиз шаҳар халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги таълим муассасаларини 2022-2023 йил куз-қиш даврида ишлашга тайёрлаш бўйича ишлаб чиқилган тадбирлар режасига мувофиқ, маҳаллий бюджет ҳисобидан маблағ йўналтирилган.
Вилоятда куз-қиш мавсумига тайёргарлик тадбирлари режасини ишлаб чиқиш олдидан халқ таълими тизимидаги 26 та мактаб, жумладан, 2 та махсус мактаб ва 2 та мактаб-интернати, 1 та Меҳрибонлик уйи, 1 та «Баркамол авлод» болалар маркази ҳолати тўлиқ ўрганиб чиқилди. Шунга мувофиқ, бажариладиган ишлар аниқ ҳисоб-китоб қилинганлиги аниқланди.
Ўрганишларга кўра шаҳар ҳокимлиги томонидан тасдиқланган тадбирлар режаси асосида 26 та мактабда жорий таъмирлаш ишлари бажарилган. Муассасалардаги иситиш тизимлари билан боғлиқ камчиликлар бирмунча бартараф этилиб, биноларнинг томи таъмирланиб, цинган ойналар янгиланганлиги маълум бўлди.

Камчиликлар бартараф этилаётган бўлсада, аммо куз-қиш мавсумига ўтиш жараёнида камчиликларга йўл қўяётган умумтаълим мактаблари борлиги маълум бўлди. Хусусан, шаҳардаги 1-сонли умумтаълим мактабидаги ўрганишларда мактабда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ниҳоясига етмаганлиги аниқланди. Синфхоналар мавсумга тайёрланмаган. Иситиш қозонхонасининг таъмирланиш даражаси ҳам қониқарли эмас. Темир қувурлар ҳимоя воситаси билан қопланмаган. Баъзи синфхоналарнинг дераза ойналари синган, эшиклар зич ёпилмайди. Дудбуронлар ўт ўчирувчилар томонидан текширилмаганлиги аниқланди. Шунингдек, 11,-4-умумтаълим мактабларидаги текширувларда газ босими пастлиги, шаҳар ўт ўчирувчилари томонидан дудбуронлар бўйича хулоса берилмаганлиги маълум бўлди. Яна шунингдек, 9-умумтаълим мактабида ҳаво ҳарорати пасайган бўлсада ҳали қозонхоналар ёқилмаганлиги, мактаб маъмурияти 15 ноябрни кутиб турганлигини маълум қилди. Шаҳардаги 13-сонли умумтаълим мактабида эса дераза ромлари яхши ёпилмаслиги, 18-сонли умумтаълим мактабида эса дераза ойналари таъмир талаблиги, ойналар тахта ромдан бўлиб жуда эски эканлиги аниқланди.

Назокат Хидирова, Халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутати:

- Шаҳардаги мутасадди идоралар мутахассислари, депутатлар, жамоатчилик вакилларидан иборат махсус ишчи гуруҳ халқ таълими муассасаларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш юзасидан белгиланган чора-тадбирлар ўз вақтида амалга оширилишини мониторинг қилиб бормоқда. Мониторинг натижалари ишчи гуруҳнинг маҳаллий ҳокимлик ва тегишли раҳбарлар иштирокидаги йиғилишида муҳокама қилиниб, йўл қўйилаётган камчиликлар юзасидан бартараф этиш чоралари кўрилади.

Ўрганиш натижасида аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича депутатлар томонидан таълим мутасаддиларига тушунча ва тавсиялар берилди.

Фахриддин Орифхонов,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сурхондарё вилоят Кенгаши мафкуравий ишлар бўйича раис ўринбосари

 

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+