Таълим–тарбияга бирдек масъулмиз

20.09.2021 17:09:22

Юртимизда дунёни янгича идрок этадиган, миллат ғурури ва ҳақ-ҳуқуқи учун курашадиган, ўз тақдирини халқи, Ватани тақдири билан бир деб билиб фаолият кўрсатаётган янги авлод шаклланмоқда. Жаҳонда бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳар биримиздан янгича фикрлашни талаб қилмоқдаки, бу фалсафий тафаккурнинг узлуксиз янгиланиб бориши негизида амалга ошадиган жараёндир.

Янгича фикрлаш дунё манзарасини онгу тафаккуримизда қайтадан кашф қилиш эмас, аксинча, билим ва тафаккур кучи билан ўз дунёқарашимизда уни илмий-ижодий акс эттириш демакдир. Тафаккур – инсон ақл-заковати, унинг воқеа-ҳодисалар ичида адашиб кетмаслиги учун йўл кўрсатувчи машъала. Шунинг учун ҳам юртимиздаги ҳар бир инсоннинг, айниқса ёшлар онгу тафаккурини шакллантиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Тафаккурни шакллантириш орқали эса инсон ўзини англайди.

Бу жараёнда мустақиллик тафаккурини шакллантириш, дунёга янгича ёндашув, теран ақл ва тафаккур кучи билан воқеа ва ҳодисаларни баҳолай оладиган, масъулият ҳиссини чуқур англаб, лоқайдлик ва бефарқликка қарши тура оладиган ёш авлод тарбияси масаласи ушбу муаммони ҳал этишнинг муҳим омилидир. Шубҳасиз, бугунги кунда ушбу йўналишда олиб борилаётган маънавий-мафкуравий, ахлоқий-тарбиявий ишларимиз ўз самарасини бермоқда. Айниқса, бугунги кунда кенг жамоатчилик орасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев илк бор “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррирининг саволларига жавобларини аниқ-равшан баён қилиш орқали ғоявий эътиқодни ва мафкуравий собитликни шакллантириш муҳим вазифа ўтаётганини кўришимиз мумкин. Давлатимиз раҳбари интервьюда таъкидлаганидек, барча ислоҳотлар халқимиз фаровонлиги ва уларга муносиб турмуш шароитини яратиш учун хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Айтиш мумкинки, мазкур суҳбатда “Янги Ўзбекистонни барпо этиш – бу шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир”, деб таъкидлаши бугунги ва яқин келажакдаги маънавий-маърифий соҳадаги ислоҳотларимиз йўналишларини белгилаб бермоқда.

Шу ўринда айтиш керакки, ёшларимизнинг маънавий – ахлоқий турмуш тарзининг камолот даражаси бевосита аждодлар маданий меросини чуқур ўрганиш, фалсафий мушоҳада қилиш ва ундан ижодий фойдалана олиш қобилияти билан аниқланади. Суҳбат мобайнида билдирилган “...ўтган асрнинг бошларида юртпарвар, миллатпарвар боболаримиз “жадидчилик”, яъни, янгиланиш ва эркинлик, адолат ва тенглик, илм-маърифат ва миллий ўзликни англаш ғояларини байроқ қилиб, кураш майдонига мардона чиққанларини барчамиз яхши биламиз. Бу улуғ зотларнинг мақсади – жаҳолат ва қолоқлик гирдобида қолиб келаётган Туркистон халқини дунёвий илм-фан, илғор касб-ҳунарлар билан қуроллантириб, умумбашарий ривожланиш йўлига олиб чиқишдан иборат эди”, деган фикрлари мустақиллик йўлида эзгу мақсадларимиз ифодаси ҳамда таянчи бўлган ёш авлод тарбиясида ибрат мактаби бўлади.

Қайсики, Янги Ўзбекистонни барпо этиш – яқин ва олис тарихимиз, бетакрор ва ноёб маданий бойликларимизни янада чуқур ўрганиб, уларга таяниб, миллий тараққиёт йўлимизни янги босқичда давом эттириш кераклиги Президентимиз томонидан устувор вазифа этиб белгиланмоқда. Суҳбатда таъкидлаганидек, “...ҳар қайси халқ ҳаётидаги маънавий уйғониш жараёнлари миллий ўзликни англашга олиб келади ҳамда мамлакатнинг иқтисодий, маданий тараққиётини янги босқичга кўтаради...”.

Дунёнинг чегараси бўлмагани сингари, инсон билими ва имкониятларига хам чегара қўйиб бўлмайди. Шу маънода суҳбатда таъкидланганидек, “... фарзандлари доимо изланиш ва интилишда бўлган, юксак марраларни кўзлаб, олдинга қараб интиладиган халқ ва давлат ўз олдига қўйган мақсадларга албатта етади. Чунки бундай ҳаракатлар эртага қудратли тўлқинга айланиб, ҳаётимизни бугун кечагидан, эртага бугунгидан яхши ва обод қилиш, онгу тафаккуримизни юксалтиришга олиб келади”. Бугун замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган баркамол, мақсадга интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялаш ниҳоятда долзарб масалалардан биридир.  

Дарҳақиқат, юртимизда дунёни янгича идрок этадиган, миллат ғурури ва ҳақ-ҳуқуқи учун курашадиган, ўз тақдирини халқи, Ватани тақдири билан бир деб билиб фаолият кўрсатаётган янги авлод шаклланмоқда. Улар ҳам аждодлар маънавий меросини ҳам умумбашарий қадриятларни баробар ўзлаштирмоқда. Маънавият инсоннинг маълум даражадаги жисмоний, ақлий, ахлоқий ва руҳий балоғати ва дунёқарашини ифодаловчи тушунчадир. Шу нуқтаи назардан, ёшларни ватанпарварлик, миллий ифтихор руҳида тарбиялаш, юртимизда миллий маданиятни янада ривожлантириш йўлида барча бирдек масъул бўлиши лозим.

Салоҳиятли мутахассис кадрлар Ўзбекистоннинг эртанги кунини, миллат келажагини белгилайди. Шу боис, замон талабларига жавоб берадиган юксак маданиятли, билимдон ёшларни тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланиши, ўз навбатида “Учинчи Ренессанс” пойдеворини қуриш йўлида бел боғлаган Янги Ўзбекистон учун бу жуда муҳимдир.

Бу жараён узлуксиз миллий таълим-тарбия тизимининг барча босқичларини уйғун ва мутаносиб ривожлантиришга алоҳида эътибор беришни тақоза этмоқда. “...Ҳозирги вақтда юртимизда “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” деган ғоя асосида мактаб таълими тизимида ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Тошкент шаҳрида ва ҳудудларимизда Президент мактаблари, ижод ва ихтисослашган мактаблар сони кўпайиб бормоқда” деган фикрлари ёшларга ҳар томонлама кенг йўл очиб бериш, эҳтиёж ва манфаатларини таъминлаш, қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқариш, ҳаётда ўз ўрнини топишига ёрдам бериш Президентимиз диққат марказида эканлиги эътиборимизни тортмоқда. Бу йўлда катта ҳаётга улкан орзулар билан кириб келаётган ёшларга тобора кўпроқ имкониятлар яратиш, уларнинг олий таълимга қамровини кенгайтириш, ўқиши, маънавиятини тўғри шаклланиши, тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш учун зарур бўлган ишлар амалга ошириляпти.

Жумладан, юртимизда ёшларга берилаётган имкониятларни Самарқанд давлат чет тиллар институти миқёсидаги оддий бир мисол билан ифодаласак. Ҳозирда Самарқанд вилояти халқ таълими тизимидаги 49 та таянч ва 9 та тажриба-синов мактабларида табиий фанларни чет тилида ўқитиш, узлуксиз таълим тизимининг кейинги узвий босқичи бўлган касб-ҳунар коллежларида чет тили таълимини янги сифат босқичига кўтариш борасида институтимиз томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Оқдарё Педагогика коллежида ва Нарпай туманидаги 32-ўрта мактабда ҳамда қатор бошқа таълим марказларида институтимиз ташаббуси билан ташкил этилган семинар ва конференцияларда ўрта мактаб ва касб-ҳунар коллежлари ўқитувчиларига чет тилларини ўқитишда амалий-услубий кўмак бериш, ўқитиш услублари ва мазмунига замонавий педагогик технологияларни жадал ва самарали татбиқ этиш, янги, халқаро стандартларга мос ўқув адабиётларини яратиш ва амалиётда қўллаш, ўрта махсус таълим тизими субъектлари учун нофилологик фанларни чет тилларда олиб борадиган етук мутахассисларни тайёрлаш каби долзарб масалалар муҳокама этилиб, тавсиялар ишлаб чиқилди. Бу борада институтда ташкил этилган Тил ўргатиш маркази, ёш мутахассисларга методик ёрдам кўрсатувчи Касбий маҳорат мактаби, Компетенция мактаби, Ота-оналар учун чет тили курслари каби илмий-ўқув марказларнинг тажрибаси, айниқса, коллеж ва ўрта мактаб ўқитувчилари учун том маънода тажриба мактаби бўлиб хизмат қилади. Албатта, таълим муассасаларида дарсларни самарали ташкил этишда етук кадрлар билан бир қаторда таълимга доир меъёрий ҳужжатлар, ўқув-методик таъминотнинг ўрни ҳам бениҳоят аҳамиятлидир. Ўқитишнинг замонавий методологиясини яратиш ва амалиётга жорий этиш, ўқувчиларнинг онгли равишда касб-ҳунар танлаш иштиёқини кучайтириш, дарсликларни яратишга бутунлай янгича ёндашиш каби долзарб вазифалар айнан шу мақсаддан келиб чиқилган ҳолда қўйилмоқда. Ҳақиқатан ҳам глобаллашув жараёнининг жадаллашуви ўқув дастурларимизни тубдан қайта кўриб чиқишни, кенг билимга эга бўлган, мантиқий фикрлай оладиган ёшларни вояга етказишга хизмат қиладиган, такомиллашган меъёрий ҳужжатлар, янги педагогик технологияларни яратишни тақозо этмоқда.

Халқ ишончи ва эътиқодини мустаҳкамламоқ йўлида янгиланиш, тафаккур эркинлиги ва фикр мустақиллигига алоҳида эътиборни қаратишимиз зарур. Чунки танлаган йўлимизнинг хақлигига ишонч ҳосил қилиб, одамларимиз онгу шуурига ана шу қатъият ва ишончни олиб кира олмас эканмиз, бошқа соҳаларда олиб бораётган ишларимиз, эришаётган муваффақиятларимиз ўзининг мустаҳкам заминига эга бўла олмайди. Бу йўлда “...биз жонажон Ватанимизга бўлган чексиз меҳримиз ва садоқатимизни муқаддас байроқ қилиб, бор билим ва тажрибамиз, ақл-заковатимизни ишга солиб, ягона халқ, ягона миллат бўлиб, кўзлаган эзгу мақсадларимизга албатта етамиз”. Биз жаҳон тараққиёти билан бирга одим ташлашни мақсад қилган эканмиз, мамлакат олдида турган амалий вазифаларни ҳал этишда кўп миллатли жамиятимизнинг хусусиятларини эътиборга олишимиз зарур. Бошқача қилиб айтганда, олға ҳаракатнинг белгиловчи омили бўлмиш миллатлараро иноқлик тажрибасини доимо назарда тутиб, шунга амал қилмоқ лозим бўлади.

Шу ўринда таъкидлашимиз керакки, Президентимизни “Неча-неча аждодларимиз орзу-ният қилиб ўтган мана шундай буюк ишларни амалга ошириш бугун бизга насиб этган экан, бу ўзлигини англаган ҳар бир ватандошимиз учун чинакам бахт ва шараф эмасми?”, деган фикрлари бугунги кунда ислоҳотлар шиддат билан кетаётган юртда ишлаш ва яшаш янада ёқимли ва тотли эканлигини ҳис этасан киши. Қайсики, халқ манфаатлари устувор бўлган мамлакатда амалга оширилаётган янгиликлар, ўзгаришлар киши қалбига катта куч, ғурур ва ифтихор бағишлайди. Инсонни маънавий юксалишига, ҳар ўтаётган дақиқаларимиздан ҳикмат қидиришга даъват этади.

Хулоса қиладиган бўлсак, Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон демократик ўзгаришлар, кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланмоқда” мавзуидаги жавоблари барча юртдошларимизни ўз Ватани учун нима қилиши кераклигини англашига, Янги Ўзбекистонни ҳар томонлама обод ва фаровон мамлакатга айланишига ўз ҳиссаларини қўшишига хизмат қилади.

Илхом ТЎХТАСИНОВ,

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати,

Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори, профессор

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+