Таълим тизими ривожи учун жамиятнинг ҳар бир аъзоси масъул

25.04.2022 09:04:20

Ўзбекистон "Адолат" СДП Жарқўрғон туман Кенгаши ташаббуси билан тумандаги «Меҳнатобод» маҳалласидаги 23-сонли умумий ўрта таълим мактабида «Ўзбекистон Республикасининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси Давлат Дастури» муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда партиянинг туман Кенгаши ва «Аёллар қаноти» Кенгаши фаоллари, туман Кенгаши депутатлари, БПТ аъзолари ва мактаб жамоаси ҳамда маҳалла фуқаролари иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққанлар «Ўзбекистон Республикасининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси Давлат Дастури» ва Давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳамда «Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори каби норматив меъёрлар юртимизда таълим-тарбия ва илм-фан тараққиётига бирламчи эътибор қаратилаётганининг ёрқин намунаси бўлганлиги хусусида тадбир иштирокчиларига тушунтириб ўтишди.

Айтиш керакки, мазкур норматив ҳужжатлар билан Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланди. Унда таълим тизими ривожи учун жамиятнинг ҳар бир аъзоси масъул эканлиги алоҳида белгиланди. Бундан буён ўқитувчи мақомини ошириш, унинг аввалги обрў-эътиборини тиклаш, таълим муассасаларидаги шарт-шароитларни яхшилаш ҳокимликлар зиммасидаги асосий вазифа сифатида белгилаб қўйилган бўлса, Халқ таълими вазирлигининг мактаблар мазмунига жавоб бериши қатъий кўрсатиб ўтилди.

Бошқача айтганда, бундан буён маҳаллий раҳбарлар ишига пахта, ғаллага қараб эмас, таълим-тарбия учун яратилган шарт-шароитга, илмли-маънавиятли ёшларга қараб баҳо берилади.

Очил Жиянов, Халқ депутатлари Жарқўрғон туман Кенгаши депутати:

- Ушбу Давлат Дастури партиямиз дастурий мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб ёндашадиган бўлсак, унда давлат бюджетидан таълим муассасаларини таъминлаш учун ажратиладиган маблағлар камайтирилмайди. Эътиборга молик жиҳати, партиямиз Сайловолди дастуридаги бир қатор вазифалар Дастурда ўз аксини топганлиги аҳамиятлидир. Хусусан, боланинг таълимдаги илк қадамидан бошлаб, касб танлаши, ҳаётга мустақил қадам қўйишигача бўлган даврда узвийликни таъминлашга қаратилганлиги мақсад ва вазифаларимизга ҳамоҳанг, десак тўғри бўлади. Сир эмас, бугун рақамли технологиялар шиддат билан ривожланяпти. Замонавий технологиялар кирмаган соҳа қолмади ҳисоб. Лекин, ушбу технологиялар ўз-ўзидан ишламайди. Уларниям кимдир ақл билан ҳаракатга келтирсагина фойда беради. Аксинча бўлса, тараққиётнинг соат сайин янгиланиб бораётган кашфиётларига маҳлиё бўлиб ўтираверамиз. Рақамли технологияларни тилини топиш учун албатта пухта билимга эга, салоҳиятли ёшлар керак. Зеро, Учинчи Ренессанс пойдеворини замонавий билимларни пухта эгаллаган, салоҳиятли ёшлар қуради.

Тадбирда ана шулар ҳақида гапириб ўтилиб, умуман олганда, таълим тизимини ривожлантириш бир кишининг иши эмаслиги, белгиланган ҳаётий вазифалар ижросини биргаликда бажариш ким ва қайси соҳада ишлашдан қатъи назар ҳар бир кишининг инсоний бурчи эканлиги таъкидланди.

Тадбир сўнггида иштирокчилар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олишди.

Қизларшой Раҳматова,

Ўзбекистон «Адолат» СДП Жарқўрғон туман «Аёллар қаноти» Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+