Таълим тизимидаги коррупция ҳолатлари олди олинади

14.04.2022 13:04:54

Мамлакат келажаги, инсонларнинг эртанги фаровон  ҳаёти ва келажакда амалга оширилиши мақсад қилинаётган ислоҳотларнинг муваффақияти бевосита таълим ва илм-фан соҳасидаги сиёсатнинг самарадорлигига боғлиқ. 

Сўнгги йилларда таълим соҳасини янада ривожлантириш, сифат даражасани кўтариш юзасидан  Ўзбекистон Республикаси Президентининг кўплаб фармон ва қарорлари қабул қилинди. Ҳар йили Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетининг катта қисми ижтимоий харажатлар, жумладан, таълим ва илм-фан учун ажратилади, ҳамда энг муҳим масалалардан бири сифатида таълим сифати ва таълим олиш имконияти, таълим жараёнининг ижтимоий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилади.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси амалга оширилиши билан бир қаторда таълим сифатини ошириш ва таълим олиш имкониятини кенгайтириш бўйича ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Жумладан, “Замонавий мактаб” лойиҳаси доирасида 2020-2022 йилларда бутун республика бўйича, хусусан, узоқда жойлашган туман ва қишлоқларда янги мактаблар қурилиши, таъмирталаб мактабларда реконструкция ва капитал таъмир ишлари амалга оширилади. Умуман олганда, халқ таълими ислоҳотлари ўсиб келаётган ёш авлоднинг маънавий-ахлоқий ва ақлий ривожланишини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга қаратилган.

Бундан ташқари Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 18 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 515-сон қарорига асосан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ташкил этилди. Мазкур инспекция таълим тизимида ўқув-тарбия жараёнлари, профессор ўқитувчилар таркиби, кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш сифатини назорат қилиш бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш, идоравий мансублиги ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар, таълим муассасаларини аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказиш ишларини амалга оширади.

Таъкидлаш лозимки, мазкур жараёнда турли хил коррупция ҳолатлар содир этилиши мумкин. Таълим инспекцияси коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва шароитларини бартараф этиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш чораларининг самарадорлигини ошириш мақсадида Таълим сифатини назорат қилиш ва давлат инспекцияси ходимларига “тана камераси” (Боди камера) тақиш ҳуқуқи берилди. Албатта бу жараён мамлакатимизда таълим тизимини такомиллаштириши билан бир қаторда, таълим тизимидаги коррупция ҳолатларига батамом барҳам бериб, шаффофликни таъминлашда ўзининг ижобий натижасини беришига ишончимиз комил. Зотан очиқлик, ошкоралик таъминланган жойда турли кўзбўямачиликлар, ҳуқуқбузарликларга ўрин қолмайди.

Шоира АКБАРОВА,

Халқ депутатлари Шароф Рашидов туман Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+