Таълим тизимига тўсиқ бўлаётган “шоввозлар”

16.06.2021 11:06:43

Бугунги кунда дунё ҳамжамияти ҳаёт фаолиятининг барча сохаларида кўп қиррали ўзгаришлар бўлиб ўтмоқда, бу эса ўз навбатида бўлажак мутахассисни шакллантиришда янгича ёндашувни талаб этади. Бутун дунёда бўлгани сингари юртимизда ҳам таълим мақсадлари соҳасида кечаётган ўзгаришлар, инсоннинг ижтимоий оламга киришини таъминлашга қаратилган глобал масалаларга мос келади.

Хусусан, мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар замирида илм-фан ишлаб чиқариш, унинг моддий асосини яратиш, технологик ривожлантириш ва энг асосийси малакали кадрлар билан таъминлаш вазифалари белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида” 2020 йил 2 мартдаги ПФ-5953-сон Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда абитуриентларни олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тест синовини такомиллаштириш мақсадида 2020 йил 1 декабрдан бошлаб босқичма-босқич бакалавриат таълим йўналишларига мос фанлар мажмуасидаги умумтаълим билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизими жорий қилинди. Тест синовидан ижобий натижага эришган талабгор сертификатга эга бўлади.

Шу ўринда бундай сертификат талабгорга қандай имконият беради, деган савол туғилиши мумкин. Қайд этилган 646-сон қарорга кўра, умумтаълим фанини  билиш даражаси тўғрисида давлат намунасидаги сертификатга эга бўлган абитуриентга олий таълим бакалавриатига кириш тест синовларида ушбу фандан белгиланган максимал баллга нисбатан табақалаштирилган балл бериш тартиби жорий қилинган. Яъни мазкур сертификат олий таълимга кириш учун бўлиб ўтадиган тест синови натижаси бўйича энг юқори баллнинг камида 60 фоизини тўплаган шахсларга 3 йил муддатга берилади.

Соддароқ тушунтирганда, агар талабгор миллий сертификатлаш доирасида “Математика” фанидан тест топшириб, шу фандан белгиланган энг юқори баллнинг 60 фоизини олса, кириш тест синовларида “Математика” фанидан тест топшириши талаб этилмайди ва максимал баллнинг 60 фоизи берилади.

Қилинаётган бу ишларнинг барчаси ёшларнинг ўз ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, замон талабларига жавоб берадиган меҳнат бозорида рақобатбардош кадрлар тайёрлаш учун зарур шарт-шароитлар ва имкониятларни яратиш мақсадида амалга оширилмоқда.

Қолаверса, таълим жараёнида ёшларга тақдим этилаётган бундай имкониятлар эртамиз эгалари бўлган ёш авлоднинг ўз салоҳиятини тўла намоён этиши, ўзи танлаган касб бўйича ўқиши, ишлаши, ҳаётда ўз ўрнини топиб олиши ва жамият равнақига муносиб ҳисса қўшадиган мутахассислар бўлиб етишиши учун мустаҳкам пойдевор яратади.

Мамлакатимизда узлуксиз таълим тизимининг ислоҳ қилиниши, яъни таълим стандартлари асосида таълим ва тарбия жараёнини қайта ташкил этишга киришилган бир пайтда айрим кишилар томонидан содир этилган жиноятлар келажакда ёшлар билан бир қаторда давлат равнақига, унинг имиджига ҳам салбий таъсир қилмоқда.

Хусусан, телеграм ижтимоий тармоғидаги “TentakMinds” саҳифасига юборилган маълумотларга кўра, Бухородан Сурхондарёнинг Сариосиёсига бориб ўқув маркази ташкил қилган кишилар ўқувчиларига Миллий сертификат имтиҳонларининг тест ва саволларини сотиб олиб берган ва ўша ерда уларни ёдлатишган. Қолаверса, бундай ҳолатлар Фарғона вилояти Қува туманида жойлашган “Diamond Valley” ўқув маркази, Андижон вилояти "Водий зиё" АТМ ўқув маркази ва“Мардиевлар” АТМ ўқув марказида ҳам кузатилиб, ўқувчиларга Миллий сертификат саволларини маълум бир ҳақ эвазига сотаётганлиги айтиб ўтилган.

Ушбу ҳолатни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат органлари қатъий назоратга олиши ва Давлат тест маркази бу вазиятдан тегишли хулоса чиқариб, Миллий сертификат тизимини қайта кўриб чиқиши зарур. Акс ҳолда бу каби коррупция ҳолатлари мамлакатимизда олиб борилаётган таълим тизимидаги самарали ислоҳотларга тўсиқ бўлиши шубҳасиз.

 

Воҳид САИТХОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Ш.Рашидов туман Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+