Таълимда коррупцияга йўл бермаймиз

11.10.2022 11:10:30

Ўзбекистон «Адолат» СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши ва Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти, халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги «Суд ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш бўйича доимий комиссия» томонидан вилоят Журналистлар уйи тадбиргоҳида «Таълимда коррупцияга йўл бермаймиз!» мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда маҳаллий Кенгаш депутатлари, Олий таълим муассасалари вакиллари, ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда партия вилоят Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Руиддин Раупов вилоят партия ташкилотлари томонидан коррупцияга қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида қисқача ахборот берди.

Таълимда коррупцияга йўл бермаслик энг муҳим ишларимиздан бири бўлмоғи лозим,- деди Руиддин Раупов.- Истиқболимиз эгаларини ҳар томонлама соғлом муҳитда камолга етказиш, жиноятнинг ҳар қандай кўринишларини олдини олиш, жамоатчилик орасида тарғибот ишларини кучайтириш керак. Олий таълим муассасалари ва жойларда тарғибот ишларини амалга ошириш. амалдаги қонунчиликда фуқароларнинг ҳуқуқ ва маданияти олий ўринда эканлигини кенг жамоатчиликка етказиш, бош қонунимиз бахтимиз қомуси инсон ҳуқуқларининг ҳимоячиси эканлигини тушунтириб боришимиз зарур.

-Мустақил мамлакатимиз таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, унинг сифати ҳамда самарадорлигини ошириш, олий ва ўрта таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасида кейинги йилларда барча ҳудудларда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда,- деди Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти ректори, партия фаоли Ориф Бозоров,- Шу билан бирга, олий ўқув юртларига қабул жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш, таълимдаги коррупция ва порахўрликнинг олдини олишга ҳам жиддий эътибор бериляпти. Хусусан, ОТМларида коррупцияга қарши курашиш «комплаенс-назорат» тизимини бошқариш бўлимлари очилди. Айни пайтда мазкур бўлимда фаолият олиб бораётган ходимлар порахўрликка қарши курашиш борасида жиддий ишлар олиб боришяпти.

Тадбирда соҳадаги ислоҳотлар сабаб вазият тубдан ўзгарганлиги, кимнинг билими ҳамда қобилияти, салоҳияти бўлса, ўша ўқийди, деган тамойилга амал қилина бошланганлиги ҳақида сўз юритилди. Шу боис ҳам айни кунларда таълимдаги коррупцияни таг-томири билан йўқ қилишга астойдил киришилган. Бу борадаги дастлабки қадам тест имтиҳонларини топшириш жараёнини тартибга солиш билан бошланганлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, матбуот анжуманида кўпгина ҳолларда пора бериш ташаббуси айнан фуқароларнинг ўзидан чиқаётгани, жамиятни ҳалол ва коррупциядан холи ҳудудга айлантиришга барчамиз бирдек масъул эканлигимиз алоҳида уқтирилди. Порахўр кимсаларга қарши курашишда фуқароларимизнинг ҳаракати асосий кучга эга бўлиши ҳам таъкидлаб ўтилди.

Нодир Исомов,

партия фаоли

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+