Таълимга ўзгача ёндашув

21.06.2021 16:06:16

Бугунги кунимизни илм-маърифат ва таълим тараққиётисиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу сабабли ҳам дунёнинг ривожланган давлатларида таълим тизимини ривожлантириш энг долзарб вазифа сифатида эътибор қаратилади. Зеро, ҳар бир мамлакатнинг тараққий этиши таълим тизимида эришилган ютуқлар билан чамбарчас боғлиқ.

Мамлакатимизда ҳам таълим тизимига катта эътибор қаратилмоқда. Ёшларни билим ва малакали этиб тарбиялаш, жаҳон тараққиётига мос мутахассислар тайёрлаш мақсадида таълим тизими изчил ривожлантирилмоқда. Эртамиз эгалари ёш авлоднинг ҳеч кимдан кам бўлмасдан камол топиши уларни ҳар томонлама комил инсон бўлиб улғайишлари учун амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг асосий шарти таълим олиш эканлиги бугун барчамизга аён.

Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида олий таълим тизимидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида  давлатимиз раҳбари соҳадаги 4 та устувор вазифани санаб ўтди. Хусусан, олий таълим муассасалари бошқарув кенгашларининг ролини ошириш ва кафедралар ваколатларини кенгайтириш, ўқув жараёнини бозор талабларига мослаштириб, ишлаб чиқариш билан узвийлигини таъминлаш ва талабанинг ўз устида ишлаши учун муҳит яратиш, олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини ошириш, илм-фан ва инновацияни ривожлантириш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун қоғозбозликни камайтириш, соҳани рақамлаштириш орқали бюрократия ва коррупцияни кескин қисқартириш зарурлигини таъкидлади. Бу вазифаларни самарали бажариш учун эса олий таълим муассасаларига академик ва ташкилий-бошқарув бўйича мустақил қарор қабул қилиш ваколати берилишини қайд этиб ўтди.

Йиғилиш давомида таълим сифатини ошириш, назария ва амалиётни уйғунлаштириш, ёшларни илмий фаолиятга жалб қилиш, инновацион тузилмаларни шакллантириш каби кўплаб аниқ йўналишларда устувор вазифалар белгиланди. Бунинг натижасида интеллектуал тараққиётни жадаллаштириш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси жадал ривожланади. Буларнинг барчаси таълим жараёнини янги сифат босқичига кўтариш учун хизмат қилади.

Айниқса, олий таълим муассасаларидаги кафедралар қошида илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилиши, уларни ўқув-лаборатория жиҳозлари ва зарур техника билан таъминлаш, кафедраларнинг тармоқ корхоналари билан ҳамкорлигини йўлга қўйиб, ўқитувчиларнинг корхоналарда амалий тадқиқотлар ўтказишига шароит яратиш бўйича белгиланган вазифалар юксак салоҳиятли кадрлар тайёрлашда устувор аҳамият касб этиши ҳеч биримизга сир эмас.  Зеро, назарияни амалиёт мустаҳкамлайди.

Олий таълим муассасаларидаги ҳар бир кафедранинг ёш олимларини хорижга стажировкага юбориш тажрибаси орқали ривожланган давлатларнинг таълим тизимидаги ислоҳатларни, янгиликларни юртимиз равнақи йўлида жорий этилиши йўлга қўйилади.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар билим даргоҳларининг қиёфаси ўзгариб, моддий-техника базасини яхшиланишига ҳисса қўшмоқда. Илмий ишланмаларни молиялаштириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга эътибор кучайтирилмоқда. Соҳада олиб борилаётган бу ўзгаришларнинг барчаси олий таълимга бўлган ёндашувни ўзгартириб, унинг сифати ҳамда даражасини янада кўтаришга хизмат қилиши аниқ.

Муҳиба БАБАБЕКОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+