Таълимни коррупциядан холи қиламиз

20.02.2024 14:02:54

Куни кеча давлатимиз раҳбари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда мактаб ва мактабгача ҳамда олий таълимда кечаётган ўзгаришлар ва йўл қўйилаётган камчиликлар рўйи рост очиб ташланди. Айниқса, мактабларда ўқувчи ёшларни билимли ва малакали касб эгаси бўлиб етишишлари учун етарли эътибор берилмаётганлиги, мактабгача таълим тизимида фаолият олиб бораётган ходимларнинг малакаси оширилмаётгани, олий таълимда фанлар бўйича бир-бирини такрорлашга йўл қўйилаётгани қаттиқ танқид қилинди. Албатта, бу муаммоларни босқичма-босқич ҳал этиш юзасидан Президентимиз томонидан йўл-йўриқ ва кўрсатмалар берилди. Олий таълим даргоҳларини йириклаштириш масаласи кўндаланг қўйилди.
Мамлакатимиз таълим соҳасини тубдан такомиллаштириш, унинг сифати ҳамда самарадорлигини янада ошириш, замонавий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасида кейинги йилларда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга таълимни коррупциядан холи қилиш учун ҳам зарур чора тадбирлар белгиланаяпти. Хусусан, таълимдаги коррупция ва порахўрликни йўқотиш устида ҳам кескин ҳаракат қилинмоқда.


Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Миришкор тумани Кенгаши томонидан ёшлар агентлиги тадбиргоҳида “Таълимда коррупцияга йўл бермаймиз!” мавзусидаги давра суҳбатида ҳам коррупциянинг аянчли оқибатлари ва унинг жамият тараққиётига салбий таъсири ҳақида тўхталиб ўтилди.


- Таълим тизимида кун сайин коррупция ҳолатларининг олдини олишга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар кучайтирилганлигига қарамай, соҳада ҳамон коррупциявий омиллар сақланиб қолмоқда, - деди халқ депутатлари Миришкор туман Кенгаши депутати Абдужаббор Кенжаев. - Кун ора оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тарқатилаётган хабарларда таълим соҳаси вакилларининг коррупцияга аралашиб қолганлиги фактлари ошкор қилинмоқда. Ачинарли бўлсада айтиш керакки, бундай салбий ҳолатлар ҳали ҳануз давом этаяпти. Айниқса, шу кеча кундузда кронизм, манфаатлар тўқнашуви, маҳаллийчилик, непотизм ва уруғ-аймоқчилик каби коррупциявий хавф-хатарлар учраётгани кўпчиликни ташвишлантираяпти.


- Коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш сира кечиктириб бўлмайдиган вазифа ҳисобланади, - деди Давлат бошқаруви академияси Қарши ҳудудий филиали ўқитувчиси Дилафруз Явқочдиева. - Албатта, бунинг учун энг аввало, талабалар ва педагог ходимларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш ҳамда салбий иллат ҳисобланган коррупцияга нисбатан тоқатсизлик муносабатини шакллантиришга қаратилган тадбирларни амалга оширишда кенг жамоатчилик назоратини кучайтириш зарур. Коррупцияга қарши ҳар биримиз мурасасиз бўлсаккина, жамиятимиз тараққиётига жиддий тўсиқ бўлаётган бу иллатни таг-томири билан йўқотиш мумкин.
Тадбирда коррупцияни йўқотиш юзасидан мутасаддилар томонидан тегишли тавсиялар берилди.

Дилафруз Шониёзова,
Давлат бошқаруви академияси
Қарши ҳудудий филиали ўқитувчиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+