Таъмирлаш режасига мактаб биносида ҳожатхона қуриш киритилмаган эмиш...

19.07.2021 13:07:03

2021-2022-ўқув йили бошланишига ҳам оз фурсатлар қолмоқда. Ушбу ўқув йилини қабул қилишга барча мактаблар тайёрми? Жорий йилнинг 15 июль санасида Сирдарё вилояти Ховос туманида жойлашган бир неча мактабларда олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларининг қай даражада кетаётганлиги, ушбу мактабларнинг 2021-2022-ўқув йилига тайёргарлиги ҳамда ушбу мактабларда сайлов олди ишларнинг қай даражада амалга оширилаётганлигини текшириш ва ўрганиш мақсадида Сирдарё вилоят Халқ депутатлар кенгаши ва Сирдарё вилояти Ижтимоий-маданий ривожланиш комиссияси раиси Муҳаммад Исмоилов ҳамда Сирдарё вилояти Халқ депутатлар кенгаши аъзоси Ўришали Шодмонов ва Сирдарё вилояти Ховос тумани ҳокимлигидан бир гуруҳ масъул шахслар билан биргаликда бир неча мактабларга ташрифлар амалга оширилди.

Дастлаб, Ховос туманида жойлашган 13-сонли умумтаълим мактабига ташриф амалга оширилди. Мактаб директори Тошбоева Саодат ташриф буюрган меҳмонларни илиқ кайфиятда кутиб олди. Ушбу таълим маскани 2021-2022-ўқув йили бошланишидан олдин капитал таъмирдан чиқариш режалаштирилган. Ушбу қурилиш ва таъмирлаш ишлари бўйича олиб борилган текширув ва ўрганиш ишларидан сўнг қуйидагилар аниқланди:

- Жорий мактаб 270 ўринга мўлжалланган ва кимё-биология фанларини чуқурлаштириб ўргатишга ихтисослаштирилган мактаб бўлиб, дастлаб ушбу мактабнинг капитал таъмири учун 5 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратиш режалаштирилган лекин иқтисодий вазиятнинг етишмовчилиги сабабли ушбу таъмир учун 2.5 миллиард сўм ажратилган.

- Ушбу мактаб ҳудудида жойлашган спорт зални таъмирлаш ва мактаб биноси ичида ҳожатхона қуриш таъмирлаш режасига киритилмаган.

- Таъмирлаш ишлари бўйича иш бошқарувчи Хуршид Анорқулов сўзларига кўра таъмирлаш ишларида ҳеч қандай муаммо йўқ ва иш режаси бўйича 80% иш бажарилган. Капитал таъмирлаш ишлари 15-августга қадар тугаши режалаштирилган.

- Мактаб тўғрисидаги автомобил қатнов йўли ҳам талаб даражасида эмаслиги аниқланди.

Барча муаммо ва таклифлар Сирдарё вилоят Халқ депутатлари кенгаши аъзолари ва туман ҳокимлиги мутассади ҳодимлар томонидан ўрганилиб тегишли ташкилотларга ушбу муаммоларни бартараф этиш учун расмий баёнот билан чиқишлари маълум қилинди.

Кейинги ташриф Ховос туманида жойлашган 14-сонли умумтаълим мактабига амалга оширилди. Жорий мактабда ҳам 2021-2022-ўқув йилига тайёргарлик йўлида мактабни тўлиқ капитал таъмирлаш режалаштирилган. Ушбу қурилиш ва таъмирлаш ишлари бўйича олиб борилган текширув ва ўрганиш ишларидан сўнг қуйидагилар аниқланди:

- Жорий мактаб 720 ўринга мўлжалланган ва рус тилини чуқурлаштириб ўргатишга ихтисослаштирилган мактаб бўлиб, дастлаб ушбу мактабнинг капитал таъмири учун 7 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратиш режалаштирилган, лекин иқтисодий вазиятнинг етишмовчилиги сабабли ушбу таъмир учун 3.2 миллиард сўм ажратилган.

- Мактаб директори Тошхожаева Саодатнинг сўзларига кўра қурувчи таъминот “Янгиер Транс Файз” ҳамда таъмирлаш бўйича иш бошқарувчи Сулаймонов Қаҳрамон ва унинг гуруҳи билан ҳеч қандай муаммолар йўқ, фақатгина таъмирлаш ишларига маблағнинг кам ажратилганлиги сабабли мактаб томининг таъмири қурилиш режасига киритилмаган.

- Таъмирлаш ишлари бўйича иш бошқарувчи Сулаймонов Қаҳрамон сўзларига кўра таъмирлаш ишларида ҳеч қандай муаммо йўқ ва иш режаси бўйича 70% иш бажарилган. Капитал таъмирлаш ишлари 1-сентабрга қадар тугаши режалаштирилган.

Барча муаммо ва таклифлар вилоят Халқ депутатлари кенгаши аъзолари ва мутассади ҳодимлар томонидан ўрганилиб тегишли ташкилотларга ушбу муаммоларни бартараф этиш учун расмий баёнот билан чиқишлари маълум қилинди. 

Сўнгра Сирдарё вилоят депутатлар кенгаши аъзолари ҳамда Ховос тумани ҳокимлигидан масъул шахслар Ховос тумани “Мустақиллик” МФЙда жойлашган 19-сонли умумтаълим мактабига жорий мактабнинг 2021-2022-ўқув йилига қай даражада тайёргарлигини ўрганиш мақсадида ташриф буюришди. Меҳмонларни мактаб директори Шуҳрат Мустафоқулов илиқ кайфиятда кутиб олди. Ушбу мактабда олиб борилган текшириш ва ўрганишлардан сўнг қуйидагилар аниқланди:

- Мактаб таъмири талаб даражасида эмаслиги ва жорий мактаб деярли 30-йилдан буён капитал таъмирдан чиқмаганлиги аниқланди.

- Жорий мактаб таъмири учун дастлаб 294 миллион сўм маблағ ажратиш режалаштирилган, аммо иқтисодий вазиятнинг етишмовчилиги сабабли ушбу таъмир учун 168 миллион ажратилган. Мактаб директори Шуҳрат Мустафоқуловнинг сўзларига кўра ушбу маблағ мактабнинг фақатгина олд қисмини таъмирлаш учун етиши мумкин.

- Мактабнинг ички қисми, ўқув хоналари, мактаб жиҳозлари, спорт зал ва мактаб поли талаб даражасига жавоб бермаслиги аниқланди.

Вилоят Халқ депутатлари кенгаши аъзолари ва туман ҳокимлиги масъул шахслари томонидан барча муаммолар ўрганилди ва тегишли ташкилотларга ушбу муаммолар ечими юзасидан расмий баёнот билан чиқишлари маълум қилинди. 

Мактаблар таъмирлаш ишлари тўлиқ ўрганилгач кун сўнгида Сирдарё вилоят Халқ депутатлари кенгаши аъзолари ва туман ҳокимлиги масъул шахслари Ховос тумани “Афрасиёб” МФЙда жойлашган жомъе масжидининг очилиши билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш мақсадида ушбу масжидга ташриф буюришди ва Холназаров Али, Усмонов Содиқ, Жалолов Саид каби маҳалла оқсоқоллари билан мазкур муаммолар юзасидан суҳбат қуришди. Маълум бўлишича, ушбу маҳаллада 3000 дан зиёд аҳоли истиқомат қилишади ва ушбу маҳалла фуқаролари ибодат қилишлари учун масжид мавжуд эмас ва аҳоли 10 км. дан узоқроқда жойлашган масжидга ибодат қилиш учун боришига тўғри келаётганини маълум бўлди. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида маҳалланинг оқсоқол ва зиёли вакиллари томонидан 200 ўринга мўлжалланган барча қулайликларга эга бўлган масжид қурилган ва ана шу масжид очилишига ҳанузгача рухсат берилмаётганлиги аниқланди.

Масжиднинг барча ҳужжатларидан нусхалар олинди ва бу масаланинг ечими юзасидан вилоят Халқ депутатлари кенгаши аъзолари Ўзбекистон мусулмонлар идораси билан боғланишини маълум қилди. Суҳбат давомида вилоят Халқ депутатлари кенгаши аъзоси Ўришали Шодмонов сўнгги вақтларда вилоят Халқ депутатлари аъзолари томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида ва аҳолига уларнинг муаммоларини ечиш учун олиб борилган самарали ишлар ҳақида қисқача маълумотлар берди.

Кун давомида ўрганилган барча муаммо ва таклифлар атрофлича ўрганилди ва Сирдарё вилояти ҳокимлиги, Сирдарё вилояти Халқ таълими бошқармаси ва бошқа тегишли ташкилотларга ушбу муаммолар ечими юзасидан расмий баёнот билан чиқилди.

 

Санжар ОБИДОВ,
Ҳалима Худойбердиева номидаги Ижод мактаби

ижтимоий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+