Танловга тайёргарлик қизғин

31.10.2022 10:10:45

Декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллиги кенг нишонланади. Мамлакатимизнинг мустақил тараққиёт йўлидан ривожланишига ҳуқуқий асос яратган мазкур ҳужжатнинг аҳамияти халқимиз учун ниҳоятда катта. Айни кунларда юртимизда Асосий Қонунга бағишланган кўплаб тадбирлар ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда. «Адолат» социал-демократик партияси томонидан ташкил этилган «Конституция ранглар жилосида» ижодий кўрик-танлови ана шуларнинг биридир.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Бадиий академияси билан биргаликда, қатор ҳамкор вазирлик ва идоралар иштирокида ўтказилади. Бош ҳомий Республика ТИФ Миллий банки ҳисобланади. Ташкилотчилар томонидан ишлаб чиқилган низомга мувофиқ танловда тасвирий санъат йўналишида ижод қилаётган ёки қизиқиш билдирган, 2022 йил якунигача 18 ёшга тўлмаган ёшлар иштирок этиши мумкин.

Тадбирни ташкил этишдан асосий мақсад - ёшлар онгида мустақиллик туҳфа этган азиз неъмат – Ватанимиздаги бугунги тинч ва осуда ҳаёт, фаровонлик қадрига етиш, ўзликка қайтиш ва уни англаш, инсон манфаатлари устувор бўлган эркин демократик жамият қуриш, миллий ва диний қадриятларни тиклаш, улуғ аждодларимизнинг бебаҳо маънавий мероси қадрига етиш туйғусини тарбиялашдир. Дастлаб кўрик-танловнинг ҳудудий босқичларини ўтказиш кўзда тутилган. Ғолиб деб топилган ижодий ишлар эса республика босқичига йўлланма олади.

- Мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари қатори бизда ҳам Бош Қомуснинг ўттиз йиллигига бағишланган тадбирга қизғин тайёргарлик олиб борилмоқда, - дейди «Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси Исроилжон Жўраев. - Танловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича штаб тузилган. Бадиий академиянинг вилоят бўлими ва бошқа қатор ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Партиядошларимиз жойларда тарғибот ишларини олиб бормоқдалар.

Куни кеча Учқўрғон туманидаги ихтисослаштирилган санъат мактабида ана шу штабнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Бадиий академия вилоят бўлими бошқаруви аъзолари, шаҳар ва туман халқ таълими бўлимлари вакиллари, партия фаоллари иштирок этдилар. Сўзга чиққан «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раисининг ўринбосари Умиджон Сулаймонов тўпланганларни кўрик-танловнинг низоми билан таништирди. Йиғилиш қатнашчилари тадбирнинг ҳудудий босқичини ўтказиш бўйича вазифаларни белгилаб олдилар. Ёш рассомларнинг ижодий ишларига баҳо берадиган ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

– «Адолат» социал-демократик партияси олижаноб ташаббусга қўл урибди, - дейди Ўзбекистон Бадиий академияси вилоят бўлимининг раҳбари Комилжон Қамбаров. – Шунинг учун биз бажонидил ҳамкорликка бел боғладик. Халқимизни Конституцияни ўқиб-ўрганишга, мазмун-моҳиятини англашга ҳар қанча даъват қилсак арзийди. Бунда тасвирий санъат ҳам муҳим омил ҳисобланади. Наманганда ёш мўйқалам усталари оз эмас, улар кўрик-танловга қатнашиб, ўзларининг ижодий маҳоратларини намойиш этадилар.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

«Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+