Танловнинг вилоят босқичи ғолиблари тақдирланди

11.04.2021 13:04:32

Ўзбекистон “Адолат” СДП ташкил этган  “Коррупция – ёшлар тасаввурида” мавзуидаги иншолар танлови Наманган вилоятида юксак уюшқоқлик билан ўтди. Бунда шаҳар ва туман халқ таълими бўлимлари билан узвий ҳамкорлик йўлга қўйилганлиги яхши самара берди. Мактаб директорлари ҳамда ўзбек тили ва адабиёти муаллимлари партиямиз фаолларига катта ёрдам кўрсатдилар. Аксарият жойларда танлов дастлаб синфлар миқёсида ташкил этилди. Кейин  навбат мактаб ва туман (шаҳар) босқичларига келди. Уларда ғолиб чиққанлар эса вилоят миқёсидаги баҳсларда қатнашдилар.

– Танловни ҳар бир босқичда холис ва шаффоф тарзда ўтказишга алоҳида эътибор бердик, - дейди “Адолат” СДП вилоят Кенгашин раисининг ўринбосари Ёрқиной Ҳожиматова. – Ўқувчилар иншо ёзадиган жойларга уларнинг устозларини, ота-оналарини ҳам таклиф этдик. Иншоларни баҳолайдиган ҳайъат аъзолигига ҳам энг тажрибали ва билимли муаллимлар аъзо бўлдилар. Ҳамма жараёнлар адолатли ташкил этилгани учун ҳеч қандай эътироз тушмади.

Куни кеча вилоят босқичи ғолиблари ва совриндорлари Наманган шаҳридаги 57-мактабга тўпландилар. Бу ерда  “Коррупция – ёшлар тасаввурида” мавзуида ёзилган ва вилоят бўйича энг яхши деб топилган иншоларнинг муаллифлари, уларнинг устоздари ва ота-оналари тўпландилар. Мингбулоқлик Дилшода Ҳамиджоновани шу ерда учратдик. У тумандаги 10-давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатнда таълим олади. 9-11-синф ўқувчилари ўртасида вилоят босқичининг ғолиби бўлган. Шунинг учун кайфияти чоғ ва қувноқ, бошқа иштирокчилар билан таассуротларини ўртоқлашмоқда.

– Ўзбек тили ва адабиёти, тарих  мен яхши кўрган фанлар, - дейди у. – Шунинг учун кўп китоб ва газета мутолаа қиламан, шеър ва ҳикоя ёзишни машқ қиламан. Мамлакатимизда коррупцияга қарши кескин кураш олиб борилаётганлигидан хабардорман. Иншолар танлови бўлишини эшитиб, мавзу бўйича яна бир қатор материалларни ўқиб чиқдим. Қўшимча маълумотларни устозим Насриддин Раҳмоновдан олдим. Мустақил равишда бир неча бор иншо ёзиб, машқ қилиб кўрдим. Қисқаси, кўрилган тайёргарлик бежиз кетмади. Ғолиблар қаторидан ўрин олганимдан бениҳоя хурсандман. Эндиги вазифам  мамлакат босқичида муносиб қатнашишдан иборат.

Дилшода қатори ғолиблар сафидан жой олганлар орасида Косонсой туманидаги 8-мактабнинг 6-синф ўқувчиси Зарифахон Абдуқаюмова, Наманган шаҳар Давлатобод туманидаги 58-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Ирода Умарова, совриндорлар орасида Чортоқ туманидаги 53-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Шаҳноза Маҳамадаминова, Чуст туманидаги 3-мактабнинг 7-синф ўқувчиси Моҳитобон Салоҳиддинова ва бошқалар бор. Уларнинг барчасига “Адолат” СДП вилоят Кенгаши фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари тақдим этилди. Мукофотларни “Адолат” СДП вилоят Кенгашининг раиси Исроил Жўраев топширди.

Тақдирлаш маросимида вилоят халқ таълими болқармаси вакиллари, партиямиз фаоллари иштирок этдилар.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+