Танқид ва таҳлил асосида

10.05.2021 11:05:42

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгашининг VI пленуми бўлиб ўтди.  Унинг  иштирокчилари  “Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши Ижроия Қўмитасининг 2020 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисоботи ва 2021 йилдаги устувор вазифалари тўғрисида”ги масалани муҳокама этдилар.

Аввало, шуни айтиш керакки, маърузачи – вилоят партия Кенгаши раиси Исроил Жўраев ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишларга танқидий-таҳлилий баҳо беришга ҳаракат қилгани яхши самара берди. Биринчи навбатда коронавирус пандемияси ҳукм сурганига қарамай, анча-мунча натижаларга эришилгани қайд қилинди. Масалан,  2020 йилнинг 15 мартидан  карантин чоралари белгилангач,  фаоллар ва депутатлар учун кам таъминланган аҳоли қатламларига амалий кўмак бериш асосий вазифа бўлиб қолди. Партиявий лойиҳалар бўйича ишлар  “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида тузилган медиа-режа билан уйғунлаштирилган ҳолда олиб борилди.

Вилоят  ҳамда  шаҳар ва туман Кенгашлари томонидан жами 175 та тадбир ўтказилиб, уларда 7500 дан ортиқ киши қатнашди. Айниқса,  Президент маърузаларида илгари сурилган фикрлар мазмун-моҳиятига бағишланган,   “Муаммо билан юзма-юз”, “Тозалик йўлида бирлашайлик!”,, “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур!”   лойиҳалари асосидаги тадбирлар кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармоннинг ижроси юзасидан ташкил этилган мулоқотлар ҳам самарали кечди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида партиянинг “Адолат”нинг сиёсий-ҳуқуқий ўқувлари куни” лойиҳасини ҳаётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилди. Бунинг учун  жойларда  партия фаолларидан шакллантирилган кўнгилли лекторлар ҳам сафарбар этилгани муҳим аҳамият касб этди. Улар томонидан вилоят бўйича жами 305  та сиёсий-ҳуқуқий ўқув ташкил этилиб,  11127  тингловчи қамраб олинди. Мазкур жараён ҳақида оммавий ахборот воситаларида мунтазам материаллар ёритиб борилди. Бу йўналишда  Тўрақўрғон, Мингбулоқ, Уйчи, Косонсой туман Кенгашлари томонидан яхши иш ташкил этилди.

Партиянинг “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида вақтинча ишсиз, ёрдамга муҳтож оилалардаги фуқароларга доимий ёрдам кўрсатиб борилди. Йил давомида 62 киши иш билан таъминланди. Ўз-ўзини банд қилмоқчи бўлган 22 нафар ёшга кредит олишига кўмаклашилди. Бу кўрсаткичлар янада юқори бўлиши мумкин эди. Аммо Чуст, Наманган, Янгиқўрғон туманларининг мутасаддилари сусткашлик қилганликлари ишга салбий таъсир кўрсатди.

Ҳисобот даврида партия депутатлик гуруҳлари томонидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш сессияларига 12 та масала киритишга эришилди. Шунингдек, сайловчилардан келиб тушган мурожаатлар асосида 150 дан ортиқ депутатлик сўровлари чиқарилди. Мазкур йўналишда ҳам барча маҳаллий кенгашлар “арава”ни тенг тортдилар, деб бўлмайди. Шунинг учун пленумда  Мингбулоқ (Р. Умарова), Поп (З. Хасанов), Чортоқ (Ҳ. Мирабдуллаева), Чуст (Б. Сиддиқов) партия ташкилотларига жиддий эътирозлар билдирилди. Айни пайтда улардан  масъулият талаб қилиниб, қиққа муддатда ҳолатни ўнглаш вазифаси юкланди.

Яна бир танқидга учраган соҳа – оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик масаласи бўлди. Бу борада Уйчи, Косонсой, Наманган туманларида лоқайдликка йўл қўйилмоқда. Бу,  партиямиз нуфузини оширишга, аъзолар сафини кенгайтиришга  халақит бермоқда.

Партия депутатлари ва фаолларининг аҳоли билан мулоқотини янада жадаллаштириш, жойларда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, соғлиқни сақлаш, таълим соҳаларидаги ислоҳотларга тўсиқ бўлиб келаётган муаммоларни ўрганиб, уларнинг ечимини топиш масалалари партиянинг барча тузилмалари эътибори марказида бўлиши зарурлиги ҳам эътироф этилди. Бу ҳақда музокарада қатнашган Тўрақўрғон, Учқўрғон, Чуст  туман кенгашларининг раислари Заҳрохон Аҳмедова, Нигора Болтабоева, Бекзод Сиддиқов ва бошқалар аниқ ва фойдали таклиф-мулоҳазалар билдирдилар. Шу аснода партия ташкилотлари ва фаоллар олдида турган навбатдаги вазифалар ҳамда уларни бажариш йўллари белгилаб олинди.

Пленум иштирокчилари  “Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳининг 2020 йилдаги фаолияти юзасидан хисоботи ва 2021 йилдаги фаолияти тўғрисида”ги масалани ҳам кўриб чиқдилар. Шунингдек,  Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши таркибига бир қатор ўзгартиришлар киритилди. Муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+