Тараққиёт асри кучли тафаккурни талаб этади

21.05.2021 13:05:37

Термиз шаҳар 8-сонли умумий ўрта таълим мактабида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши, шаҳар ИИБ ҳамда диний идора вакиллари ҳамкорлигида партиянинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида “Янги Ўзбекистонда ёшларни радикаллашиш ва терроризмга олиб келадиган зўравон экстремизм ғояларидан ҳимоя қилиш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда вилоят Кенгаши вакиллари, депутатлар, шаҳар ИИБ ходимлари, диний идора вакиллари, мактаб педагог -ўқитувчилари ҳамда ўқувчи ёшлар иштирок этишди.

Тадбирни вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Исроил Қурбонов очиб берди ва иштирокчиларни тадбирдан кўзланган мақсад юзасидан тушунтириб ўтди.

Тадбирда сўз олган маърузачилар ўқувчи-ёшларга диний экстремизм ва терроризм, “оммавий маданият”, ҳамда маънавий таҳдидлар каби салбий иллатлар ва унинг зарарли оқибатлари ҳақида маълумот бериб ўтишди.

Давра суҳбатида маърузачилар томонидан юртимиздаги тинчлик ва барқарорлик олий неъматлиги, ҳар бир миллатнинг маънавиятини унинг тарихи, урф-одатлари, анъаналари, барҳаёт қадриятлари ташкил этиши таъкидлаб ўтилди. Турли ваъдаларга ишониб алданиб қолмасдан, балки, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга ўз ҳиссасини қўшиш, ҳалол меҳнат қилишга одатланиш, келгусида малакали мутахассис бўлиб етишишга ҳаракат қилиш бугунги ёшларнинг асосий вазифаларидан бири эканлиги таъкидлаб ўтилди. Тадбир давомида маърузачилар ёшларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, диний бағрикенглик ва диний ташкилотлар фаолияти тўғрисида Республикамизда олиб борилаётган ишлар ва қабул қилинган ҳужжатлар тўғрисида маълумотлар беришди.

Ойнабод Лапасова, Халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутати:

Дарҳақиқат, бугунги глобаллашув ва тараққиёт асри ҳар кимдан кучли билим ва тафаккур эгаси бўлишни, замонавий ахборот технологияларидан унумли ва мақсадли фойдаланишни, содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан мустаҳкам фуқаролик позицияси билан ёндашишни талаб этади.

Маълумки, экстремизм ва терроризм энг хатарли ҳамда оқибати энг хунук жиноят ҳисобланиб, бутун дунёда тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликка хавф солувчи таҳдиддир. Бу мудҳиш қилмишлар ёвуз ниятли кимсалар томонидан дунёнинг хоҳлаган минтақаси, мамлакати, ҳудудида туриб, турли шакл ва усулларда амалга оширилиши мумкин. Айни пайтда дунёнинг турли минтақаларида халқаро терроризм ва экстремизмнинг янги таҳдидларига қарши курашиш борасида тарғибот ва амалий фаолиятнинг кучайтирилаётганлиги ҳамда унга  қарши курашиш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки кенг жамоатчиликнинг биринчи даражали вазифаси сифатида тан олинган.

Бу борада мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёев таъкидлаганидек: “Ўзбекистон терроризм, экстремизм ва радикализм мафкурасига қарши кураш борасида ҳамиша принципиал позицияга эга бўлиб келган. Бундай хавф-хатарларга қарши фақат куч ишлатиш усуллари билан эмас, балки биринчи навбатда, айниқса ёшлар ўртасида, зўравонликни келтириб чиқарадиган жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш лозим”

Давра суҳбати иштирокчилари томонидан экстремизм ва терроризмга қарши курашда ёшларнинг мафкуравий иммунитетини кучайтиришга қаратилган маънавий-маърифий тарбия муаммолари, глобаллашув шароитида таълим-тарбия тизими орқали ёшларнинг  қатъий фуқаролик позициясини, уларнинг онгида зўравонлик ва ёт ғояларга муросасизликни шакллантиришни кучайтиришга қаратилган тадбирлар мунтазам ўтказилиб бориши зарурлиги юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Тадбир сўнгида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга тегишлича жавоблар олишди.

Соҳибжамол КАТТАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Термиз шаҳар “Ёш адолатчилар” Қаноти   Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+