Тараққиётда ҳар бир ҳудуднинг ўз ўрни бор

23.06.2021 17:06:12

Мамлакатимиз Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва ўн икки вилоятдан иборат маъмурий-ҳудудий бирликларга эга. Бугунги кунда давлатимиз раҳбари уларнинг ҳар бирини жадал ривожлантириб, Ўзбекистоннинг умумий тараққиётига қўшадиган ҳиссасини кўпайтиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш муҳим вазифа эканлигини таъкидламоқда. Мазкур йўналишда талайгина тадбирлар амалга оширилаётганлиги диққатга сазовордир.

Бу, ўтган ҳафтада Президентимизнинг Андижон вилоятига сафари давомида яна бир бор кўзга яққол ташланди. Шу аснода ижтимоий-иқтисодий соҳаларда рўёбга чиқарилаётган ислоҳотларнинг  натижалари атрофлича таҳлил этилди. Бу жараённи биз, наманганлик “адолат”чиларгина эмас, балки ҳамма юртдошларимиз диққат билан кузатиб турдилар. Қўшни вилоят меҳнат аҳли эришган натижаларни ўрганиб чиқмоқдамиз. Илғор тажрибаларни оммалаштириш орқали мамлакат ривожига янада салмоқли ҳисса қўшишга ният қилганмиз.

Маълумки, ташриф Избоскан туманининг “Қўғай” маҳалласидан бошланди. Бу ерда янги тикув-трикотаж корхонаси фаолияти билан танишилди. Унда ҳозир 830 нафар аёллар иш билан таъминланган. Шундан кейин Пахтаобод туманидаги инновацион иссиқхона кўздан кечирилди. “Бобур ХБК” масъулияти чекланган жамиятининг иш фаолияти ҳам таҳсинга лойиқ. Бу ерда чиқарилган маҳсулотлар хорижий давлатларга экспорт қилинмоқда. Матони тайёр маҳсулотгача етказиш жараёнлари замонавий технологиялар асосида амалга оширилмоқда.

Президентимиз янги корхоналардаги иш жараёнлари, маҳсулот намуналари билан яқиндан танишди. Мутасаддиларга фаолиятни янада кенгайтириш юзасидан зарур йўл-йўриқлар берилди.

Эътиборга молик жиҳати шундаки, давлатимиз раҳбари ҳамма ерда биринчи навбатда одамлар билан дилдан суҳбат қилди. Уларнинг дардини ва муаммоларини диққат билан тинглади. Асосий мақсад аҳоли жон бошига даромадни ошириш ҳисобига халқнинг турмуш даражасини оширишдан иборат эканлигини таъкидлади. Шу билан бирга ҳамма натижаларга танқидий нуқтаи назаридан баҳо бериш лозимлигини уқтирди. Акс ҳолда ютуқлардан мағрурланиб, қолоқликка йўл қўйиш ҳам ҳеч гап эмас.

Биз Андижонда билдирилган фикр-мулоҳазалардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда ҳар бир жабҳада ўз ишимизни қайта қуриб олишимиз даркор. Шунда олдимизга қўйилган марраларни муваффақиятли эгаллашимиз мумкин.

 

Баҳодир БОЛТАБОЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

 Наманган вилоят Кенгаши

 раисининг ўринбосари   

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+