Тарбия – сув ва ҳаводек зарурият

15.06.2021 12:06:44

Тарбия инсон учун муҳим бўлган сув ва ҳаво каби заруриятдир. Ҳаёт-мамот масаласи сифатида талқин қилинадиган ушбу муҳим омил вақт ўтгани сайин тобора долзарблик аҳамиятини намоён этмоқда. Энг гўзал тарбия Ер юзида Муҳаммад расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тарбиялари ҳисобланади. Биз бу улуғ зотнинг сийратларидан илм бир дарахт бўлса тарбия унинг меваси эканлигини билиб оламиз. Бугунги кунимиздаги бу борадаги муаммолар эса биз катталарнинг йўл қўяётган хатоларимиз ва  бефарқликларимиз боис юзага келмоқда.

Ҳар бир инсон жамиятда мункар ишларга бефарқ бўлмаслиги ва уларни  тўхтатишга кучи етмаса ҳеч бўлмаса тили ёки дили билан тўхтатиши зарур бўлган шартли амаллардандир. Тарбияга энг  катта ғов бўлиб уни гўзаллаштиришга тўсқинлик қилаётган иллатлар сирасидан лоқайдлик, бепарволик, оилада ота-она фарзандлари тарбияси учун вақт ажратмаслиги каби иллатларни санаб ўтиш жоиз.

Болаларни тарбиялаш учун уларга намуна ўлароқ аввало катталар ўзларини ислоҳ қилишлари зарур. Чунки, болаларнинг аксари катталарга қулоқ солишдан кўра тақлид қилишади. Масалан, бола  ўйинчоқни синдирди, дейлик. Отаси янги  ўйинчоқ сотиб олиб берса, бу билан фарзанд моддий ашёлар қийматини билмайди. Яъни, бу иши билан ота фарзанди тарбиясини хароб қилган бўлади.

Бола чиқиндини ерга ташлади. Онаси бақир-чақир қилиб, ерни тозалаб қўйса, бу  билан фарзанд хатоларига масъул эканини билмайди ва она ҳам ўзини ўзи гирдобга ташлайди.

Фарзандимизда нотўғри таассуротларни уйғотиш баробарида уни тартибли бўлишга ундаймиз-да, кейин улардан  нолиймиз, маломат қиламиз. Аслида ўзимиз тарбия услубимизни унутиб қўйган  бўламиз.

Баъзи оталар фарзанд тарбиясини фақат онанинг ўзига топшириб қўядилар. Тўғри, фарзанд кўпинча онаси билан бирга бўлади. Ҳолбуки, ота-онанинг  биргаликда таълим ва тарбия бериши ортидан бола ривожланиб, шаклланади. Фарзанднинг муносиб келажагини барпо этишда онанинг ўзи кифоя қилмайди.

Жамиятга бир шахсни етиштириб уни инсонлар орасига қўшиб юбориш кимлардир учун ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаган нарса бўлса, маънан етук ота учун бу ўта масъулиятли иш деб ҳисобланади. Чунки у тарбия берган бола тарбиясидан келиб чиқиб, вайронкор ғоялари билан жамиятда  бузғунчилик қилиши ёки бунёдкор ғоялари билан равнақ топтириши ҳам мумкин.

Ёмонлик ва ёвузлик ўзи жуда заиф разолатдир. Лекин булар ҳар бир поғонадан ўтгандан сўнг даражаси кўтарилиб, ўзи ҳам катталаша боради. Мисол тариқасида  бир подшоҳ шикорда кабоб емоқчи бўлиб, зобитига туз топиб келишини буюради ва қатъият билан унга пулга сотиб олишини  қайта-қайта тайинлайди. Вазирлардан бири:

– Эй подшоҳим, нега арзимас тузга бир неча бор такрор-такрор ўз пулига сотиб олишлигини тайинладингиз? – деб  сўрайди.

– Агар мен унга тузни текинга олиб келишни айтганимда у савдогарлардан умрининг охиригача пул тўламай нарса  олишга одатланар эди, – деб жавоб берган экан.

Демак, ёвузлик бошида арзимас нарса бўлса, зобитнинг ваколатига ўтгандан кейин бу катталашади. Ёмон тарбия ҳам ўзи кучсиз бўлиб, вақт ўтгани сайин қудратли ёвузликка айланиб, жиддий  таҳдид касб этиши мумкин.

Хулоса шуки, болалар тарбиясида биз катталар луғатимиздаги ёмон сўзларни ўчириб, фақатгина яхши сўзлардан фойдаланмоғимиз даркор. Фарзандлар учун ҳидоят ва муваффақият сўраб дуо қилиш тарбия масофасини қисқартириб, у йўлдаги машаққатларни енгиллатади. Бу хусусда Пайғамбарлар энг яхши намунадирлар.

Умуман, мактабдаги ўқувчиларнинг ҳаммаси ҳам бир хил эмас. Одоблиси ҳам, одобсизи ҳам учраб туради, албатта. Бу масалаларни бартараф этиш борасида мактабимизда бир қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Ҳафтанинг жума кунлари ўқувчи-ёшлар билан давра суҳбатлари ташкил қилинмоқда. Мактаб психологининг доимий мулоқоти йўлга қўйилган.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳурматли ота-оналар ҳам фарзандлари тарбияси учун мактаб билан ҳамкорликни мустаҳкамлашлари айни муддао. Мақсадимиз эса ягона – мустақил фикрлайдиган, келажак ҳаётида синовларни оқилона енгиб ўтадиган етук шахсни тарбиялашдир.

 

Амриддин ҲАКИМОВ,

Халқ депутатлари Нуробод туман Кенгаши депутати, тумандаги 13-умумий ўрта таълим мактаби директори

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+