Тарбиянинг ҳаётимиздаги аҳамияти

14.06.2021 16:06:27

Одобли, билимдон, меҳнатсевар, иймон-эътиқодли фарзанд нафақат ота-онанинг, балки бутун жамиятнинг энг катта бойлигидир. Дарҳақиқат, ҳар бир фарзанд шахси оилада шаклланади. Демак, оила-баркамол авлод пойдевори ҳисобланади. Шундай экан, оилада фарзандларни аҳлоқий-ҳуқуқий жиҳатдан тарбиялаш, айниқса, адолат, бурч, ватанпарварликни шакллантириш, она ватанни севиш ҳиссини уйғотиш ўта муҳим ҳисобланади.

Оилада фарзандларни ўз бурчига садоқат руҳида тарбиялаш масъулият, онглилик, виждон каби фазилатлар билан чамбарчас боғлиқдир. Бунда ота-онанинг ўзаро самимий муносабати, уларнинг фарзандлари билан яқин, дўстона муносабатда бўлиши, уларнинг келажакдаги орзу-мақсадларини тушуниб олишлари, фарзандларнинг соғ-саломат вояга етишлари учун асос бўлади.

Инсон тарбия жараёнида яхши хулқ-атворга, одатларга ва ақл-фаросат омилларига эга бўлган бўлса, ҳаёт сабоқларини шунчалик яхши англайди ва яхши ишларни амалга оширади ва аксинча, қанчалик тарбияси кам, ҳаётий кўникмалари оз бўлса, бундай шахс баъзан билиб ёки билмай ёмон ишларга қўл уради.

Ҳеч қачон болаларни тарбиялашда йўл қўйилган хато, камчиликлардан кўз юммаслигимиз керак. Ҳозирги турмушимизда баъзи бир одобсиз, билимсиз, ақлсиз, гиёҳванд, ота-онасига қўл кўтарадиган ва ўз болаларининг бахтсиз яшашига сабабчи бўлаётган кишилар учрайди. Бундайларнинг пайдо бўлишига асосий сабабчи ота-оналари-ку. Боласининг инсоний ҳатти-ҳаракатларига уларнинг тарбияга лоқайдликлари сабаб бўлган.

Яхши тарбия, баъзилар ўйлаганидек, бир соатлик ёки бир кунлик иш эмас. Мақсадли тарбия тарбиячидан чидам, матонат, катта билим ва тажриба талаб қилади. Демак, ҳар бир ота-она ва ўқитувчи тарбияга оид билим ва малакага эга бўлиши шарт.

Болалар тарбиясида тезда ижобий натижаларга эришиш учун уларга билим бериш билан бирга, маълум меҳнат жараёнларига жалб этиш, касб ва мутахассислик сир-синоатларини қўшиб ўргатиш мақсадга мувофиқдир. Тарбия ишининг баъзан самарасиз бўлишига асосий сабаблардан бири тарбия жараёнида тартиб-интизомнинг бўлмаслигидир. Шахс қанчалик меҳр-муҳаббат ва тартиб-интизом асосида тарбияланса, ёмон хатти-ҳаракатлардан шунчалик узоқ бўлади.

Тарбиянинг асосий мақсади ёшларни бахт-саодатли, ўз замонининг азиз, ҳурматли ва фидойи кишиси қилиб тарбиялашдан иборат.

Тарбиянинг мураккаблиги шундаки, у ҳеч қачон тугамайди, яъни киши туғилганидан то ўлгунига қадар зарур бўлади. Бундан ташқари, бир тарбия кўрган авлод ўрнига келган фарзандларни яна қайта бошдан тарбия қилиш даркор бўлади. Бу эса тарбиянинг тинимсиз даврийлигини ва абадийлигини кўрсатади. Ислом таълимотига кўра, фарзанд ота-она зиммасидаги омонат бўлиб, улар бу омонат ҳақида масъулдирлар. Фарзандлар тарбиясига эътиборсизлик улкан хато, омонатга хиёнат ва киши динининг нуқсонидир. Ота-она фарзандининг биринчи мураббийидирлар.

"Авесто"да баён этилган яхшилик руҳи - бу яратувчилик, бунёдкорлик кучи, ёмонлик руҳи эса бузиш ва бузғунчиликка олиб келади. Яхшилик ҳаёт рамзи, ерни одамлар фойдали ҳайвонлар ва ўсимликлар билан тўлдириш, инсоният умрини соғлик, куч-қудрат, бахт ва шодлик, умид ва ишонч, гўзаллик ва эзгу фикрат, тўкин-сочинлик билан мунаввар этмакдир. Ёмонлик эса бунинг акси, тескарисидир. Муқаддас манбада яхшилик, бунёдкорлик, эзгулик улуғланяпти, инсон яхшилик қилмоғи учун ерни севиши, уни ардоқлаши зарурлиги, шунингдек, фаол ва ҳакгўй бўлмоғи зарурлигига эътибор қаратилган. Шундагина инсоннинг фаоллиги ва ўз ишини билиши туфайли яхшилик дунёси кўпайиб, инсон ўз қалбидаги қат-қат ёмонлик, зулмат ва золимликдан фориғ бўлади.

Адолат, ҳақиқат, эзгулик, бунёдкорлик, маърифатпарварлик, фарзандлар тарбияси доимо аждодларимиз диққат-эътиборида бўлган. Ҳақиқатнинг мезони тўғрилик, ҳалолликдир. Шунинг учун ҳам "Авесто"да ҳақиқат мадҳ этилган, улуғланган. Чунки, ҳақиқат қарор топган жойда ўзаро ишонч, меҳр-оқибат қарор топишини, у ерда барқарорлик, тинчлик ва ривожланиш учун шарт-шароит бўлишини аждодларимиз яхши билганлар ва шу сабабли ушбу ғояларни фарзандлари онгига сингдиришга, уларни одобли- ахлоқли қилиб тарбиялашга алохида эътибор берганлар. "Авесто"нинг ҳаётбахш бу ҳикматлари бугунги кунда хам инсонларга беминнат хизмат қилиб, уларни маънавий бойитмокда. Мамлакатимизда мустақиллик йилларида маънавий-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, халқимизнинг бой тарихи, маданий-маънавий меросини ўрганиш борасида олиб борилаётган ибратли ишлар, улардан ёшлар тарбиясида фойдаланиш бугунги кун талабидир. Аждодларимизнинг буюк маънавий мероси "Авесто"да маънавият ва таълим-тарбия тўғрисида илгари сурилган ўлмас ғоялар баркамол авлод тарбиясида хозир хам муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

 

Зафаржон ИЛҲОМОВ,

Халқ депутатлари Чилонзор туман Кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+