Тарғибот тадбирига Янгиер мезбонлик қилди

29.09.2020 14:09:15

Тозалик йўлида бирлашайлик! Ўзида ана шундай шиорни ифодалаган навбатдаги лойиҳа ўз ишини бошлади. Лойиҳа доирасидаги дастлабки тарғибот тадбирларига  Ўзбекистон “Адолат” СДП Янгиер шаҳар Кенгаши мезбонлик қилди.  Халқ депутатлари Янгиер шаҳар Кенгаши депутатлари Тайир Самиев ва Ўткир Файзиевлар “Шодлик”, “Маърифат” ва “Бинокор” маҳаллаларида пандемия қоидаларига амал қилган ҳолда партиянинг мазкур лойиҳаси доирасида аҳоли билан мулоқот ўтказди. Фуқароларнинг ўз хонадонлари ва ён атрофларини тозалаш-ободонлаштириш ишларига жалб қилиш мақсадидаги ушбу лойиҳанинг ғоявий мақсад-муддаоси ва шартлари эълон қилинди.  “Энг тоза хонадон” ҳамда “Энг тоза кўча” соҳибларига партиянинг эсдалик совғаси ва алоҳида ташаккурномаси борлиги ҳам таъкидланди.  

Доимий равишда ўтказиб келинаётган мазкур лойиҳага аҳоли ўртасида қизиқувчиларнинг сони ҳам ортмоқда. Хусусан, Янгиер шаҳридаги маҳаллаларда ҳам хонадон соҳиблари, кўчабошилари ва маҳалла фаоллари томонидан лойиҳани амалга ошириш жараёнида ҳамкорлик қилиш таклифи берилаётгани қувонарли ҳол, албатта. Энг муҳими аҳолини карантин даврида фойдали машғулот билан шуғулланиши, ўзи яшаб турган манзилга ободлик нафасини олиб киришига эришишда мазкур лойиҳа ўз самарасини бермоқда, десак муболаға бўлмайди.

Масалан, Гулистон шаҳрида старт олган лойиҳанинг барча босқичларида унда иштирок этиш истагидаги маҳаллалар ва хонадон соҳиблари ўзлари истиқомат қилаётган манзилларнинг фотосуратларини партиянинг ҳудудий Кенгашларига тақдим қилишмоқда. Айниқса, “Сувчилар”, “Намуна”, “Обод юрт”, “Бўстон” маҳалласи аъзолари томонидан йўлланган фотосуратлар мазкур лойиҳа сабаб обод гўшаларга айланаётган, тоза ва озода хонадонлар сафи кенгаётганидан нишона. Ўзаро ҳамкорликда ташкил этилган ҳакамлар ҳайъати томонидан ғолибларни аниқлаш жараёнлари давом этмоқда. Зеро, тозалик йўлида бирлашиш ҳамжихатлик ва адолатни талаб қилади.

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят

Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+