Тарғибот тадбирлари кўпаймоқда

09.09.2021 12:09:24

“Адолат” СДП Наманган вилоят ташкилоти яқинлашиб келаётган Президент сайлови муносабати билан ўтказилаётган тарғибот тадбирлари кўламини кенгайтирмоқда. Корхона, ташкилот ва муассасаларда, аҳоли истиқомат жойларида ташкил этилаётган давра суҳбатлари, учрашувлар ва мулоқотларда асосий эътибор халқимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг турли жабҳаларида қўлга киритаётган ютуқларини тараннум этишга қаратилмоқда. Бунда партиямиз олиб бораётган ишлар, депутатларимизнинг серқирра фарлияти, жойларда сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни рўёбга чиқариш қандай бораётганлиги ҳам диққат марказида турибди.

Куни кеча Наманган туманидаги “Хўжақишлоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган давра суҳбатида ҳам шу ҳақда гап борди. "Сен қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!"  шиори остида ўтган тадбирда МФЙ аҳолиси вакиллари, шу ерда жойлашган 35-мактабгача таълим ташкилоти ходимлари, партия фаоллари иштирок этдилар. Сўзга чиққан “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари Ёрқиной Ҳожиматова, Кенгаш масъул ходими Дилшода Турғунова, “Адолат” СДП туман кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Лутфиддин Тўрабоев мард ва матонатли халқимиз қанчалик қийин ва оғир синовли кунларга дуч келмасин, ўзининг мустаҳкам иродасини намоён этиб, барча қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтганлигини алоҳида фахр билан тилга олдилар.

 – Бугунги тадбирдан иштирокчилар жуда катта ва унутилмас таассурот олдилар, - дейди 35-мактабгача таълим ташкилоти раҳбари Иқбола Сиддиқова. - Юртимизда Мустақилликнинг ўттиз йиллик байрами зўр тантаналар билан нишонлангани қувончли ҳолдир. Шу муносабат билан ўтказилган тадбирларда  қисқа давр ичида жонажон Ўзбекистонимиз машаққатли, шу билан бирга, шарафли истиқлол йўлини босиб ўтганлиги қайта-қайта қайд этилди. Хусусан, сўнгги беш йил мобайнида  амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизнинг бутун дунёга очилиши учун барча шароитларни яратаётгани ҳақида фикр юритилди. Айниқса, мактабгача таълим тизими фаолияти тубдан қайта қурилганлиги кенг жамоатчилик томонидан қизғин қўллаб-қувватланмоқда. Биз бу масала “Адолат” СДП дастуридан муносиб ўрин олганлигини ҳам биламиз.

Тадбир ниҳоясида иштирокчиларга партиямизнинг совға-саломлари топширилди. МТТ тарбияланувчилари эса бахтли болалик, севикли Ватан, Истиқлол ҳақидаги куй-қўшиқлардан иборат концерт дастурини намойиш этдилар.

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот хизмати

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+