Тарихий ғалаба барчамизни қувонтирди

10.08.2022 12:08:15

Куни кеча Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси якунланди

Бир неча кун Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳри дунё шахматчилари эътиборида бўлди. Бунда Ўзбекистон терма жамоасининг иштироки миллионлаб шахмат ихлосмандлари эътирофида бўлди. Унда Ўзбекистон шахмат мактабининг «Олтин авлоди» Олимпиада ўйинлари ғолибига айланди.

Айтиш жоизки, шахмат оламида етакчи мавқега эга халқлардан биримиз.Тарихда ҳам буюк саркарда Соҳибқирон Амир Темур даврида Самарқандда, улуғ давлат арбоби Мир Алишер Навоий даврида Ҳиротда шатранж мусобақалари тез-тез ўтказилиб турилганлиги манбалардан маълум. Бугун айниқса, давлатимизнинг шахматга бўлган эътибори ҳар қачонгидан юксак. Юқори даражадаги ҳар бир ҳужжат соҳа вакиллари учун навбатдаги мотивация, ғалабалар учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтамоқда. Хусусан, Ўзбекистон Президентининг яқинда қабул қилинган «Шахматни янада оммалаштириш ва ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш ва саралаш ҳамда уларни профессионал шахматга жалб қилиш нуфузли халқаро шахмат мусобақаларида совринли ўринларни эгаллаш, жаҳон стандартларига мос келадиган шахмат инфратузилмасини кенгайтириш йўлида навбатдаги қадам бўлди.

Шунингдек, тарихда биринчи марта 2026 йилда шахмат олимпиадасининг Ўзбекистонда бўлиши барчани тўлқинлантирди. Ҳақиқатан, биз мезбон сифатида шахмат олимпиадасининг юртимизда ўтказилишида ҳар томонлама лойиқ эканлигимизни эътироф этиб, энг катта анжуманда бизга ишонч билдирган давлатларнинг ишончини албатта ўзбек фарзандлари оқлайди, албатта.

Бир сўз билан айтганда, мазкур Олимпиадада юртимизнинг ёш истеъдодлари жаҳонда ўз номига, сўзига эга эканини кўрсатиб қўйди. Шахмат адолатли ўйин ва бу бежиз эмаски, бугун биз исботини кўриб турибмиз. Олимпиада ҳақиқий кураш майдони бўлди ва йигитлар ҳақиқий ғалабага эришдилар. Йигитларимиз ажойиб ўйин кўрсатишди. Улар бошиданоқ ташаббусни қўлга олиб ҳар партияда шунчалик илғорлик билан ўйнашдики, ғалабанинг шукуҳи шундоққина сезилиб турарди. Айниқса улар орасида Нодирбек Абдусатторовнинг ўйини барчанинг эътиборини тортди. Албатта, Ўзбекистон медаллар учун жуда қаттиқ курашди. Пухта ўйланган ёндашувлар туфайли ғалаба қозониб олимпиадада ғолибликни қўлга киритишди. Олимпиада пешқадамлари жадвалда олтинчи ўринда турган Нидерландия терма жамоаларини 11чи тур ҳал қилувчи баҳсда ютиб ғалаба қозониши юртимиздаги барча ёшларнинг ҳамда ёши улуғларнинг олқишига сабаб бўлди. Чемпионликни қўлга киритган шахматчиларимиз учун энг қувонарлиси бу айнан Президентимизнинг телефон орқали йўллаган табриги бўлди.

Мухтасар айтганда, Ченнайдаги бутунжаҳон олимпиадаси спортимиз солномасининг янги саҳифасига айланди.Биз илк бор чемпионликни тантана қилдик. Биринчи марта олимпиадага мезбонлик ҳуқуқини қўлга киритдик. Ёшларимиз мана шундай олий ўринни эгаллаб янги Ўзбекистонни бутун дунёга таратган экан уларнинг муваффақиятлари, зафарлари бардавом бўлсин!

Сардор Очилов,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят “Ёш адолатчилар қаноти” Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+