Ташаббускорлик самара келтирмоқда

24.03.2022 17:03:18

Хизмат вазифаси юзасидан депутатлар билан тез-тез мулоқот қилишга тўғри келади. Уларнинг фаолияти билан қизиққанимизда, баъзилари вақт етишмаслигидан, муаммолар кўплигидан нолийди. Бошқалари эса эл манфаати учун ҳар қанча меҳнат қилса-да, Халқ депутатлари Поп туман кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоларини бемалол  ана шу иккинчи тоифага киритиш мумкин.

Мафтуна Маматова партиямизнинг халқ ишончини оқлашга астойдил бел боғлаган вакилларидан. У туман марказидан анча олисда – Маданият қишлоғида истиқомат қилади. Шу ердаги 31-умумтаълим мактабига раҳбарлик қилади. Директор сифатидаги ташвишлари етарли – таълим-тарбия жараёни, педагоглар ва ўқувчилар, ота-оналар  билан ишлаш, бошқа жамоатчилик топшириқлари... Депутат сифатидаги масъулияти ва вазифалари бундан кам эмас, бунинг устига сайлов округининг ҳудуди ҳам каттагина. Тез-тез сайловчилар ҳузурига бориб туриши керак.

 – Партия  ташкилоти етакчиси сифатида   иш олиб бораётганимга икки ярим йилдан ошди, - дейди “Адолат” СДП Поп туман кенгашининг раиси Зафаржон Ҳасанов. – Уч нафар депутатимиз бор, яъни гуруҳ тўлақонли фаолият кўрсатмоқда. Туман кенгашидаги ҳар бир вакилимиз нафақат ўзининг иш жойида, балки сайловчилар ва жамоатчилик ўртасида ҳам ўзига яраша обрў-эътиборга сазовор одамлар. Одамлар билан ишлашни яхши билади, ташкилотчилик қобилиятига эга, амалдаги қонунларни яхши тушунадилар. Ижтимоий-сиёсий ҳаёт янгиликларидан, партиямиз сиёсатидан хабардорлик даражаси ҳам юқори. Яна бир муҳим жиҳат – ташаббускорлик билан ишлайдилар, уларга ҳар бир масала бўйича топшириқ йўллаш ва кейин унинг   ижросини  суриштириш шарт эмас.

Депутатлик гуруҳи раҳбари М.  Маматованинг айтишича, ўтган йилнинг ўзида халқ депутатлари туман кенгаши сессиясига  учта масала киритилди.   Уларни тайёрлашда партия фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари ёрдамидан фойдаланилди. Бу, ҳеч шубҳасиз, партия нуфузини оширишда ҳам ўзига яраша аҳамиятга эга бўлди. Масалан, “Умумтаълим  мактабларида малакали тиббий хизмат кўрсатиш ҳолатини ўрганиш, болалар ўртасида яссиоёқлилик, сколиоз, стоматологик касалликларнинг олдини олиш ва даволаш, ҳамда профилактик тадбирларни кўзда тутувчи давлат дастурларини ишлаб чиқишга кўмаклашиш, болаларга кўрсатилаётган стоматологик ёрдам сифатини яхшилаш бўйича барча даражадаги давлат ҳокимияти ижроия органлари масъулиятини кучайтириш тўғрисида”ги масалани ўрганишга шифокор партиядошлар жалб этилди. Шунинг учун масала пишиқ-пухта ўрганилди. Муаммоларни аниқлаш, уларнинг ечими юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш ҳам нисбатан енгил кечди.

Сессияда “Адолат” СДП гуруҳи раҳбари М. Маматованинг маърузасини тинглаганлар  у ҳар жиҳатдан тўла-тўкис ёзилганини,  келтирилган ҳар бир факт ва рақам аниқ маълумотлар билан мустаҳкамланганини қайд этганликлари бежиз эмас. Боз устига муҳокама учун ниҳоятда муҳим масала танланганлиги ҳам ҳеч кимни бефарқ қолдирмади.  барча депутатларда яхши таассурот қолдирди. Партиядошларимиз ниҳоятда муҳим мавзуга мурожаат қилганликлари ўз самарасини берди.

Бугунги кунда тумандаги нафақат марказий йўллар, балки кўплаб ички кўчалар ҳам равон бўлиб бораётганини кўриш мумкин. Бунда ҳам халқ депутатлари туман кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи  аъзоларининг ўзига яраша ҳиссаси бор. Чунки уларнинг ташаббуси билан ўтган  йилги сессиялардан бирида бу масала ҳам муҳокама этилганди.

Бунга партиядош депутатларимиз  билан учрашувларда сайловчилар кўп марта шу масалани кўтарганликлари сабаб бўлди. Ҳақиқатан ҳам яқингача йўлларнинг аксарият қисми абгор ҳолатда эди. Бу эса нафақат йўловчиларга, балки  ҳайдовчиларга ҳам ноқулайликлар туғдирарди. Ҳатто шу сабабли рўй берган йўл-транспорт ҳодисалари йўқ эмасди. Демак, масала жиддий ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга салбий таъсир этаётгани аниқ эди. 

Шунинг учун ҳам депутатларимиз тумандаги йўллар ҳолатини обдон ўргандилар. Ҳар бир маҳалла кесимида таъмирталаб  ички  кўчаларнинг рўйхати шакллантирилди. Уларни МФЙ раислари тасдиқлаб бердилар. Ана шу рўйхат кейинчалик   туман йўллардан фойдаланиш  давлат унитар корхонаси ходимлари учун дастуриламал бўлиб қолди. Сессияда улар зиммасига аниқ вазифалар юклатилгани яхши самара келтирди.

Туман йўллардан фойдаланиш  давлат унитар корхонасидан олинган маълумотларга қараганда, бултур  жами   14.8 миллиард сўмлик йўл қурилиши ишлари бажарилди. 137 километр масофадаги кўчалар  шағалланди.  69 километрга эса асфальт  босилди. Охирги йиллари бирон марта бундай юқори натижаларга эришилмагани диққатга сазовордир.

Ўтган йили партиямиздан сайланган депутатлар яна бир ташаббусга қўл урдилар. Улар Попни озода ва саранжом-саришта ҳудудга айлантириш юзасидан ҳаракат бошлашга ҳаммани даъват этдилар. Бунинг учун “Адолат” СДПнинг “Тозалик йўлида бирлашайлик!” лойиҳаси асос қилиб олинди.

Албатта, бунинг учун мавжуд ҳолатни батафсил  ўрганиш ва атрофлича таҳлил  этиш лозим эди. Кейин эса кенг кўламли дастур ишлаб чиқиш мумкин бўларди. Ўрганиш учун бир ҳафтага яқин вақт кетди. Туман марказидан тортиб энг олис тоғли қишлоқлардаги аҳволгача ўрганилди.  Пировардида  маълумотлар умумлаштирилди  ва ахборот тайёрланди. Уни  доимий комиссияда кўриб чиқиш мақсад қилинганди.  Бироқ масала шу даражада кенг муҳокамага сабаб бўлдики,  таклиф ва мулоҳазалар кескин кўпайди. Шунда уни сессияга  ҳавола этиш фикри туғилди. Бу, барчага маъқул тушди. Қўшимча материаллар асосида матнга янада сайқал берилди. Сўнгра сессия муҳокамасига киритилди.

Депутатлар туманда озодагарчилик ва атроф муҳит мусаффолигини таъминлаш бўйича олиб борилган ишлар танқидий таҳлил этилганлиги  айни муддао бўлганлигини айтдилар. Аксарият МФЙлар ҳудудларида чиқиндилар белгиланмаган жойларга ташланаётганлиги, бунга маҳаллаларда  етарли миқдорда контейнерлар ўрнатилмаганлиги сабаблиги таъкидланди. Туман экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси ўз вазифасига совуққонлик билан қараётганлиги ҳам эътироф этилди.

Билдирилган барча ўринли таклиф ва мулоҳазалар  сессия қарорида ўз ифодасини топди. Жумладан, белгиланмаган жойларга ахлат тўккан фуқароларга жарима солиш,  корхона ва ташкилот раҳбарларининг  ўзлари эгаллаган ва атрофларидаги ҳудудларнинг тозалиги учун масъулиятини ошириш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, чиқиндиларни қайта ишлаш чораларини кўриш зарурлиги таъкидланди. Туман ободонлаштириш бошқармаси ҳамда. ”Тоза ҳудуд” МЧЖ Поп туман филиали фаолиятини такомиллаштириш юзасидан ҳам тадбирлар белгиланди. Айни пайтда уларнинг ижроси тўла назоратга олинган.

Бундан ташқари, депутатларимиз доимий комиссиялар фаолиятини жонлантиришга ҳам катта ҳисса қўшмоқдалар. Уларнинг таклифи билан ўтган йили ўндан ортиқ масала тайёрлангани ва муҳокама этилгани фикримиз далилидир. Мисол учун, Мафтуна Маматова ўзи педагог, мактаб директори эмасми, 2020-2021 ўқув йилида туман бўйича битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичларини ва уларнинг бандлигини таъминлаш масаласини ўрганиб берди. "Агроб“нк" туман бўлими бошқарувчисининг ўринбосари Аброр Рапиғалиев эса доимий комиссияга “Саховат ва кўмак” жамғармасига тушган маблағларнинг сарфланиши тўғрисидаги масалани кўтариб чиқди.

Ўтган йил охирида депутатларимиз сафига шифокор-тадбиркор Шамсиддин Абдураҳимов қўшилди. У туман марказида хусусий тиббиёт маркази очган. Унинг таклифи ва бевосита иштирокида доимий комиссияларнинг қўшма мажлисида юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг   Поп туманидаги  қабулхонаси мудири  Д.Абдувахобовнинг ҳисоботи эшитилди.

Бундай мисолларни яна келтириш мумкин. Чунки поплик депутатлар ҳар жабҳада фаоллик ва ташаббус кўрсатиб ишламоқдалар. Шунинг уун туманда “Адолат” СДПнинг нуфузи ортиб, сафлари кенгайиб бормоқда. Йил бошидан бери иккита бошланғич партия ташкилоти туйилди ва уларнинг сони 38 тага етди. Партия сафларига эса 75 киши қўшилди, бу билан умумий аъзолар сони тўрт минг нафардан ошди.

 

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби.

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+