Таъсирчан тадбирлар партия нуфузини юксалтиради

15.09.2021 15:09:47

Мамлакатимизда Президент сайлови тобора яқинлашмоқда. Сиёсий партиялар ҳам тарғибот тадбирларини  кучайтирмоқдалар. “Адолат” СДПнинг Наманган вилоят сайловолди штабида ҳам иш қизғин. Бу ерга тез-тез мурожаатчилар ташриф буюриб турибдилар. Навбатчи телефонга ҳам қўнғироқлар бўлиб турибди. Сайловчилар ўзларини қизиқтирган саволларга муфассал жавоблар олмоқдалар.

– Шу кунларда ҳар бир партия фаолининг тарғибот тадбирларида иштирок этишига эришишни ўз олдимизга асосий мақсад қилиб қўйганмиз, - дейди “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгашининг раиси Исроилжон Жўраев. – Бу, бизнинг сиёсий куч сифатидаги нуфузимиз юксалишига хизмат қилиши лозим. Аҳоли билан мулоқотлар, давра суҳбатлари, учрашувларни барча туманларда ўтказиш режалаштирилган. Шу ўринда мавзулар ранг-баранглигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Мазкур омил тадбирларнинг таъсирчанлиги ва самарадорлигини оширишга кўмаклашиши шубҳасиз.

Масалан, Давлатобод туманида ташкил этилган учрашув "Адолат - ҳар бир инсон учун!" деб номланди. У доим одамлар бидан гавжум бўладиган Ёшлар боғида ўтказилди. Маърифий-маданий тадбирда атрофдаги маҳаллаларнинг фуқаролари,   олимпия заҳиралари коллежи  педагог ходимлари, талаба ёшлар ва партия фаоллари қатнашдилар. Дастлаб маҳаллий санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар  барчанинг қалбига шукуҳ ва байрамона руҳ бахш  этди. Коллеж тарбияланувчилари бўлган  каратэчи ва гимнастикачиларнинг  чиқишлари эса тўпланганларнинг спортга  қизиқишларини янада оширди. Шундан сўнг бўлажак сайловлар, партиямизнинг айни кунлардаги фаолияти ҳақида сўз юритилди. Пировардида фаол иштирок этганлар эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

 – Тадбирдан сўнг коллежнинг юқори босқич талабалари билан суҳбатлашдим, - дейди “Адолат” СДП Давлатобод туман кенгашининг раиси Венера Отажонова. – Улар катта таассурот олганликларини изҳор этишди. Шу билан бирга партиямиз ҳақида кўплаб саволлар беришди. Мен уларга батафсил жавоб қайтардим. Сайловда илк бор иштирок этадиган ёшларга сиёсий адабиётлар ҳам совға қилдик.

                                                                                              Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

           

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+