Тасвирларда Конституция мадҳи

08.11.2022 11:11:56

Бахтимиз қомусининг моҳияти ва унинг давлат ривожида тутган ўрнини ёшлар онгига сингдириш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган тарғибот тадбирларининг энг аълоси ижодий танловлардир. Ўз қўллари билан яратилган асарлар, турли тасвирлар ёшларнинг тасаввурини янада кенгайтириб, мавзу моҳиятини яхшироқ англашига кўмак беради. «Адолат» СДПнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллигига бағишланган «Конституция ранглар жилосида» расмлар кўрик-танлови ана шу эзгу мақсадни қамраб олган. Республикамизнинг барча ҳудудлари бўйлаб юксак савияда ташкил этилган танловнинг ҳудудий босқичлари Фарғона вилоятида ҳам қизғин кечди.

Партиянинг Учкўприк туман Кенгаши томонидан тумандаги ахборот кутубхона марказида туман халқ таълими бўлими ҳамда туман маънавият ва маърифат бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилган танловнинг ҳудудий босқичи ҳудуддаги иқтидорли ёшларга унутилмас онларни туҳфа этди. 

Сабаби иқтидорли ўқувчилар ўз ижодий ишлари орқали она ватанимиз тинчлиги, бахтиёр болалик, оила қувончи, бахтимиз қомусини турли рангларда акс эттирдилар. Қува туманининг 13-сонли мусиқа ва санъат мактабида партиянинг туман Кенгаши томонидан ўтказилган танлов жуда қизиқарли ва ҳаяжонли кечди. Унда партиянинг вилоят Кенгаши раиси в.б Ш.Эгамов иштирок этиб, ғолибларга ва барча иштирокчиларга партиянинг эсдалик совғалари ва ташаккурномаларини топширди.

Қўштепа туман Кенгаши томонидан туманининг 15-сонли мусиқа ва санъат мактабида ўтказилган тадбирда ҳам ўқувчилар турли тасвирларда ўз келажаги, бугунги ҳаёти, яқинлари қувончини Конституция тасвири билан ёнма-ён акс эттириб, тасаввурларини қоғозларга муҳрладилар.

- Бахтимиз қомуси қабул қилинганлигининг 30 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган танловда туманимиздаги умумтаълим мактаби ўқувчилари иштироки таъминланди,– дейди партиянинг Бағдод туман Кенгаши раиси Э.Абдувалиева. – Ёш мусаввирларнинг ижодий ишларига қараб завқ олиш мумкин. Серқуёш замин, тинчлик, миллий давлат рамзлари, гербимиз, байроғимиз акс эттирилган. Турли ёрқин ранглардан фойдаланилган. Бу ҳам уларнинг тасаввури кенглиги, муҳим ҳуқуқий ҳужжатнинг ижтимоий ва сиёсий аҳамиятини намоён этади. Танлов давомида барча ўқувчиларни тақдирлашга ҳаракат қилдик. Чунки ижодий ишларнинг барчаси мақтовга лойиқ.

«Адолат» СДП

Фарғона вилоят Кенгаши матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+