Таътил бошланди — ёзни болалар қандай ўтказмоқда?

25.06.2024 16:06:42

Болалар учун ёзги таътилни мароқли, мазмунли ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга. Зеро, ёзги таътил мактаб машғулотидан чарчаган ўқувчи тўлиқ дам олиши, куч тўплаши ва соғлиғини яхшилаши мумкин бўлган вақт ҳисобланади. Болаларнинг ёзги таътилини мароқли ва мазмунли ўтказиш мақсадида республикамизнинг барча ҳудудларидаги болалар оромгоҳларида бу йилги мавсумига пухта тайёргарлик кўрилмоқда. Оромгоҳлар болаларнинг мароқли дам олишлари, вақтни мазмунли ўтказишлари учун энг яхши соғломлаштириш маскани ҳисобланади. Бу маскан болаларнинг бўш вақтини самарали ташкил қилиш билан бир қаторда, уларни янги дўстлар орттиришларига замин яратади. Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида 6 та болалар ёзги соғломлаштириш оромгоҳлари фаолият юритмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Ўрингул Аллабергенова ва Ўзбекистон «Адолат» СДП Тўрткўл туман Кенгаши томонидан болалар оромгоҳларидаги қулайликлар, яратилган шароитларнинг даражаси билан яқиндан танишиш мақсадида Тўрткўл туман, «Шўрахон» МФЙ ҳудудида жойлашган «Оқ кабутар» болалар соғломлаштириш оромгоҳида яратилган шароитлар ўрганилди. «Оқ кабутар» оромгоҳи 7-14 ёшли болалар учун ёзги соғломлаштириш оромгоҳи бўлиб, Тўрткўл шаҳридан 14 км узоқликдаги экологик тоза ҳудудда жойлашган. Кўп йиллик чинорлар билан тўлдирилган 3.05 гектар майдон ажойиб дам олиш учун қулай муҳит яратади. Партия томонидан ишлаб чиқилган махсус саволнома асосидаги ўрганиш ишлари натижаларига кўра, оромгоҳ жорий йилги режасига кўра 1000 нафар болажонларимиз ёзни-соз ўтказишига тайёр. Атроф муҳит саранжом-саришта, тоза ва обод. Ичимлик суви, ётоқхона, ошхона ва ҳожатхоналар санитария-гигиена талабларига мос, озиқ-овқат захираси ва сифат даражаси меъёр талабига яқин. Ҳозирги кунда оромгоҳда биринчи босқичда 210 нафар ўғил-қиз дам олмоқда. Ҳордиқ чиқариш дамлари мароқли ўтиши учун зарур шароитлар яратилган. «Моҳир қўллар», «Ёш рассомлар», инглиз тили ва спорт тўгараклари ўқувчилар билан гавжум. Оромгоҳда режа асосида қизиқарли тадбир ва мусобақалар мунтазам ўтказилмоқда. «Талантлар танлови» дам олувчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу танловда ҳар йили «Энг яхши рассом», «Энг яхши спортчи», «Энг яхши қўшиқчи», «Энг фаол китобхон» номинациялари бўйича ғолиблар аниқланади. Оромгоҳда спорт майдончалари ва чўмилиш ҳавзаси мунтазам фаолият кўрсатмоқда. Мусобақалар, саёҳатлар оромгоҳ шифокори ва ҳамширалари томонидан назоратга олинган. Партия томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳ ўқувчилар билан суҳбатлашиб, таассуротлари билан ўртоқлашди. Болалар дам олиш зўр бўляпти, келаси мавсум ҳам шу ерда дам оламиз, дейишмоқда. Болаларнинг оромгоҳ ҳақидаги бундай илиқ фикрлари бу масканда хизмат кўрсатиш ва дам олувчилар учун шароитлар намунали йўлга қўйилганидан дарак беради.

Ўрингул АЛЛАБEРГEНОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси
Жўқорғи Кенгеси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+