Тажрибали депутат “Адолат” кўкрак нишони билан тақдирланди

27.02.2020 16:02:23

- Халқнинг ишончи сайловларда намоён бўлган бўлса, “Адолат” кўкрак нишони партиянинг менга бўлган  ишончини ўзида ифодалади, - дея фахруифтихор билан сўз бошлади Халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгаши депутати  Салоҳиддин Элмуродов биз билан суҳбатда. Чунки иккинчи маротаба вилоят Кенгашига Бахт сайлов округидан депутат бўлиб сайланган бу инсон чинакам маънода сайловчиларнинг ишончига сазовор бўлиб улгурган фахрий депутатлардан ҳисобланади. 

2014 йилдан буён “Адолат” СДП аъзоси бўлган  Салоҳиддин Элмуродов партиянинг вилоят Кенгаши  фаолиятида  ҳам ҳамиша фаоллик кўрсатади. Амалга ошириладиган лойиҳаларда ўзининг таклифлари, ташаббуслари билан иштирок этибгина қолмай, маҳаллий Кенгашдаги партия депутатлик гуруҳи томонидан Кенгаш сессияларига олиб чиқилган бир қатор муҳим масалаларнинг муаллифи ҳамдир. Хусусан сайлов округидаги “Тадбиркор”, “Тинчлик”, “Ишонч”, “Хазина”, “Бешбулоқ”, “Янгиобод” маҳаллалари аҳолиси билан ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари бўлиб ўтадиган мулоқотларида 1000 га яқин фуқарлларнинг оғзаки ва ёзма мурожаатларини   қабул қилди. Партиянинг Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги  депутатлик гуруҳи аъзоси сифатида  Халқ депутатлари вилоят Кенгаши  сессияларига   7 та  масала киритиб, мурожаатларнинг  ечимига дахлдор ва масъул бўлган корхона, ташкилотларга  520 дан ортиқ депутатлик сўровларини  берди. Депутат қачон халқнинг ишончини қозонади, деган саволимизга тажрибали депутатимиз “Мурожаатга депутат томонидан ечим топилсагина”, дея жавоб берди. Чунки аҳолининг сизга ишониб айтган масаласига шунчаки ёндашиб бўлмайди. Ўз вақтида ечим топа билиш эса депутатдан маҳорат, сиёсий-ҳуқуқий билим ва фаолликни талаб қилади. Дарҳақиқат, бу механизмни қанчалик самарали эканлигини унинг депутатлик фаолияти мобайнида ҳам кўриш мумкин. Халқ билан хамнафас бўлган депутат томонидан юборилган депутатлик сўровлари натижасида шу кунгача Бахт шаҳрида “Ҳунармандчилар шаҳри” ташкил этилмоқда.  Маҳаллий бюджет ҳисобидан 6 млрд. сўм пул маблағи ажратилаётган  мазкур шаҳарча ўзида бир қатор ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланувчи  аҳолини қамраб олади ва бўш иш ўринларини яратилишига замин яратади. Шунингдек, сайлов округидаги “Бешбулоқ” маҳалласида 125 ўринга мўлжалланган мактабгача таълим ташкилоти биноси қурилди ва фойдаланишга топширилиш  арафасида. Айнан ушбу маҳаллада сув минораси қурилди ва бугун 500 га яқин хонадон, яъни 3045 нафар  аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди.  

Узоқ йиллар мобайнида мазкур маҳалла қабристони сизот сувлар йиғилиши натижасида захлаб кетар эди. Фуқароларнинг мазкур масала борасидаги мурожаатларини ўрганиб чиққан Салоҳиддин Элмуродов ечим ҳам топди. Масъул ташкилотларнинг хизмати билан эндиликда маҳалла қабристони ободонлаштирилди, сизот сувлардан ҳоли этилди. Бундан ташқари, Бахт шаҳридаги қурилганига узоқ йиллар бўлган, таъмирга муҳтож холга келиб қолган кўп қаватли уйларнинг том ва фасад қисмларини таъмирлаш масаласи ҳал этилди. Шаҳарчада депутатлик сўровлари натижасида қуриб битказилган сув иншооти бугунги кунда аҳолини тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондирмоқда. 13 мингга яқин аҳоли истиқомат қиладиган ушбу шаҳарда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминловчи белгиларнинг талаб даражасида эмаслиги ҳам депутатнинг эътиборидан ва фаолият режасидан четда қолмади.  Вилоят ИИБ ЙХХБ билан ҳамкорликда ўтказилган ўрганишлар тадбирлари натижасида 2018 йилда Бахт шаҳрида йўл ҳаракати белгилари ўрнатиб чиқилди. Лекин бу билан депутат ўз фаолиятидан тўла кўнгли тўлмаётганини, келгуси 5 йиллик фаолиятида катта катта мақсадлар ва ишлар уни кутиб турганини кучу-ғайрат билан тилга олди.

40 йил таълим тизимида турли лавозимларда иш фаолиятини олиб борган Салоҳиддин Элмуродов ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Маърифатпарварлар жамияти Сирдарё вилоят бўлимининг раиси лавозимида ишламоқда.

-Таълим тизимидаги иш фаолиятим мобайнида  “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони, “Ўзбекистон мустақиллигининг 10 йиллиги” кўкрак нишони, Халқ таълими вазирлигининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланганман. – дейди у - Буларнинг бари менга бўлган эътибор ва рағбатнинг намунаси эди. Ўз вақтида мазкур ютуқларимдан рухланганман, ҳанузгача фахрланаман. Яқиндагина “Адолат СДП Сиёсий Кенгаши томонидан “Адолат” кўкрак нишони билан тақдирлашгани эса мен учун улкан рағбат ва эътироф бўлди, десам муболаға бўлмайди.

Ишонч намунаси сифатида мазкур ютуқни эътироф этган Салоҳиддин Хомидқулович маҳаллий Кенгашлардаги барча ёш депутатларимиз учун ўрнак бўлишга арзигулик даражасида ўз иш режалари билан ўртоқлашди. Бу эса келгуси мақолаларимизга мавзу бўлиши аниқ.

 

Ўзбекистон Адолат СДП

Сирдарё вилояти Кенгаши матбуот хизмати  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+