Терговдаги шахс ички ишлар биносида вафот этган ҳолатда ҳар бир ҳолатни ошкора тергов қилиб, айбдорга нисбатан қатъий жавобгарлик чораларини кўриш лозим

20.09.2024 18:09:25

Бекобод шаҳри, Бўка, Чироқчи, Каттақўрғон тумани ички ишлар органлари биноларида фуқароларнинг вафот этиши билан боғлиқ ҳолатлар жамоатчилик орасида катта акс-садо берди.

Ички ишлар ходимларининг халқ ҳимоячиси бўла туриб инсон ҳуқуқларини бузиши, фуқароларга нисбатан қийноққа солиш, шафқатсиз ва ғайриинсоний жазо турларини қўллаши ачинарли ҳолат, албатта. Бундай ҳолатлар ички ишлар органига нисбатан халқ ишончининг йўқолишига, мамлакатнинг халқаро имижига салбий таъсир кўрсатади.

Статистика маълумотларига эътибор қаратадиган бўлсак, республикамизда 2020 йилда 16 та, 2021 йилда 8 та, 2022 йилда 5 та, 2023 йилда 5 та қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш жиноятлари содир этилган.

Мавжуд ҳолатдан келиб чиқиб, “Адолат” СДП тергов остидаги шахс ички ишлар биносида вафот этган ҳолатда ҳар бир ҳолатни ошкора тергов қилиб, айбдорга нисбатан қатъий жавобгарлик кўриш ташаббусини илгари сурмоқда. Ушбу ташаббус доирасида қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш таклиф этилмоқда:

- қийноқнинг олдини олиш нодавлат-нотижорат ташкилотини тузиш, унинг ички ишлар органлари билан яқин ҳамкорликда ишлаш механизмларини белгилаш. Ҳозирги пайтда 60 дан ортиқ, хусусан, Германия, Грузия, Туркия, Эстония каби давлатларда бундай жамоат ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилган;

- қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш жиноятини содир этган шахсга нисбатан шартли ҳукм қилиш, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш, жазони енгилроғи билан алмаштириш институтлари қўлланилмаслигига оид нормани қонунчиликка киритиш;

- рақамли технологияларни қўллаш, хусусан, фуқаронинг ички ишлар органи биносига кириб келишидан то чиқиб кетгунига қадар бўлган вақтда видеокузатув (бодикамера) назорати остида бўлишини таъминлаш;

- қийноқнинг олдини олиш бўйича умумэътироф этилган халқаро нормаларни миллий қонунчиликка татбиқ этиш, хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашга қарши Конвенцияси Факультатив протоколи”ни ратификация қилиш (Нью-Йорк, 2002 йил 18 декабрь).

Партиямизнинг ушбу таклифлари жорий этилиши асносида ички ишлар ходимлари томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўлиқ таъминланишига эришилади ҳамда фуқароларга нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига йўл қўйилишининг олди олинади.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+