Тeрроризм ва экстрeмизмга қарши курашиш йўлидаги маънавият

29.08.2022 14:08:34

Ўзбекистон тарихан анъанавий ислом кенг тарқалган ҳудудлардан ҳисобланади. Бу дин кўҳна тарихимизда ўзининг инсонпарварлик, адолатпарварлик, маърифатпарварлик ва юксак ахлоқийликни даъват этувчи ғоялари билан маънавий ҳаётимизни юқори даражага кўтариш учун хизмат қилиб келмоқда. Ҳаёт талабларига мумкин қадар асосланган ҳолда Қуръон ва ҳадисларга мувофиқ баён этилган шариат аҳкомлари-дунёвий давлат қонунлари билан бир вақтда жамиятни иқтисодий-ижтимоий ва сиёсий, ахлоқий жиҳатлардан мустаҳкамлаш ва юксалтириш учун муҳим омиллардан бири бўлган. Шуниси аёнки, суннийликнинг xанафий мазҳабига мансуб бўлган мусулмонлар яшайдиган ҳудудимизда аҳолининг фундаментализм, айниқса экстремизмга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Xўш, диний фундаментализм, шу жумладан ислом фундаментализми ва унинг келиб чиқиши, моҳияти деганда нимани тушунмоқ керак? Бу саволга қисқа жавоб қуйидагилардан иборат.

Фундаментализм тушунчасининг асл келиб чиқиши илдизини Республикамиз олимларидан профессор Ҳ.Кароматов ўзининг «Фундаментализм ёҳуд тўқликка шўхлик» деган мақоласида жуда ўринли далиллар билан асосланиб берган. Бу олимнинг таъкидлашича, ҳозирги вақтда фундаментализм деганда аксарият ҳолларда ислом фундаментализми назарда тутиляпти. «Аслида,-деб ёзган эди у, - фундаментализм ХХ асрда христиан «модернизми»нинг ривожига қарши вужудга келган ўзига хос христиан оқимига берилган номдир. Мазкур модернизм турли соҳаларда акс таъсир туғдириб, Америка Қўшма Штатларида айниқса шиддатли тус олди».

ХХ асрнинг охирги чорагида исломнинг қайта жонланиши жараёнига узвий боғлиқ бўлган оқимлар, ҳаракатлар шу ном билан аталадиган бўлди. Ислом фундаментализми, мусулмон фундаменталистлари деган атамалар шу тарзда ишлатила бошланди; бу атама ортодоксал исломнинг тикланиши ва шу хусусидаги тадқиқотларнинг таркибий қисмига айланиб қолди. Шу тариқа у ҳозирги замон исломидаги уч оқимнинг бирига айланди. Қолганлари ислом традиционализми ва модернизмидир. Анъанавий ислом тарқалган мамлакатлар-Миср, Жазоир, Тунис, Ливия, Туркия, Эрон, Покистон, Саудия Арабистони, Сурия, Ироқ каби мамлакатлар жаҳон мустамлакачилик системаси парчалангандан сўнг мустақил ривожланиш йўлига ўтдилар.

Натижада ХХ асрнинг 80-90 йилларида уларда юз берган ижтимоий-иқтисодий силжишлар негизида бутун дунёда диний омил, айниқса ислом омили фаоллашди. Бу даврда икки бир-бирига зид майл дунёга келди. Бир томондан, бутун дунёда диний эътиқоднинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маънавий ҳаётдаги мавқеи тиклана бошлаган эди; иккинчи томондан бу майлга қарши мафкураларга мойиллик шаклланган эди: бу икки майл орасида зиддиятлар юзага кела бошлади.

Мазкур ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маънавий зиддиятлар асосида «ислом омили», «Ислом уйғониши», «Ислом феномени», ислом фундаментализми деган атамалар, «Исломлаштириш», «Сиёсийлаштирилган ислом» каби тушунчалар ва улар байроғи остида турли оқимлар пайдо бўлди. Булар қаторига «Мусулмон биродарлари», «Ҳизбуллоҳ», «Ваҳҳобийлик», «Ҳизбут таҳрир ал-исломий» каби ўнлаб ташкилот, партия, уюшмалар кирарди. Булар экстремистик, террористик хусусият касб этган. Ваҳҳобийлар фундаментализмда, бинобарин, ақидапарастликда Ибн Ҳанбал таълимотидан ҳам сўллашиб, мақсад ва таълимотлари ўтмаган ҳудудларда куч, ҳатто қилич ишлатишга жаҳду-жадал қилганлар. Уларнинг таълимотича пайғамбар, мусулмон оламининг азизлари қабрларини зиёрат қилиш бидъат ҳисобланган, фақат Аллоҳга сиғиниш фарздир деб тарғиб қилинган. Улар сўфийлар таълимотини исломга зид деб даъво қилганлар.

Маълумки, суннизм йўналишида фақат 4 мазҳаб мусулмон фақиҳлари, муфассирлари, муҳаддислари, энг нуфузли уламолари эътироф қилган мазҳаб деб ҳисобланади. Булар ҳанафия, моликия, шофиийя, ҳанбалия бўлиб, уларнинг ичида энг кенг тарқалгани ҳанафия мазҳабидир. Олимларимизнинг фикрича, дунёда
1,4 миллиарддан зиёд мусулмон аҳолиси бўлиб, шундан 92,5 фоизини суннийлар ташкил этади. Жами суннийлардан Ҳанафийлар 47 фоиз, шофиъийлар 27 фоиз, молийкийлар 17 фоиз ва ҳанабалийлар 1,5 фоизни ташкил этади. Қолган 7,5 фоизи шиалар, ибодийлар ва хорижийлардан иборат.

Исломнинг 14 асрлик тарихи тажрибаси шуни кўрсатадики, унда ҳар қандай янги бир мазҳабни тарғиб қилиб, тоифачиликка берилиш ёки бирор оқим яратишга интилиш доимо сиёсий ва ғаразгўйлик мақсадларига хизмат қилган. Ҳатто мусулмон дунёсининг муайян бир қисмида расмий ислом оқими деб эътироф қилинган шиизмнинг ҳам дастлабки шаклланишида маълум сиёсий мақсадлар туфайли вужудга келган. Ваҳҳобийлар суннийларнинг фақат 1,5 фоизини ташкил этувчи ҳанбалийлар мазҳабига мансуб бўлиб, улар асосан Саудия Арабистонида яшайди. Улар дунёвий қадриятларга нисбатан ўта муросасиз диний мафкурага асосланган. Ваҳҳобийлар суннийликдаги жуда озчиликни ташкил этувчи ҳанбалийлар оқимига мансуб бўлишига қарамай, мусулмон аҳолисининг кўпчилигини ташкил этувчи ҳанафийларни ислом динидан чекинувчилар деб ўринсиз ҳисоблайдилар.

Мухтасар қилиб айтганда, турли мамлакатларнинг қонун чиқарувчилари терроризмнинг ягона таърифига келишмади. МДҲга Аъзо давлатларнинг жиноят кодексларида қайд этилган террористик жиноятларнинг хатти - ҳаракатлари ва белгиларини ўрганиш ва умумлаштириш В.П.Эмелянов терроризмнинг қуйидаги таърифини ишлаб чиқади: терроризм-бу ҳар қандай қарор қабул қилишга бевосита ёки билвосита таъсир кўрсатиш мақсадида аҳолини ёки ижтимоий гуруҳларни қўрқитишга қаратилган оммавий равишда содир этилган умумий хавфли ҳаракатлар ёки таҳдидлар, уни террорчилар манфаати учун рад этишдир.

Ислом МУҲАМEДОВ,

ФВВ Академияси

катта ўқитувчиси, майор.

Қаҳрамон ИБРАГИМОВ,

Тошкент Божхона

институти, курсант.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+