Тест бозоридаги сотувчилар ким аслида?

16.06.2021 13:06:44

Олий таълим даргоҳига кириш мақсадидаги  баъзи бир абитуриентлар борки, тест  асосидаги кириш  имтиҳонлардан “силлиққина” ўтишни хоҳлайди. Чунки ўз вақтида дарсни мукаммал ўзлаштирмагани сабабли  тест таркибидаги саволлар жуда қийин бўлиб кўринади. Натижада осон йўлни излаган бўлажак талаба ўзини ўқишга киритишда уддабурон ҳисоблайдиган  фирибгарнинг тўрига илинади. “Бир балоси бўлмаса шудгорда қуйруқ на қилур” мақолини билмаганлар эса “шу вариантлар  имтиҳонда тушади” деган ёлғон ваъдага алданиб юраверади. Куни кеча ижтимоий тармоқларда тарқалган “Миллий сертификат атрофидаги миллий ўйинлар” сарлавҳаси остидаги хабар ва унинг атрофидаги муносабатларни ўқир эканман, “тест ўйинлари”да кўпроқ кимнинг айби борлигини тушунмай ҳам қолдим.

Чунки ўқувчиларга Миллий сертификат имтиҳонларининг тест саволларини сотиб,  ўша ерда уларни ёдлатишга ҳаракат қилган репетиторлар айбдор десак, улар тест вариантларини қаердан олади унда, деган савол ўз ўзидан келиб чиқади. Агар вазият ростдан ҳам ДТМ томонидан 2021 йил 12 июнь куни берилган расмий баёнотдагидек бўлсачи? Яъни, айрим ўқув марказлари томонидан «бу саволлар тушади» баҳонасида тайёрланган саволлар жамланмаси шахсларга сотилган бўлиб, бугунги кунда мазкур ҳолатлар бўйича тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва Давлат тест маркази ҳамкорлигида текшириш ишлари олиб борилаётган бўлсачи? Унда беш юз, минг АҚШ долларга баҳоланаётган тестларнинг сотувчиларига бунчалик  ишонч қаердан келди экан?

Айни вақтда талабаликни орзу қилиб ширин ташвишлар билан юрган  абитуринетлар тест саволларининг X варианти тарқаб кетгани билан боғлиқ бу вазиятда бевосита иштирокчи бўлиб қолаётгани ачинарли ҳол аслида. Чунки бу ёшларда ҳаққоний тест тизимига бўлган ишонч бор эди. Агар  яхши билим олиб, тинимсиз  тайёрланса, тестдан юқори балл олишига умид қилиб турган айни паллада илмни ҳам пулга сотиб олиш мумкин, деган хулосага келмайдими?  Тизимга масъуллар шу каби саволларга жавоб ҳақида ўйлашса яхшироқ бўларди. Чунки бундай ҳолатлар келажакда ёшлар билан бир қаторда давлат равнақига, унинг имиджига ҳам салбий таъсир қилиши тайин. Зеро шаффофлик ва ҳақиқатга асосланган миллий тест тизимига эришмас эканмиз, Олий таълим даргоҳларига билими  кучлилар  эмас, пули кўплар киради, деган нотўғри тушунча ёшларимизнинг онгида сақланиб қолаверади. Ойдинлашган бу каби вазиятларнинг кундалик ҳаётимизда яна такрорланмаслиги учун эса ДТМ бу вазиятдан тегишли хулоса чиқариши зарур.

Ёки ахборот асри ҳисобланган бугунги кунда миллий тест тизими электрон назоратга олинсин ва ҳимоя қилинсин. Шундагина истаган одам ДТМ базасидан тест вариантларини олиб чиқиб кета олмайди. Натижада ДТМга бўлган ишонч ҳам ортган бўлдармиди? Буни энди вақт кўрсатади.

 

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА, 

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сирдарё вилоят  Кенгаши матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+