Тест тизимидаги коррупция – Учинчи Ренессансга асосий ғов

16.06.2021 12:06:23

Яқинда ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар “Янги Ўзбекистон” шиори остида амалга оширлаётган туб ислоҳотларга нисбатан шубҳа пайдо қилмоқда. Бунга миллий сертификат атрофидаги гап-сўзлар сабаб бўлмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 октябрдаги “Умумтаълим фанларини билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизимини жорий этиш тўғрисида” 646-сон қарорида босқичма-босқич умумтаълим фанларини билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизимини жорий этилиши белгиланган. Шу асосда кимё, биология, математика ҳамда она тили ва адабиёт (ўзбек тили ва адабиёти, рус тили ва адабиёти, қорақалпоқ тили ва адабиёти) фанларидан миллий тест тизими жорий этилган.

Эълон қилинган хабарда айрим хусусий ўқув марказлари томонидан ташкил қилган Миллий сертификат имтиҳонларининг тест ва саволларини сотиб олиб берган ва уларни ёдлатишганлиги айтилмоқда.

Мазкур ҳолатнинг республикамизнинг 6 та ҳудудида - Андижон, Бухоро, Самарқанд, Сирдарё, Наманган ҳамда Фарғона вилоятларида кузатилган. 

Тан олиб айтиш керакки, сўнги вақтларда мамлакатимизда мазкур тизимда кўплаб ислоҳотлар амалга оширилиб, бугун ўз мевасини бермоқда. Шунга қарамасдан, олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилишда турли имтиёзларнинг тури ва сони ортиб бораётганлиги абутуриентлар ва ўқитувчиларнинг эътирозларини келтириб чиқармоқда.

Айниқса, “Янги Ўзбекистон” шиори остида амалга оширилаётган туб ислоҳотларни Учинчи Ренессанснинг пойдевори қўйилаётган бугунги кунларда рўй бериши мисли кўрилмаган фожиадир.

Ушбу ислоҳотларнинг драйвери ва ҳал қилувчи кучи сифатида кўрилаётган, катта ҳаётга эндигина қадам босиб келаётган ёшларга улкан зарба бўлиши мумкин.

Сўнги вақтларда тест саволларининг “X вариант” тушунчаси йўқолиб бораётган бир вақтда рўй бериши давлатимиз раҳбари ташаббуси билан соҳадаги қатор ислоҳотларига энг катта зарба бўлиши мумкин деб ҳисоблайман.

Шу боисдан, мазкур муаммони келтириб чиқарган коррупцион ҳолатлар тизимининг асл юзини очиб бериш ва жазо муқаррарлигини таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим деб биламан.

 

Шаҳло РАХМАТОВА,

халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+