“Тез ёрдам”га ёрдам кўрсатилди

11.01.2022 12:01:38

Куни кеча ижтимоий тармоқларда эълон қилинган “Тез ёрдамга ёрдам керак” сарлавҳали видеомурожаатда Китоб тумани тез тиббий ёрдам бўлимига қарашли “Дамас” русумли, 70 892 EBA давлат рақамли автомашина шиналари яроқсизлиги, ён ва орқа эшикларда носозликлар мавжудлиги, айрим жиҳозлари эскирганлиги қайд этилиб, уни янги машинага алмаштиришда мутасаддилардан кўмак сўралган. Очиғи, ушбу мурожаат кўпчиликнинг эътиборига тушди. Шу туфайли “Адолат” СДП Китоб туман Кенгаши ва мутасаддилар иштирокида мурожаатда келтирилган далиллар тўғри ёки нотўғрилигини текшириш мақсадида ўрганишлар олиб борилди.

Ҳақиқатдан ҳам айни пайтда аҳолига хизмат қилаётган автомашина 2006 йилда ишлаб чиқарилган. Ўтган 2021 йил давомида 2 228 000 сўмлик эҳтиёт қисмлар ва мойлаш материаллари билан таъминланган. Бироқ, машина кўп йиллардан буён фойдаланиб келинаётганлиги сабабли, айрим эҳтиёт қисмлари эскирган, яроқсиз ҳолга келиб қолган. Биз ўрганишни бошлаган куниёқ юқоридаги носозликлар бартараф этилди, машинага 2 дона шина қўйилиб, ён эшиклар созланди, орқа эшикка янги қулф ўрнатилди.

Дарвоқе, ҳозиргача Қашқадарё вилояти учун ажратилган 10 та “Volkswagen Caddy” русумли замонавий тез тиббий ёрдам машинаси туманларга тарқатилган. Улардан биттаси эса Китоб туманига ҳам берилган.

         Умуман олганда, видеомурожаатда келтирилган муаммолар ўз жойида ўрганиб чиқилди ва мутасаддилар билан ҳамкорликда бартараф этилди. Китобдаги тез ёрдам машинаси беморларга аввалгидек, беминнат ва нуқсонсиз хизмат кўрсата бошлади.

Нажмиддин Тўраев,

“Адолат” СДП Китоб туман Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+