Тиббиёт ходимлари тақдирланди

05.10.2020 19:10:48

«Шифокорлар–замонамиз қаҳрамонлари». Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши томонидан Гулистон туманида ўтказилган навбатдаги тадбир ана шундай номланди. Чунки дунё мамалакатлари коронавирус балоси билан кураш олиб бораётган бир даврда беморлар ҳаётини сақлаш мақсадида ўз ҳаёти, соғлигини хавф остига қўяётган тиббиёт ходимлари, шифокорлар мана шундай эътирофга муносиб. Коронавирус пандемиясига қарши курашиб, юксак билими, маҳорати ва жасорати билан халқимиз саломатлигини муҳофаза қилишда жонбозлик кўрсатаётган бир гуруҳ шифокорлар ва тиббиёт ходимларини рағбатлантириш мақсадидаги ушбу тадбирда партиянинг вилоят Кенгаши раиси ва ходимлари, депутатлар иштирок этишди. Гулистон тумани тиббиёт бирлашмасида  ташкил этилган  мазкур тақдирлаш карантин қоидаларига амал қилинган холда бўлиб ўтди. Унда йигирмага яқин шифокорлар, ҳамширалар ва ўрта тиббиёт ходимларига партиянинг ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

- Биз бугун том маънодаги  “жанг”га киришганмиз. Мақсадимиз коронавирус билан касалланган беморларни нафақат жисмонан, балки руҳан ҳам даволашдир. Бунда эса биздан кучли сабр ва матонат  талаб қилинмоқда. Шунингдек аҳоли ўртасида коронавирус тарқалишини олдини олиш борасидаги профилактик тадбирларни кучайтиришга ҳам эътибор қаратмоқдамиз. Мен нафақат шифокор, балки депутат сифатида ҳам аҳолимизни ушбу вирус офатидан эсон-омон қутулиши йўлида ўз меҳнатим ва билимимни аямасликка қарор қилганман. Бугун Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан  шифокорларга берилган эътибор  катта бир рағбат сифатида бизни руҳлантирди, - дейди, партиянинг Халқ депутатлари туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳи аъзоси, шифокор Фарҳод Мингбоев мамнуният билан.

Ҳа, пандемия даврида ўзининг оромидан воз кечиб туну-кун беморларни соғайиши учун курашаётган бу қаҳрамонларнинг ҳаётида шундай кунлар бўлдики ҳафталаб, ойлаб оиласини кўра олишмади. Оила аъзоларига бўлган соғинчини фақатгина телефон орқали изҳор қила олишди холос. Оғир аҳволдаги беморларнинг дардига шифо бериш билан бир қаторда уларга ҳамдард бўла олган бу инсонлар ҳар қандай юксак эътирофларга муносиб аслида. Зеро халқ бошидаги бундай синовли кунларда далда бўлиш, беморларга зарур тиббий ёрдамни кўрсата олиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Коронавирусга қарши курашда фаоллик кўрсатаётган замонамиз қаҳрамонларини рағбатлантириш мақсадини кўзлаган тадбирлар партиянинг вилоят Кенгаши томонидан вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларда ўтказилиши режалаштирилган.

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши матбуот котиби 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+