Тиббиёт ходимларининг маоши оширилади

20.05.2022 12:05:09

Бугунги кунда мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, сифатли дори-дармон билан таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Қолаверса, Президентимиз томонидан соғлиқни сақлаш масаласига бағишлаб кўплаб видеоселектор йиғилишлари ўтказилиб, уларда тизим фаолиятини тубдан такомиллаштириш, одамларда ҳақли эътироз уйғотаётган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилмоқда. Шу йўналишда амалга оширилаётган дастурлар ижроси атрофлича кўриб чиқилмоқда. Шу билан биргаликда соҳага оид кўплаб Қарор ва Фармонлар имзоланмоқда.

Куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Тиббиёт муассасалари ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон ҳам ана шу йўлда ташланган яна бир муҳим қадам бўлди.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда тиббиёт ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимини замон талаби даражасига кўтариш, мазкур жабҳани модернизация қилиш ва қолаверса, тиббиёт муассасалари ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришни бугунги даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Фармонда давлат тиббиёт муассасалари ходимлари фаолияти самарадорлигини ошириш, юқори самарали меҳнатга интилиши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ўз касбий даражасини ошириб бориш учун барча шароитларни яратиш, қолаверса, уларни давлат бюджети маблағлари ҳисобидан дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан бепул ўтказиш белгиланган.

Шу билан биргаликда, тиббиёт ходимларининг машаққатли ва шарафли фаолияти тасвирланган бадиий, саҳна ва кино асарларини ҳамда сериалларни янада кўпайтириш, уларни йилда бир марта театр ва концерт томошаларига бепул олиб бориш тизимини ташкил этиш алоҳида кўрсатиб ўтилган.

Фармонда кўрсатиб ўтилган ушбу вазифалар мамлакатимизда аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифатини тубдан оширишда, соғлиқни сақлаш тизимининг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашда, тиббиёт муассасаларининг ресурслар салоҳиятини яхшилашда ҳамда бу борада олиб борилаётган ислоҳотларнинг янада жадаллаштиришда дастуруламал бўлишига ишончимиз комил.

Ориф Шукуров,

 “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+