Тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун барча имкониятлар яратилади

06.05.2021 12:05:16

Бугунги кунда мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, тиббиёт ҳодимларининг салоҳиятини ошириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, сифатли дори-дармон билан таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Қолаверса, Президентимиз томонидан соғлиқни сақлаш масаласига бағишлаб кўплаб видеоселектор йиғилишлари ўтказилиб, уларда тизим фаолиятини тубдан такомиллаштириш, одамларда ҳақли эътироз уйғотаётган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилмоқда. Шу йўналишда амалга оширилаётган дастурлар ижроси атрофлича кўриб чиқилмоқда. Шу билан биргаликда соҳага оид кўплаб Қарор ва Фармонлар имзоланмоқда.

Куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги Фармон ҳам ана шу йўлда ташланган яна бир муҳим қадам бўлди.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда тиббиёт ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимини замон талаби даражасига кўтариш, мазкур жабҳани модернизация қилишни бугунги даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Фармонда жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва етакчи хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда, 2021 йил 1 августга қадар ўрта тиббиёт ходимлари мақомини ошириш нуқтаи назаридан уларнинг малака талаблари, вазифалари, ваколатлари, жавобгарлиги, ихтисослик йўналишларини кенгайтириш, лавозимларини, шунингдек, ўқув дастурлари ва режаларини тўлиқ қайта кўриб чиққан ҳолда, ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш ҳамда уни 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб тўлиқ жорий қилиш, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб клиник ординатура мутахассисликлари бўйича қабул квотасини икки бараварга ошириш белгиланган.

Қолаверса, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 ноябрга қадар бепул тиббий ёрдам олиш ҳуқуқини берувчи ордер бериш тизими эҳтиёжманд оилаларни “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига мувофиқ аниқланиши белгиланди.

Фармонда кўрсатиб ўтилган ушбу вазифалар мамлакатимизда аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифатини тубдан оширишга, соғлиқни сақлаш давлат тизимининг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга, тиббиёт муассасаларининг ресурслар салоҳиятини яхшилашга қаратилган соғлиқни сақлашни ислоҳ қилишда муҳим аҳамият касб этади, албатта.

Ориф ШУКУРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+