Тиббиёт соҳасида муҳим йўналишлар белгиланди

19.05.2021 16:05:07

Мамлакатимизда ҳозирги вақтда деярли ҳар куни улкан янгилик ва ўзгаришлар содир бўлмоқда. Бу, ўз навбатида тараққиётимиз суръатлари нақадар тезлашиб, уларнинг натижадорлиги ортиб бораётганлигини кўрсатади. Энг муҳими, бундай кенг кўламли ислоҳот ва янгиланишлар аниқ мақсадга – мамлакатимиз ривожини янги босқичга олиб чиқиш, халқимиз фаровонлигини оширишга қаратилгани бежиз эмас.

Хусусан, соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам замонавий технологияларни янада кенгроқ қўллаш амалиёти ошириб борилмоқда. У мунтазам такомиллашгани сайин, табиийки, соҳанинг қонунчилик асослари ҳам мустаҳкамланиб бораверади. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 12 ноябрдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, шунингдек, барча соҳаларда рақамли технологияларни янада такомиллаштириш мақсадида 2021 йил 3 февралдаги  “2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастуритўғрисида”ги Фармони  қабул қилинди.

Қолаверса, мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш ва унинг молиявий таъминотини яхшилаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича бир қанча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йилда давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш соҳасига оид тадбирлар учун 20,9 триллион доллар ажратилиши режалаштирилган. Бу 2016 йилга нисбатан қарийб 3,5 баравар ёки 2020 йилга нисбатан 1,3 баробар кўпроқдир.

Юқоридаги маълумотлардан Давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилаётган маблағлар йил сайин ошиб бораётганлигини кўришимиз мумкин, бу ҳам мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича ислоҳотларимизнинг қатъиятлик билан олиб борилаётганлигидан далолатдир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга 2021 йилдаги Мурожаатномасида ҳам ижтимоий соҳада рақамли технологияларни кенг жорий этиб, натижадорликни ошириш, одамлар турмушини кескин яхшилашга эътибор берилган эди.

Жорий йилда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича туб бурилиш қилиниши кўзда тутилган бўлиб, биринчи навбатда бошқа соҳалар қатори соғлиқни сақлаш тизимини ҳам тўлиқ рақамлаштириш режалаштирилган.

Рақамли технологиялар нафақат маҳсулот ва хизматлар сифатини оширади, ортиқча харажатларни камайтиради. Шу билан коррупцияни йўқотишда ҳам самарали восита ҳисобланади. Ҳозирги кунда давлат тиббиёт муассасаларига ажратилаётган бюджет маблағларининг мақсадли ва тўғри сарфланиши устидан назоратни янада кучайтириш муҳим аҳамиятга эга.

Соғлиқни сақлаш соҳасига давлат бюджетидан ажратилган маблағлардан нотўғри фойдаланиш, молиявий ресурсларнинг самарасиз ишлатилиши натижасида аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш, даволаш, касалликларни профилактика қилиш ва барвақт аниқлаш жараёнларининг суст даражада амалга оширилишига сабаб бўлмоқда.

Шу нуқтаи назардан ҳам барча соҳалар сингари соғлиқни сақлаш тизимига ҳам рақамли технологияларни қўллаш, электрон ҳужжатлар айланишини йўлга қўйиш ҳамда ҳисоб-китоб операцияларини тўлиқ дастурий таъминот орқали амалга ошириш кераклигини замоннинг ўзи талаб қилмоқда.

Бизнинг фикримизча, соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш учун ҳам, тизимга бюджетдан ажратилган маблағларнинг сарфланишини назорат қилиш учун ҳам рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллашимиз шарт. Чунки, бугун дунёдаги барча соҳаларга ахборот технологиялари чуқур кириб бормоқда. Жумладан, тиббиёт соҳасига замонавий рақамли технологияларни жалб қилиш орқали тиббий хизматларнинг сифати ошади, ортиқча харажатлар камаяди. Натижада, мамлакат иқтисодиётига бу ижобий таъсир қилади. Асосийси соғлиқни сақлаш тизимида коррупция йўқолишига сабаб бўлади.

Хусусан, давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев раислигида 18 май куни соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилишида ушбу масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Юртбошимиз соҳадаги вазифаларни 5 та йўналишда кўрсатиб ўтди.

Биринчиси – бирламчи тиббиёт бўғинини касалликни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган тизимга айлантириш.

Иккинчиси – ихтисослашган марказлар томонидан жойларда тор доирадаги тиббий хизматлар ҳажмини ошириш ва сифатини тубдан яхшилаш.

Учинчиси – рақамлаштириш орқали соҳада қоғозбозлик, бюрократия ва коррупцияни кескин қисқартириш.

Тўртинчиси – тиббиётнинг барча йўналишларида рақобатни ривожлантириш ва хусусий сектор иштирокини кенгайтириш.

Бешинчиси – тиббиёт ходимлари билимини ошириш, таълим ва илм-фанни ривожлантириш.

Шу билан биргаликда, йиғилишда ушбу вазифаларни бажаришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.

Мамлакатимизда 3 мингдан ортиқ тиббиёт муассасаси бўлиб, уларнинг фаолиятига замонавий технологиялар жорий этилмоқда. 423 та бирламчи тиббиёт муассасаси “Электрон поликлиника” ахборот тизимига уланган.

Лекин янгича ишлаш учун ҳамма жойда ҳам шароит зўр эмас. Айрим тиббиёт муассасаларида компьютер етишмайди. Соҳани рақамлаштириш учун бу йил бюджетдан 28 миллиард сўм ажратилган бўлса-да, бу борадаги ишлар суст кечмоқда. 

Шу боис, вилоят тиббиёт бошқармаларида рақамлаштириш ва давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш бўйича ўринбосар лавозими ташкил этилиши белгиланди. Шунингдек, барча тиббиёт муассасаларида электрон тизим билан ишлайдиган 2 мингта оператор-ҳамшира вазифаси жорий этилиши таъкидланди.

Шу йил 1 августга қадар электрон ордер тизимини ишга тушириб, барча ҳудудлар ва ихтисослашган марказларни улаш, 1 ноябрга қадар Тошкент шаҳридаги барча поликлиникаларни тўлиқ рақамлаштириш бўйича топшириқлар берилди.

Хулоса қилиш мумкинки, бугунги кунда тиббиёт соҳасида рақамли технологияларни жорий қилиш ва такомиллаштириш масалалари ҳар бир ривожланиб бораётган давлатнинг устувор ва муҳим вазифасига айланиб бормоқда.

 

Офтобой НИШОНОВА,

Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+