Тиббиёт соҳасида зарур ислоҳотлар ўтказилмоқда

20.11.2021 14:11:36

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Беҳзод Анварович Мусаевни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири лавозимига маъқуллаш бўйича қарор қабул қилдилар ва 2021 йил 11 ноябрдан бошлаб янги вазир Президент фармонига асосан расман ўз иш фаолиятини бошлади. Шу кунга қадар ёш шижоатли раҳбар сифатида Беҳзод Мусаев бош вазирнинг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари сифатида фаолият юритган ва пандемия даврида бир неча бор ўз ташаббуслари билан фаоллик кўрсатган эди.

Беҳзод Мусаев Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири лавозимига тайинланган кунлариданоқ, энг аввало, ундан олдин шифокорлар учун белгиланган интизомий чораларнинг барчасини муддатидан олдин бекор қилди ва ўз тизимидаги мавжуд муаммоларни ўрганишга киришди.

Янги вазир эътиборида энг дастлаб ёш болалар орасида ўткир респиратор касалликларининг ортиб бораётганлиги бўлди. Шу сабабли Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев шахсан ўзининг бошчилигида ишчи гуруҳ тузилиб, 13 ноябрь куни тунда пойтахт шифохоналаридаги вазият ўрганилди. Шундан сўнг, 14 ноябрь тонгги соат 04:30да Тошкент шаҳрида болалар ўртасида ўткир респиратор касалликлар тарқалиши билан боғлиқ муаммоларни зудлик билан бартараф этиш мақсадида вазир бошчилигида шошилинч йиғилиш ўтказилди ва даволаниш масканларида 600дан зиёд қўшимча койкалар ташкил этилди.

Янги раҳбар ўзининг илк иш фаолиятини халқимиз орасига кириб мавжуд муаммоларни ўрганишга киришгани барча мухбирларнинг назаридан четда қолмади. Эндиликда мазкур соҳада келажакда кутилаётган кўпгина ижобий ўзгаришлар борасида Халқимизнинг умиди ошди. Зеро, янги вазирнинг муаммоларга ечим излаб, барча тиббиёт ходимларини уйғун ишлашга чорлаши нафақат раҳбар сифатида балки, ўз инсонийлиги, бурчига садоқати ва масъулияти билан барчага ўрнак кўрсатди.

Тиббиёт соҳаси халқимиз учун доимий муҳим бўғин бўлиб келган. Ўтган пандемия даври мазкур соҳада кўпгина ислоҳотлар зарур эканлигини исботлади. Ишонамизки, Юртимиз тиббиёт соҳаси ўз етакчиси бошлаган ислоҳотларнинг самараси ўлароқ келгусида фуқароларимиз турмуш даражасини янада ошишига сабаб бўлади. 

Бахадыр ЖУЗБАЕВ,

«Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+