Тиббиёт соҳасидаги жиддий муаммоларга тизимли ечим

29.04.2022 11:04:54

Кўп йиллар мобайнида тиббиёт соҳасидаги тизимли муаммолардан бутун халқимиз доимо норози бўлиб келган. “Шифокорга ишинг тушмасин” ёки “Докторга ишинг тушгулик қилмасин” деган нақллар халқимиз орасида бежизга пайдо бўлмаган. Боиси соҳа вакилларига бетоб ҳолда борган мурожаатчилар доимо  тизимдаги аянчли муаммоларга бевосита юзлашади.

Юқорида келтирилган халқ ўртасида тарқалган гап сўзларга ҳам айнан шу омиллар таъсир кўрсатиб келган.

Ўзбекистон “Адолат” СДП ўз сайловолди дастурларида тиббиёт ходимларини ўзининг электорати сифатида қатор муҳим ташаббусларни илгари суриб келмоқда.

Дастурда аҳоли саломатлиги – улкан бойлик, жамиятнинг барқарор ривожланиши гаровидир. Аҳолига кафолатли тиббий хизмат кўрсатиш, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, замонавий технология ва даволаш усулларини кенг жорий қилиш, соғлиқни сақлаш тизимини қайта шакллантиришни давом эттиришдек, кечиктириб бўлмайдиган вазифалар кўтарилган эди.

Жорий йил 25 апрельдаги Президентимизнинг “Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига яқинлаштириш ва тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори соҳада кўпдан буён етилиб турган муаммоларга муносиб ечим бўлиб хизмат қилади.

Айниқса, мунтазам равишда чекка ва олис ҳудуддаги оилавий шифокор пунктларида мутахассис кадрлар етишмас эди. Бунга асосий сабаблардан бири шифокорларнинг ойлик иш ҳақи камлиги асосий сабаблардан бири бўлиб келган. Аҳоли бундан қаттиқ азият чекиб, айрим касалликларни вақтида аниқлаш даволаш чоралари кўрилмасдан қоларди. Қарорда “Қишлоқ шифокори” дастури такомиллаштирилиши бўйича чора-тадбирлар белгиланган. Жумладан, олис ва чекка ҳудудлардаги оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда фаолият юритаётган барча шифокорлар ойлик иш ҳақига қўшимча 2 миллион сўм миқдорида ҳар ойлик устама белгиланади ҳамда уларга ипотека асосида уй-жой сотиб олишда уй-жой қийматининг 50 фоизигача қисми, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баробаридан ошмаган миқдорда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади. Шунингдек, олис ва чекка ҳудудларда узлуксиз уч йил ишлаган шифокорлар клиник ординатурага тест синовларисиз қабул қилинишига доир имтиёзлар ҳам назарда тутилмоқда.

Бир сўз билан айтганда юқоридаги Президентимизнинг Қарори орқали аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматларнинг сифатини тубдан ошириш, соҳада коррупцияни олдини олишга дастуруламал бўлиб хизмат қилади.

Биз тиббий хизмат устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш ва аҳолининг тиббий маданиятини ошириш бўйича таъсирчан қонунчилик механизмларини ишлаб чиқиб, амалда қўллаш бўйича чораларини бор куч ва имкониятимизни аямаймиз.

Рустам ХАЙИТОВ,

Халқ депутатлари Навоий

вилоят Кенгаши депутати

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+