Тиббиёт тизимидаги янги босқич

06.05.2021 14:05:14

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида»ги Фармонни имзолади.

Дунё бўйлаб давом этаётган пандемия соғлом турмуш тарзининг аҳамиятини ва шифокорлик касбининг ҳақиқий мавқеини белгилаб берди, десак муболаға бўлмайди. Бу эса соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттиришни, тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун янада зарур шарт-шароитлар яратишни тақозо қилмоқда. Ана шу мақсаддан келиб чиқиб, мамлакатимиз раҳбарининг мазкур фармони қабул қилинди. Ушбу фармон орқали соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, аҳоли саломатлигини сақлаш борасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсад қилинган.

Фармоннинг энг муҳим жиҳатларидан бири, тиббиётда бирламчи тиббиёт тизимини тубдан такомиллаштиришга урғу берилганлигидир. Чунки чет давлатлар тажрибасидан кўриш мумкинки, бирламчи тизим, профилактик йўналишда ишлайдиган тизим бўлиб, муаммоларнинг 80 фоизини ҳал қилади. Аммо, бирламчи тизим бор-йўғи 30 фоиз муаммоларни ҳал қиляпти. Энг муҳим жиҳатларидан яна бири - бу ҳозирги кундаги кадрлар масаласи кўтарилганлигидир. Кадрларнинг малакасини ошириш, хориждаги кадрларни жалб қилиш, бундан ташқари кўрсатилаётган хизматлар тури ва сифатини ошириш ҳам мақсад қилинган.

Мазкур фармонда оилавий шифокорлар пунктлари ва оилавий поликлиникаларга тиббиёт бригадалари фаолиятини йўлга қўйиш, шунингдек, туман, шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникалар томонидан аҳолига сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш қамровини кенгайтириш учун жорий йил 1 июлдан бошлаб 10 мингта, 2022 йил 1 январдан бошлаб эса яна қўшимча 10 мингта ўрта тиббиёт ходимлари штатлари ажратилади.

Мамлакатимизда охирги 10-15 йил давомида ўрта тиббиёт ходимлари кўплаб етиштирилди. Лекин, вақт шуни кўрсатяптики, айни пайтда уларнинг аксарияти ишсизлиги бор гап. Бугунги кундаги тиббиётда олиб борилаётган ислоҳотлар, бирламчи тизимдаги мутлақ янги механизмларни яратиш тўғрисидаги талаблари аҳолида айнан ҳамшираларга бўлган талаб катта эканлигини кўрсатмоқда.

Фармонга мувофиқ,  жорий йил 1 августга қадар ўрта тиббиёт ходимларининг малака талаблари, вазифалари, ваколатлари, ўқув дастурлари ва режаларни тўлиқ қайта кўриб чиққан ҳолда малака ошириш тизими такомиллаштирилади.

Мухтасар айтганда, мазкур фармон аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг сифати, самарадорлиги ва оммабоплигини ошириш, тиббиёт ходимларининг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш, соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга алоҳида эътибор ва  аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш даражасини янада оширишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.  

Рустам ҲАМРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+