Тиббиёт ва таълимга оид таклифлар фарғоналик сайловчилар эътиборини тортди

06.10.2021 15:10:30

Марғилон шаҳридаги маданият марказида “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг Фарғона вилояти сайловчилари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувни номзоднинг республика бўйича ишончли вакили Умиджон Сулаймонов очди ва олиб борди.   Дастлаб иштирокчилар эътиборига Баҳром Абдуҳалимовнинг таржимаи ҳоли ва фаолияти акс этган видеолавҳа намойиш этилди.

Шундан сўнг “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Абдуҳалимов Баҳром Абдураҳимович сўз олиб,  иштирокчиларга ташаккур билдирди. Мамлакатимизда юз бераётган сиёсий жараёнлар, илм-фан соҳасидаги ютуқлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтди. Ўзининг Сайловолди дастурини ўқиб эшиттирди.

Сайловди дастуридан ўрин олган аҳоли орасида тиббий маданият ва соғлом турмуш тарзининг қарор топишига эришиш,  тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш, айниқса, қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, “Тиббий маданият” тизимини яратиб, аҳолига замонавий, юқори технологияли, ихтисослаштирилган ва малакали тиббий хизмат кўрсатишни таъминлаш самарадорлигини янада ошириш каби масалалар ҳақида сўз юритди.

–Дастурда ўқитувчилар обрў-эътибори ва ҳуқуқий мақомини янада кўтариш, уларнинг иш ҳақи ва ижтимоий мавқеъини оширишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни амалга ошириш, бу мақсадда “Ўқитувчининг мақоми тўғрисида” қонун қабул қилиш, умумтаълим мактаблари учун дарсликларнинг янги, замонавий авлодини яратиш учун “Дарсликлар бўйича илмий-тадқиқот институти”ни ташкил қилиш борасида аниқ масалалар белгиланган, –– дейди Президентликка номзод Б. Абдуҳалимов.

"Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот хизмати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+