Тиббиётда ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди

10.08.2022 09:08:02

Ўзбекистон «Адолат» СДПнинг Тошкент вилоят Қуйи Чирчиқ тумани Кенгаши ташаббуси билан Чирчиқ шаҳар «Ойдинобод» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган оилавий шифокор пунктида «Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, соҳага ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш масалалари» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда «Адолат» СДП Қуйи Чирчиқ тумани Кенгаши раиси Зиёвуддин Турабов ҳамда соғлиқни сақлаш тизими ходимлари иштирок этишди.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари ўз фаолиятига киришаркан, энг аввало халқимиз соғлиғини муҳофаза қилиш масаласини кун тартибининг негизи дея белгилади. Бунинг ёрқин исботини мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, соҳанинг ҳуқуқий базасини янада мустаҳкамлаш борасида қатор қарор ва фармонлар қабул қилинганида ҳам кўриш мумкин.

Президентимиз томонидан Соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш чоралари белгилаб берилди. Илғор хорижий тажриба асосида умумий амалиёт шифокорини ҳақиқий оилавий шифокорга айлантириш чоралари белгиланди. Бундан кўзланган мақсад битта – у ҳам бўлса аҳолимиз учун арзон ва сифатли тиббий хизмат фаолиятини йўлга қўйишдан иборатдир.

Қизғин муҳокамаларга бой тарзда кечган тадбирда бугун соҳага ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганлиги таъкидлаб ўтилди.

Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг аниқ чора-тадбирлар режаси асосида Ўзбекистонда Ягона тиббиёт ахборот маркази ва «Ақлли тиббиёт» тизими жорий этилмоқда. Бу жараёнга мамлакатимиз дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқувчилари ва инновацион технологиялар мутахассислари жалб этилган.

Тадбирда мутахассислар томонидан қилинган маърузаларда «Ақлли тиббиёт» — бу аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ва ахборот беришнинг бутун жараёнини автоматлаштиришнинг марказлашган тизими экани ҳақида берилган маълумотларга кўра, мазкур технологик ечимлар соҳага жорий этилиши билан мижозлар тўғрисидаги биотиббий маълумотларнинг ягона платформаси, тиббий карталарнинг тармоқли тизимини жорий қилиш, масофавий диагностика, тиббий интернет ва мобил иловалар асосида инсон саломатлигини масофадан мониторинг қилиш, виртуал тиббий кўрикдан ўтказиш, виртуал шифохона хизмати, электрон рецептлар, телеметрия ва симсиз алоқадан фойдаланган ҳолда тиббий ёрдамни уйда олиш тизими йўлга қўйилади.

Бу эса ўз навбатида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш учун қўшимча имкониятларни яратади. Касалликларни барвақт аниқлаш даражаси ошади ва касалликларнинг масофали профилактикаси жорий этилади.

Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши беморларни даволашда ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш бўйича катта имкониятларни очади.

Тадбир якунида унда йиғилганлар тобора янгиланиб бораётган Ўзбекистонда тиббиётни янада ривожлантиришда камарбасталик билан хизмат қилишларини таъкидлашди.

Ўзбекистон «Адолат» СДП Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+