Тиббиётда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш кучайтирилмоқда

12.08.2021 12:08:43

Сўнгги икки йилда соғлиқни сақлаш тизимига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жойларда ҳар бир тиббиёт муассасаси сўнгги, замонавий моддий-техника жиҳозлари билан таъминланмоқда, уларда бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, соҳада коррупциянинг олдини олиш ҳам диққат марказида бўлмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бу иллатга қарши фаол саъй-ҳаракатлар, тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Ҳудудларда эса бу борада аҳолининг фикрини ўрганиш мақсадида учрашувлар ташкил этилмоқда. Таъкидлаш жоизки, тиббиёт муассасалари, жумладан, туғуруқ комплексларида таъмагирлик ва коррупция ҳолатлари чуқур ўрганилиб, таҳлил этилган ҳолда тизимли чоралар кўриб бориляпти.

Масалан, Қоровулбозор туманида “Адолат” СДП туман Кенгаши томонидан тажрибали шифокорлардан иборат “Устозлар кенгаши” тузилган. Улар ушбу муассасада суҳбатлар ўтказади, ходимлар, ҳомиладор аёллар ва уларнинг қариндош-уруғлари томонидан тўлдирилган анкеталар асосида фикр-мулоҳазаларни ўрганиб чиқадилар. Шунингдек, тиббиёт ходимининг малакаси, муомаласи ҳамда кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини таҳлил қилиб боради. Асосий мақсад тиббий хизмат сифатини янада юксалтириш, коррупциянинг олдини олишдир. Таъкидлаш жоизки, 2018 йил ноябрь ойида имзоланган “Давлат тиббиёт муассасалари ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор ҳам мазкур соҳага доир яна бир муҳим ҳужжат бўлди. Шу билан бирга, ҳар бир шифокорни ишига қараб баҳолаш, муассасаларни даволанганлик ҳолатлари бўйича молиялаштириш, аудит ва ички текширув тизимини янада такомиллаштириш, энг муҳими, жамоатчилик ва депутатларнинг тизимли назорати йўлга қўйилмоқда.

Ишонч телефони, турли мурожаатлар ва шикоятлар учун фикр билдириш қутиси, ходимлар ва беморлар ўртасида сўровномалар ўтказиш, видеокузатув мосламаларини ўрнатиш каби қатор чораларнинг кўрилаётганлиги ҳам соҳада коррупция ва турли салбий иллатларга чек қўйилишига хизмат қилмоқда.                                                 Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тизимдаги тиббиёт муассасаларидаги вазиятни назорат қилиб бориш, коррупциянинг олдини олиш, таъмагирлик ҳолатларига йўл қўймаслик мақсадида аниқ вазифалар белгилаб берилган. Ҳар бир тиббиёт ходими соҳада коррупцияга йўл қўйилмаслиги учун тиббий хизматнинг сифатли таъминланишига эътибор бериши лозим.

Таъмагирлик ва суиистеъмолчилик, тизимнинг барча бўғинларида коррупциянинг кенг илдиз отгани ташвишли ҳол албатта. Коррупция иллати ходимни ишга қабул қилишдан бошлаб, молия-хўжалик фаолиятини юритиш, тиббий хизмат кўрсатиш, дори-дармон таъминоти каби   йўналишларни   қамраб   олгани, афсуски ҳақиқат. Шунга қарамасдан туман тиббиёт бирлашмаси масъул ходими томонидан бир фуқарони алдаб ишга киргизиб қўйиш эвазига 4  00 доллар олаётганда ушланганлиги дилни хира қилади. Ҳолат юзасидан  жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.    

                             

М.Бобоназарова,

Халқ депутатлари  Қоровулбозор

туман Кенгаши депутати 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+