Тиббиётда порахўрлик ва таъмагирлик ҳолатлари учраётгани таъкидланди

06.04.2021 13:04:43

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 1 апрель куни видеоселектор йиғилишда аҳоли саломатлигини сақлаш ва коронавирусга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифаларга  алоҳида тўхталиб ўтди

Жумладан, давлатимиз раҳбари бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолияти, жамоат саломатлигини таъминлаш бўйича қабул қилинган  муҳим  вазифалар, соҳада учраётган  муаммолар билан бир қаторда соғлиқни сақлаш соҳасини шаффоф тизимга айлантириш, шифокорларнинг ҳалол, пок ишлашлари учун тегишли чора-тадбирлар амалга оширилаётганига қарамай, тизимда ҳамон порахўрлик ва таъмагирлик ҳолатлари учраётганини таъкидлади. 

Йиғилишда таъкидланидек, давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътиборга қарамай, соғлиқни сақлаш соҳасида жиддий муаммолар, камчилик ва нуқсонлар ҳамон сақланиб қолмоқда. Тамагирлик ва суиистеъмолчилик, тизимнинг барча бўғинларида коррупциянинг кенг илдиз отгани ташвишли ҳол албатта.

Коррупция иллати ходимни ишга қабул қилишдан бошлаб, молия-хўжалик фаолиятини юритиш, тиббий хизмат кўрсатиш, дори-дармон таъминоти каби   йўналишларни   қамраб   олгани, афсуски ҳақиқат.

Давлат раҳбари йиғилишда кадрлар масаласига алоҳида эътибор қаратди. Маълумки, бу борада чекка ҳудудларда эҳтиёж юқорилигини инобатга олиб, “Қишлоқ шифокори” дастури қабул қилинган эди. Бундай жойларда ишламоқчи бўлган шифокорларга 30 миллион сўм пул берилиши белгиланиб, бу мақсадлар учун бюджетдан 20 миллиард сўм ажратилган. Лекин, орадан 4 ой вақт ўтган бўлса-да, бирорта талабгор билан шартнома имзоланмаган. Ваҳоланки, бугунги кунда олис ва чекка ҳудудлар учун 220 та шифокор зарур. Бундан ташқари, ҳудудларда 10 минг нафар тор мутахассис етишмайди.

Шу боис келгуси ўқув йилидан клиник ординатуранинг қабул квотаси икки бараварга оширилиши белгиланди. Ушбу янги тизимда ординаторлар ўқув жараёнининг ярмини олийгоҳ ва ихтисослашган марказларда, қолган ярмини эса иш жойида давом эттиради. “Вилоят ҳокимлари тор доирадаги мутахассис шифокорларни тайёрлаш учун маҳаллий бюджетдан грант ажратиши шарт. Масалан, ушбу грант асосида ўқиган шифокор грант ажратган вилоятга бориб, камида 3 йил ишлаб бериш мажбуриятини олиши зарур”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Айтиб ўтилганидек, тизимдаги барча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиб, инвентаризациядан ўтказиш, уни такомиллаштириш, ўз вақтида ижросини таъминлаш, вазирлик ва унинг қуйи бўғинларида ички хавфсизлик тармоғини ташкил этиш, аудит ва жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш, юридик хизмат фаолиятини янада кучайтириш, тизимда ахборот-коммуникация технологияларини кенг татбиқ этиш орқали тиббий хизмат кўрсатиш шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш, бунда инсон омили аралашувини кескин камайтириш каби қатор вазифалар аниқ белгилаб олинди.

 

Бобур МАМИРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+