Тиббиётдаги муаммолар барҳам топмоқда

09.06.2022 10:06:33

Президентимизнинг «Тиббиёт муассасалари ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори саломатлик посбонларининг намунали фаолият юритишлари учун кенг имкониятлар яратди.

Қарорга асосан соғлиқни сақлашнинг миллий тизимини жадал ривожлантириш ишларини тизимли ва сифатли ташкил этиш учун умумий амалиёт врачларининг, патронаж табобат ҳамшираларининг, қишлоқ врачлик пунктлари, шошилинч тез тиббий ёрдам хизмати ходимларининг лавозим маошлари оширилди, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларида меҳнатни рағбатлантиришнинг бозор усуллари белгиланди.

Тиббиёт ходимлари меҳнатини баҳолашнинг ҳамда улар оладиган иш ҳақи ва мукофотнинг бажариладиган ишнинг мураккаблиги ва кўрсатиладиган тиббий хизмат сифатига аниқ ва бевосита боғлиқлигини таъминлашнинг илғор механизмлари жорий этилди.

Давлат тиббиёт муассасалари ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш, уларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш, самарали ишлаши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, юксак профессионал кадрлар салоҳиятини шакллантириш мақсадида олиб борилаётган ислоҳотлар бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир. Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, аҳоли саломатлигини сақлаш борасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида, шунингдек, жамоатчилик томонидан тиббий хизматлар кўлами ва сифатини ошириш юзасидан билдирилган таклифлари инобатга олинди.

Тиббиёт, фармацевтика ва давлат тиббиёт муассасалари бошқа ходимларининг ойлик маошлари 1 июндан оширилди.

Дарвоқе, тиббиёт муассасаларини моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармасини шакллантириш учун давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар миқдори, бюджет маблағларининг умумий миқдорига нисбатан бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари, шошилинч ва тез тиббий ёрдам хизмати, болалар тиббиёт муассасалари, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда ижтимоий касалликларга (сил, буйрак етишмовчилиги, онкологик, руҳий, наркологик, эндокрин, мохов (лепра), юқумли, жинсий йўл билан юқтириладиган, ОИТС) ихтисослашган тиббиёт муассасаларида — умумий харажатларнинг 10 фоизи, республика ва вилоят даражасидаги бошқа соғлиқни сақлаш муассасаларининг 5 фоизи миқдорида белгиланди.

Мен бир неча йиллардан буён аҳоли соғлиғини сақлаш борасида меҳнат қилиб келаман. Туманимизда ҳам ушбу қарорга асосан катта ишлар амалга ошириляпти. Энг асосийси, замонамиз қаҳрамонлари дея таъриф берилаётган ҳамкасбларимиз ҳар томонлама моддий қўллаб-қувватланди. Туманимиздаги ўндан ортиқ қишлоқ оилавий шифохоналари янги замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Беморларга замон талаби даражасида тиббий хизмат кўрсатиш шароитлари яхшиланди. Эндиги вазифа туманимиз марказий касалхонасидан ташқари бошқа тиббиёт муассасаларини мутахассис кадрлар билан таъминлашдан иборат.

Туманимизда тиббиёт соҳасида ютуқлар билан бирга камчиликларимиз ҳам бор. Бизда энг аввало мутахассис кадрлар етишмайди.

Айни кунларда муҳтарам Президентимиз қарорлари асосида туманимизда кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти. Мақсад халқимиз саломатлигини ҳар томонлама муҳофаза қилишдир.

Аббос Ҳасанов,

Шифокор, халқ депутатлари

Касби туман Кенгаши депутати.

Уюштирди: Комил Сахатов.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+