Тилга эътибор – элга эътибор

28.12.2022 21:12:48

Ўзбекистонда она тилимизга бўлган эътибор янада кучайтирилади. Бу ҳақда Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 20 декабрь куни мамлакатимиз парламенти ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида айтиб ўтдилар.

Давлат Раҳбари таълим соҳасида қилинаётган ва қилиниши керак бўлган ишлар ҳақида маълумот бераркан, маънавиятимиз асоси бўлган она тилимиз ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

Албатта, ёшларимиз ҳам чет тилини билиш керак, бу ҳам ҳозирги замон талаби. Лекин уларни она тилини билишга мажбур қилишимиз керак. Шу боис, Юртбошимиз «Менинг фарзандим чет тилларини биладию, она тилини билмайди, деган гап Янги Ўзбекистонга маъқул эмас», - дея таъкидладилар.

Маълумки, 1989 йилда ўзбек тилига «Давлат тили» мақоми берилди ва бу адабий тилнинг ривожланишига катта имконият яратилди. Аммо, ҳалигача экранларимизда кўплаб она тилимиздаги сўзларга синоним бўлган интернационал сўзлар ва айниқса жаргонлар жаранглаб турибди. Қолаверса, шеваларда гапириш оддий бир ҳолга айланган. Миллий тилимизда 3 та лаҳжа шеваларимизни бирлаштиради. Булар: ўғуз, қарлуқ ва қипчоқ лаҳжалари. Бу бир-биридан тубдан фарқ қилувчи лаҳжаларни бир сериалда баравар ишлатилиши чинакам фожиа.

Айниқса, Тошкент шевасида гапириш ёш актёрларимизга урф бўлмоқда, эмишки, агар қаҳрамонни шевада «гапиртирмаса» образ сохта чиқармиш. Албатта, чинакам образни яратиш нутққа боғлиқ. Аммо, актёрлик маҳоратига эга бўлмаган ижодкор қайси тильда гапирса ҳам барибир соҳа бўлиб қолаверади.

Умумий олиб гапирадиган бўлсак, нафақат сериалларимиз, балки бутун кино, телевидение ва радио, барча соҳаларида кузатилаётган шевачиликка барҳам бериш керак.

А.Усманов,

«Адолат» СДП Сирдарё вилояти Кенгаши

Бош мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+