Тинчлигимиз – бебаҳо бойлигимиз

07.07.2022 11:07:44

Қорақалпоғистонда рўй берган оммавий тартибсизликлар албатта,  ҳар бир фуқарони ўйлантириб қўйди. Шукрки, юртбошимизнинг оқилона  сиёсати туфайли тушунмовчилик барҳам топди, кўнгилсизликнинг олди олинди. Улар Нукусда бўлиб, аҳоли  вакиллари  ва фаоллар билан суҳбатлашиб, вазиятга ойдинлик киритди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясини такомиллаштиришга қаратилган жараён бошланганидан буён кўплаб инсонлар турлича фикр-мулоҳазалар билдиришди. Ҳар ким ўз қаричи билан ўлчашга ҳамда баҳо беришга ҳаракат қилди. Аммо ривожланаётган мамлакатимиз бош Қомуси  ўзгариш ва янгиланишларга муҳтож эди. Чунки замон шиддат билан ривожланмоқда. Одамлар ўзгаряпти. Халқаро ҳамжамиятдаги ўрнимизни янада мустаҳкамлаш учун бу жуда зарур. Шу ўрнида моддаларда акс этаётган  турли мезонлар ҳам бугунги кун талабидан келиб чиқиб, белгиланган.    Жараённи фуқароларга тушунтириш, уларга ўзгартиришлар киритиш сабабларини етказиш учун юртимиз бўйлаб, маҳалла ва ташкилотлар кесимида тушунтириш ишлари олиб борилди. Таклифлар йиғилди.  Муносабатлар тингланди.

Конституция – бу халқ маҳсули. Фуқаролар хоҳиш-ихтиёрига биноан жараён ўз амалий ифодасига эга бўлади.  Қардош Халқимизнинг  истаги эса албатта, устувордир.

Лекин, бу ҳолат барчамизни ҳушёрликка чақирди. Чунки ватанимиз,  тинчлиги, фаровонлигига кўз тиккан ғараз ниятли кимсалар пайтдан фойдаланиб,  нифоқ уруғини сочишга ҳаракат қилдилар ва шукурки бунга эриша олмадилар.

Шуни унутмайликки, кўп миллатли юртимизнинг бойлиги унинг ҳамжиҳатлиги. Уни кимлардир ёлғонлар билан барбод қилиши ёки тинчлигимизга рахна солишига йўл қўймаслигимиз керак. Зеро, юртбошимиз айтганларидек, “Янги Ўзбекистонни жонажон халқимиз билан биргаликда қурамиз!

Манзура Салимова

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг

"Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+