“ Тинчлик – бебаҳо неъмат”

27.05.2022 11:05:17

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ана шу мавзуда конференция ўтказди.  Наманган давлат университетида ташкил этилган тадбирда, педагоглар ва талабалар, маҳалла фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашдилар.  Уни “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси Исроилжон Жўраев очди ва олиб борди.  “Янги Ўзбекистоннинг тинчлиги, фаровонлиги ва тараққиёти йўлида бирлашайлик!”  партиявий лойиҳасида олға сурилган масалалар диққат марказида бўлди.

Конференция иштирокчилари “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари Баҳодир Болтабоев,  вилоят ички ишлар бошқармаси терроризм ва экстремизмга қарши кураш бўлими ходими Дониёр Ибрагимов, Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси вилоят бўлими вакили Обидхон Икромов, Наманган давлат университети проректори Наримон Деҳқонов ва бошқаларнинг маърузаларини тингладилар. Улар бугунги кунда бутун инсоният тинчлигига рахна солаётган терроризм, экстремизм, диний қарама-қаршилик, ноқонуний миграция, одам савдоси,  ишсизлик, қашшоқлик сингари глобал муаммолар кучайиб бораётган  даврда навқирон авлод онгида мафкуравий иммунитетни шакллантириш долзарб вазифа эканлигига эътибор қаратдилар.   Дунёнинг турли минтақаларидаги зиддиятлар, беқарорлик ва ихтилофлар давом этаётган бир шароитда биз ёшларимизни, ўз фарзандларимизни турли зарарли таъсирлардан ҳимоя қилишимиз зарурлигини ёддан чиқармаслигимиз керак.

наман2

“Адолат” СДП Уставида белгиланган тамойиллар ҳам юқорида баён этилган фикрларга ҳамоҳанглиги ҳаммамизга аён.  Ўзбекистон мустақиллигини мустаҳкамлаш, демократик жараёнларни жадаллаштириш,  ҳуқуқий-демократик давлат барпо этиш борасида Ватанга садоқат билан хизмат қиладиган инсонларни тарбиялаш, миллатлараро муносабатларни, дўстлик ва ҳамжиҳатликни ривожлантириш, экстремизм, терроризм кўринишларига қарши кураш олиб бориш, динлараро бағрикенгликни, тинчлик ва барқарорликни тарғиб қилиш бўйича партия ташкилотлари, фаоллар изчил ва самарали иш олиб бормоқдалар. Бу йўналишдаги куч-ғайрат ва саъй-ҳаракатларни янада кенг қулоч ёйдириш талаб этилади.

 – Конференцияда ҳозирги ҳаётимизнинг энг долзарб масалалари кўтарилди, - дейди вилоят партия кенгашининг “Ёш адолатчилар” қанот фаоли Акбаржон Мансуров. –  Барчамиз юрт тинчлигини асраш, фаровонлиги ва ободлигини таъминлаш, экстремизм ва терроризм иллатларига қарши курашиш, аҳоли, айниқса, ёшлар орасида ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш ҳамда профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш нақадар муҳимлигини яна бир бор англаб етдик. Бу борадаги   муаммоларни бартараф этиш юзасидан жамоатчилик фикрини  ўрганишга, натижаси бўйича таклифлар ишлаб чиқишга катта аҳамият берилгани тўғри бўлди. 

Тадбир иштирокчилари «Инсон қадри устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлат» деган муҳим ғоя негизида илгари сурилган юрт истиқболини белгиловчи тарихий ҳужжат, яъни Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган устувор вазифалар, шу билан бирга, келгусида ҳар бир фуқаро ҳаётида энг муҳим омилларни белгилаб, юртимизни обод ва фаровон мамлакатга айлантириш йўлида фидокорона меҳнат қиламиз, деб ваъда бердилар.

Конференция якунида университет талабалари ўртасида “Тинчлик – бебаҳо неъмат” мавзусида ташкил этилган расмлар танловининг натижалари кўриб чиқилди. Турли номинациялар бўйича ғолиб деб топилганларга “Адолат” СДП вилоят Кенгашининг Фахрий ёрлиқлари топширилди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ, “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши

матбуот котиби.

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+