Тинчлик, ҳамжиҳатлик ва фаровонлик ифодаси

29.04.2022 14:04:18

Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг бирдан-бир муҳим асоси бу юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикдир. Мана шу улуғ неъматнинг қадрига етиш ва уни янада мустаҳкамлаш юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаронинг инсоний бурчидир.

Шу боисдан ҳам бугунги ислоҳотларнинг давомчилари ва эртанги кунимиз эгалари бўлмиш ёшларни ватанпарварлик, юрт тақдирига дахлдорлик ҳиссида тарбиялаш, ёшларнинг истак ва қобилиятларини ўз вақтида рўёбга чиқариш мақсадида “Адолат” СДП  Низомида белгиланган Ўзбекистон мустақиллигини мустаҳкамлаш борасидаги демократик жараёнларни жадаллаштириш, Ўзбекистонда ҳуқуқий-демократик давлат барпо этиш борасида Ватанга садоқат билан хизмат қиладиган инсонларни тарбиялаш, миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш, дўстлик ва ҳамжиҳатликни ривожлантириш, экстремизм, терроризм кўринишларига қарши кураш олиб бориш, динлараро бағрикенгликни, тинчлик ва барқарорликни тарғиб қилиш мақсадида ҳудудларда “Янги Ўзбекистоннинг тинчлиги, фаровонлиги ва тараққиёти йўлида бирлашайлик” умумий шиори остида конференциялар ҳамда маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институтида  ташкил этилган ана шу мавзудаги маънавий-маърифий тадбирда партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарат масъул ходимлари, вилоят партия Кенгаши аъзолари ва фаоллари, ички ишлар бошқармасининг терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят бўлими вакиллари, кенг жамоатчилик, ёшлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Тадбирда Партия Сиёсий Кенгаши  Марказий аппарати бўлим мудири Райхона Урмонова сўзга чиқиб, тинчлик — бебаҳо неъмат эканлиги, бугун дунёнинг турли минтақаларида юз бераётган нотинчликлар, низо ва қон тўкилишлар ҳар биримиздан доимо огоҳ бўлиб яшашни, осойишта ҳаётимиз учун дахлдорлик ҳиссини оширишни талаб этаётганлиги хусусида гапириб ўтди.. Шу боис тинчликнинг қадрига етиш, асраб-авайлаш, ёшларга бу неъматнинг беқиёс аҳамиятини чуқур тушунтиришга партиямиз томонидан ҳам муҳим эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади.

Рустам Норлиев, Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институтининг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори, фалсафа фанлари номзоди:

Айтиш жоизки, мамлакатимизда ҳуқуқий-демократик давлат барпо этиш борасида Ватанга садоқатли хизмат қиладиган ёшларни тарбиялаш, фарзандларимизнинг бугунги интилиш ва истакларини тўлақонли қўллаб-қувватлаш барча ҳудудий партия ташкилотларида ташкил этилаётган бу каби маънавий-маърифий тадбирларнинг бош мақсади бўлмоқда.Юртдошларимиз ҳаётида рўй бераётган ўзгариш ва янгиланишлар, Халқимизнинг бугунидан рози бўлиб, эртанги кунга қатъий ишонч билан бунёдкорлик ишларини амалга оширишида ҳам она диёримизда ҳукм сураётган тинчлик-барқарорликнинг ўрни беқиёс. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари ҳар бир чиқишида тинчликни қадрлаш, ёшларни турли бузғунчи ғоялар, экстремизм ва терроризм оқимлари таъсирига тушиб қолишдан асраш, билимли, қатъий ҳаётий позицияга эга бўлган ёшларни тарбиялаш зарурлиги ҳақида таъкидламоқда. Тадбирда сўзга чиққан мутахассисларнинг ислом динининг тинчликпарварлик ва инсонпарварликка асосланган асл моҳияти ҳақидаги маърузалари ҳам маънавий-маърифий тадбирга ўзгача мазмун бағишлади. Хусусан, ёшларга тўғри ва холис диний таълимотни етказиш борасида турли жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда фаолият олиб борилаётганлиги ижобий самара бермоқда. Жойларда ташкил этилаётган диний мавзудаги давра суҳбатларида умумийликдан қочиб, ҳар бир ёшдаги фуқаролар билан тенгдош, фикрдош бўлиб суҳбатлар уюштирилмоқда. Диний таълимотга қизиқиши бор ёшларнинг гуруҳлари шакллантирилиб, чуқур диний  -           таълимотга эга мутахассислар томонидан уларга таълим берилмоқда. Бу, албатта, ёшларнинг турли оқимларга оғиб кетишининг олдини олишга хизмат қилади.

Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан маданий-маърифий тадбир доирасида  экстремизм ва терроризм иллатларига ҳамда фуқаролар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга чек қўйиш, ёшларнинг ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш, оилада фарзандларни ҳалоллик, поклик хислатлари ва атроф-муҳитни тоза, озода сақлашга ўргатиш, уларни замонавий билим ва кўникмаларни эгаллашга, ўз ғоя ва ташаббусларига инновацион нуқтаи назар билан ёндашишга йўналтириш, ўргатиш ва рағбатлантириш лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, тадбир давомида институт иқтидорли ёшлари томонидан Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида илгари сурилган тинчликни асраб-авайлаш, ёшларда юрт тақдирига дахлдорлик ҳиссини ошириш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёш олимлар томонидан олиб борилаётган илмий ишланмалар ва инновацион ғояларни амалиётга татбиқ қилиш, талабаларнинг инновацион фаолиятга бўлган қизиқишлари ва интилишларини қўллаб-қувватлаш, олий ўқув юртларининг илм-фан, саноат ва иқтисод билан алоқасини янада мустаҳкамлашга доир устувор вазифаларни амалга оширишга қаратилган мақсад ва вазифалар ҳақида батафсил айтиб ўтилди.

 Тадбир давомида ёшлар ҳам ўз фикр-мулоҳазалари билан фаол иштирок этиб, бу каби тадбирлар навқирон авлодда тинч-фаровон кунларни қадрлаш, мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетини кучайтиришга хизмат қилишини эътироф этдилар. Айниқса, адашиб турли оқимларга кириб қолган ёшлар тўғри йўлга кириши учун қилинган саъй-ҳаракатлар хусусидаги мулоҳазалар ёшларга ибрат вазифасини ўтади.

Куннинг иккинчи ярмида “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарат масъул ходимлари ҳамда вилоят Кенгаши фаоллари Жарқўрғон тумани  5-сонли мусиқа мактабига  ташриф буюришиб, мазкур мусиқа мактабида “Баркамол авлод” ёшлар ижодиёт маркази ўқувчилари томонидан ташкиллаштирилган “Тинчлик — менинг нигоҳимда” расмлар кўргазмасида иштирок этишди. Тадбир қатнашчилари дастлаб жарқўрғонлик ёш ижодкорларнинг “Тинчлик — менинг нигоҳимда” расмлар кўргазмаси билан танишдилар. Ўқувчиларнинг юртимиз тинчлиги ва фаровонлигини кўз қорачиғидек асраш мавзусидаги расмлари иштирокчиларда катта таассурот уйғотди.

Сўнг ушбу мусиқа мактаби ёш ҳаваскорлари ва санъаткорлар иштирокида тинчликни ва тотувликни тараннум этувчи куй-қўшиқлари жамланган концерт дастури ўтказилди.

Гулшод Турсоатова,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+